Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоамиз Таиланддаги U-17 Осиё Кубогида иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганини яхши биласиз. Вакилларимиз чорак финалда Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида таслим қилдилар ва ўз олдига қўйилган минимал вазифани бажаришди. Афсуски, ярим финалда Жанубий Кореяга имконият бой берилди.
Барибир Ўзбекистон U-17 термамизнинг жаҳон чемпионати иштирокчисига айлангани биз учун энг асосийси. Вакилларимиз билан қитъа мусобақасида бўлган ЎФА терма жамоалар бошлиғи Усмон Тошев мазкур муваффақият ҳақида қуйидагиларни айтди:
- Албатта, бу бир кунлик иш эмас. Анчадан бери шунинг устида ишлаяпмиз. Бизда иқтидорли кўплаб футболчилар ва мураббийларимиз бор. Ҳаммасини юзага чиқариб, ишлаш учун имконият тақдим этиляпти ва ЎФА раҳбарияти томонидан катта ишлар амалга ошириляпти. Бу оддий иш эмас. Буни тушуниш ва амалга ошириш катта вақтни талаб қилади. Кўп ишларни қилдик. Барча ЎФА ходимлари билан бирга бажаряпмиз. Эътибор қилган бўлсангиз, барча терма жамоаларимизда тайёргарлик ўзгарди. Европага қараб ҳаракат қиляпмиз.
- Тайёргарликларимизни Европа, Жанубий Америка ёки Осиёнинг кучли жамоаларига қарши ўз кучимизни синаш орқали шуғулланяпмиз. Бу ҳам осон иш эмас. Бир – бир ярим йил ичида катта ишларни бажардик. Ютуқларимиз тўсатдан бўляпти, деб ўйламайман. Барчасига аста-секинлик ва режа асосида эришиб боряпмиз. Бунинг учун кўп меҳнат қилиш керак. Лекин биз тайёрмиз. Бутун ассоциация биргаликда ишлаяпти. Қарасангиз, барча ёшдаги терма жамоаларимиз чакки эмас. Ёш футболчиларимизни тайёрласак, эртага уларни асосий термамизга етказиб бериш мўлжалимиздир. Бу йўлда ўз ўйинларимизда ютишга ҳаракат қиламиз. Бу уларга яхши кайфият беради.
- Бундай ўйинлар хатоларимизни, кучли тарафларимизни кўрсатиб беради. Шунга қараб яна тайёргарликни давом эттирамиз. Сиз тўғри айтдингиз, асосий мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш эди. Йигитлар мураббийлар штаби билан биргаликда уддаладилар. Катта иш бўлди. Раҳбарият қўллаб-қувватламоқда. Ҳамма табриклади. Сиз журналистлар ҳам қайғурдинглар ва қўллаб турдинглар. Биз барчамиз бу ишни қилдик. Энди жаҳон чемпионатига тайёрланамиз. Бундан кейинги ҳар бир машғулот ва ўйинлар мундиал учун тайёргарликка йўналтирилган бўлади".
Усмон Қудратовичдан мусобақа мобайнида футболчиларимизга четдан қандай таклифлар бўлгани хусусида ҳам сўрадик.
"Таклифлар ҳақида ҳеч қанақа маълумот бера олмайман. Чунки ҳали билмайман ҳам. Ҳеч ким билан гаплашишмаган. Барча эътибор ўйинларга қаратилганди. Агар таклиф бўлса ҳам мусобақадан кейин бўлади. Чунки йигитлар ҳали ёш, жамоалари билан шартномалари бор".
Маълумки, орада терма жамоаларимизнинг мундиалларда иштирок этиши борасида бироз узилишлар бўлиб қолганди. Ҳайриятки, орадан маълум вақт ўтгач, яна турли ёшдаги термаларимиз жаҳон чемпионати эшикларини очмоқдалар. Тошев ушбу вазиятга ҳам муносабат билдирди.
"Балки узилиш бўлгандир. Лекин биз яхши қадриятларни тиклаб, янада эътибор қаратяпмиз. Терма жамоага йиғилганларида тайёргарликка, техник-тактикага урғу беряпмиз. Аста-секин клубларга ўтишимиз керак. Улар билан ҳам яхши алоқалардамиз. Ҳар бир мусобақадан кейин терма жамоа мураббийлари нима устида ишлашгани хусусидаги хулосаларини клубларга берсак, келгусида футболчилари термаларга келганида улар нима устида ишлашгани ҳақида бизга ёзиб жўнатишса ва ҳамжиҳатликда, маслаҳатлашиб ишласак янада яхши бўлади.
Терма жамоалар билан клублар биргаликда ишлашса янада зўр бўлади. Ҳали ҳам биргаликда иш олиб боряпмиз. Уларга ҳам катта раҳмат. Футболчилар асосий тайёргарликларини клубларда оладилар. Баъзида шундай бўладики, ФИФА кунларидан ташқарида ҳам ўйинчиларни чақирамиз. Клублар ҳам ўз футболчиларини терма жамоаларга яхши савияда юборяптилар. Шунинг учун уларга ЎФА ва ўз номимдан миннатдорчилик билдираман. Шунинг учун ҳам ишимизда олдинга силжиш бўляпти. Бу бир кишини эмас, ҳаммани меҳнати.
Биласизми, ҳаммада потенциал бор. Албатта, кучимиз етади. Йигитлар ундан олдин Мексика, Марокаш, Чехия, Австралия каби термалар билан ўйнадилар. Йигитларни потенциали ажойиб. Табиатан кучли ва иқтидорли футболчиларимиз бор. Улар билан тарбиявий иш олиб бориш керак. Чунки озгина мақтасак бошқача тушунишлари мумкин. Уларни ўқитамиз, ўргатамиз. Кўпчилиги миллий терма жамоага етиб боришлари керак. Яна айтаман: катта ишни бажардик. ЎФА томонидан жиддий эътибор қаратиляпти. Бунинг маҳсули сезиляпти. Натижани бажардик", - дейди Усмон Тошев.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг