22:11 / 06.10.2023
536

Эрнандес: "Ўзбекистондан бўладиган ҳар қандай таклифни эшитишга тайёрман, мен омадли инсонман"

Эрнандес: "Ўзбекистондан бўладиган ҳар қандай таклифни эшитишга тайёрман, мен омадли инсонман"

“Металлург” клубида бир неча мавсум бош мураббий сифатида ишлаган испаниялик Луисма Эрнандесни яхши биласиз. Ушбу мавсум бошида бекободликлар билан хайрлашган мураббий ҳозирда ўз ватани – Испанияда. Куни кеча Sports.uz журналисти Луисма билан боғланди.

- Жаноб Эрнандес, Ўзбекистондан кетганингиздан сўнг нима билан машғулсиз?

- Мен ушбу вақт давомида айрим шахсий масалаларим ва оилавий муаммоларимни ҳал қилиб олдим, худди Бекобод клубидан кетаётганимда хабар қилинганидек. Айтишим мумкинки, бахтимга ҳаммаси мен ва оилам учун яхши якунланди. Жамоада менга яратиб берилган енгиллик ҳамда қулайлик учун миннатдорчилик билдирган бўлардим. Шунингдек, ушбу вақт давомида келажакдаги ишларим ҳамда лойиҳаларим учун изландим. Ўрганишлар мобайнида Европа, АҚШ бўйлаб бир нечта сафарларга ҳам чиқишга улгурдим.

- “Металлург” клубидаги фаолиятингиз давомида нима ўргандингиз ва жамоага нима бера олдим, деб ўйлайсиз?

- 2021 йил ёзида “Реал” Мадрид фоундейшн академияси билан клуб академияси ҳамкорлигида ташкил қилинганида унинг фаолиятини бошлаб олишида техник директор лавомизда озми-кўпми ёрдамим тегди. Ўйлайманки, бу жуда яхши лойиҳа. Унинг дастлабки босқичидан бир бўлаги бўлганимдан хурсандман. Шу билан бирга Ўзбекистон давлати раҳбарининг ташрифи ҳам бу лойиҳа қай даражада катта эканини кўрсатиб беради. Кейинроқ 2021 йилнинг ўзида “Металлург” клубининг бош мураббийи сифатида ишлашга муваффақ бўлдим. Сўнгги учрашувларда жамоани Суперлигада олиб қолиш вазифасини уддаладик. 2022 йилги мавсумда ҳам яхши компания тузиб, яхши ўйинлар ўтказдик. Мутахассисларнинг ёрдами, футболчилардан Лобанов, Ғофуров, Бекмуродов, Палич, Ўринбоевнинг кўмаклари, қолаверса бир қатор ёшлар – Абдуманнонов, Ибрагимов, Неъматжонов, Шарипов, Абдураззоқов, Темиров, Тошқўзиев, Ғофурбеков ва Сатторов каби бир қатор ёш футболчиларни катта жамоа даражасига чиқаришда яхшигина ёрдам беришди. 2023 йилда улар бир мунча бошқача ғоя билан бошлашди.

- Ҳозирда собиқ жамоангизни қанчалик кузатиб боряпсиз ва қандай ўзгаришларни сезяпсиз?

- Албатта, “Металлург”ни доим кузатиб боряпман ва уларга омад тилайман, энг яхшисини тилаб қоламан. Нафақат Суперлигада, балки академия миқёсида ҳамда клуб билан ҳам боғлиқ ажойиб хотираларим бор.

- Хизматингизга таклифлар бўляптими? Яна мураббийлик фаолиятингизга қайтишни хоҳлайсизми ёки ҳали яна бироз дам олишингиз керакми?

- Айни вақтда барча оилавий ва шахсий масалаларимни ҳал қилишга улгурдим. Энди таклифлар билан ишлашни бошлаймиз Уларни кўриб чиқишда оилам билан маслаҳатлашаман. Оиламдагиларнинг фикрлари мен учун муҳим. Хориждаги таклифларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиляпман. Футбол мутахассиси сифатида ўзимни хориж лигаларида синаб кўрмоқчиман.

- Ўзбекистондан яна қизиқишлар борми? Мамлакатимизда сизга кўпроқ нима ёққанди?

- Ўзбекистон тўғриси, мени позитив жиҳатдан жуда ҳайратлантира олди. Бу шундай давлатки, Осиёда ўз сўзини айтишга ҳаракат қиляпти. Яхши база ва асосга эга бўлиш илинжидалар. Улар ўзларини турли хил халқаро мусобақаларда энг яхшилар қаторида бўлишни жуда яхши кўришади ва буни хоҳлашади. Маданияти ва обидалари, умуман тарихи менга жуда ёққан. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида бўлиб, ушбу давлатнинг маданияти ҳақида жуда яхши маълумотларга эга бўлдим. Кўрганларим менга жуда манзур келган. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, профессионал мутахассис сифатида Ўзбекистондан бўладиган ҳар қандай таклифни бажонидил эшитиб, уларни чин дилдан ўйлаб кўришим аниқ.

- “Металлург” клуби билан ҳамон алоқадамисиз? Кимлар билан гаплашиб турасиз?

- Олдин айтганимдек, бу жамоани кузатиб бораман ва омад тилайман. Мен бу клубда ва Бекобод шаҳрида кўплаб дўстлар орттирдим. Улардан доимо миннатдорман.

- Ўзбекистон чемпионатида кўрган футболчиларингиз орасида сиз учун энг яхшилари кимлар?

- Бу саволга аниқ жавоб беришим жуда қийин. Айтишим мумкинки, мен омадли инсонман. Шу даражада ажойиб мураббийлар штаби ва яхши футболчилар билан биргаликда “Металлург”да ишлай олдим. Олдин ҳам таъкидлаб ўтганимдек, биз ўз жамоамизда ёши катталар ва ёшларни бирлаштира олгандик. Ўзбекистон Суперлигасидаги футболчилар, улар ўзбекми ёки легионерлар бўладими, барчасини яхши савияга эга ўйинчилар деб айтишим мумкин. Улар ҳар бир позицияда ўзига яраша кучга ва салоҳиятга эга. Ўйлашимча, Ўзбекистон Суперлигаси даражасининг ўсишида ҳамда миллий терма жамоанинг ривожланишида озми-кўпми ҳисса қўша олдим. Бундан хурсандман. Барчага раҳмат!

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эрнандес: "Ўзбекистондан бўладиган ҳар қандай таклифни эшитишга тайёрман, мен омадли инсонман"