Бекободнинг “Металлург” клуби ғалабали сериясини бошлаб олди. Бу жамоа айниқса, иккинчи даврада анча ўзгарди, албатта ижобий томонга. Натижада рақибларини бирин-кетин мағлуб этиб келмоқда.
Черногориялик бош мураббий Веско Стешевич ўзи хоҳлаётган жамоани қураётгани кўриниб турибди. Бу борада клуб раҳбарияти ҳам мураббийга барча шароит ва имкониятларни яратиб бермоқда. Мана шундай муваффақиятлар ҳақида гап кетар экан, “Металлург” клуби бошлиғи Шавкат Саидов шундай деди:
"Яна эски мавзуга қайтаман. Раҳбар сифатида олдинги натижаларимизни таҳлил қилдим ва ўзимни фикримдан қайтмайман. Бир неча йиллар “Металлург” клуби рахбарияти томонидан шунча мураббийларга имконият берилди. Бундан клуб нимадир олди, нимадир ютқазди. Эсингизда бўлса, олдин сиз билан гаплашганимизда нима учун ҳозирги мураббийга тўхталди, деган саволни бергандингиз. Шундай вақт келгандики, тажрибалироқ мураббийга таяниш, фурсати бўлганди. Стешевич келгач, биргаликда ишни бошладик, назорат қилдик. Бу мураббийнинг ишга ёндашуви ва бундан ташқари, биринчи даврадан кейинги қилинган селекция ишлари, асосийси, ушбу селекция учун комбинат раҳбарияти томонидан ажратилган маблағларни ҳам айтиб ўтишим керак. Ҳимояни мустаҳкамлаш учун Эрондан иккита футболчи, марказга тажрибали Искандар Шойқулов ва Сардор Абдураимовнинг келиши, олдинги чизиққа эса ўзимиз тарбиялаган моҳир ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаевнинг қайтиши бежизга бўлмади. Жамоадаги яхши муҳит, рақобатбардош таркиб бўлгани ҳам жуда муҳим роль ўйнаяпти. Янги мураббийнинг билимидан ташқари педагогик ва психологик жиҳатдан ёндашувлари ҳам бугунги ғалабаларимиз омили бўлиб хизмат қиляпти".
Маълумки, “Металлург” стадиони майдонини янада яхшилаш учун Бекободдаги арена ёпилди ва клуб вақтинча уй стадиони сифатида ОКМКнинг майдонидан фойдаланиб туради.
"Стадионни реконструкция қилиш бўйича режамиз бор эди ва буни ПФЛ раҳбариятига ҳам тақдим қилганмиз. Ҳозирги кунда биринчи босқич бошланди, деса ҳам бўлаверади. 3-4 та компаниялардан таклифлар бор. Келаси йили албатта ўзимизда ўйинларни ўтказамиз", - дея бу борада муносабат билдирди, Саидов.
Юқорида бежизга бош мураббийга тўхталганимиз йўқ. Веско Стешевич эндиликда ўзидан янада яхшироқ таассурот қолдиришни бошлади. Селекциядан сўнг унинг жамоаси анча мустаҳкам ва ўзига бўлган ишонч билан ўйин кўрсатяпти. Клуб раҳбарияти у билан ҳамкорликни янада давом эттирмоқчими? Шавкат Саидов бош мураббий масаласига ҳам тўхталди.
"Бош мураббий Стешевич билан амалдаги шартномамиз мавжуд. Яқинда, ОКМК билан ўйиндан олдин раҳбарият билан биргаликда мураббийлар штаби ва футболчилар иштирокида йиғилиш ўтказдик. Шундан сўнг раҳбарият билан кичик даврада бош мураббий масаласини кўриб чиқдик. Веско бизга ваъда бердики, у келаси йили ҳам жамоамизда ўз ишини давом эттиради. Яқин кунларда барчаси тасқдиланса ОАВ орқали хабар берамиз. У билан яна биргаликда ишлаш ниятимиз бор. Унинг шартномаси шу йил охиригача ва ушбу масала кўтарилди. Раҳбарият мураббий билан мулоқот қилди. Худо ҳоҳласа, келаси йилга бундан ҳам яхши шароитларда ва мақсадлар бўйича ишлаш юзасидан фикрлар бир жойдан чиқди. Бу масалада мураббийлар ҳам бизга ўз таклифларини беради".
Шунингдек, жамоа бошлиғи “Металлург”нинг ғалабалари ва айниқса, Олмалиқда ОКМКни 2:4 ҳисобида мағлуб этган ўйин хусусида ҳам гапирди.
“Қанча ғалаба бўлса, шунча руҳият кўтарилади. Янги қирраларни очишга ҳаракат қиласиз. Бунинг замирида катта меҳнат, мураббийнинг билими, ташкилий ишларнинг яхши йўлга қўйилгани, раҳбарият томонидан қўллаб-қувватловнинг қониқарли даражада бўлаётгани ҳам ўзининг ижобий таъсирини бермоқда. Футболда майда-чуйда хатоларга ҳам ўрин қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз. Ҳа, биз ОКМК майдонида ҳам ютдик. Бу клубни ҳурмат қиламиз. Кучли жамоа йиғилган. Зўр мутахассис Миржалол Қосимов ва яхши ҳомий бошчилигида ажойиб жамоа тузилган. Лекин нафақат бизнинг чемпионатда, балки бошқа чемпионатларда ҳам клублар қайси ўринда бўлишидан қатъий назар дербилар жуда қизиқарли кечади. Шуни ҳисобга олган ҳолда биз ОКМКдан кучли ёки кучсиз дея олмайман. Балки биз – “Металлург” ОКМК учун ноқулай рақибдирмиз”, - дейди Шавкат Саидов.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг