Суперлиганинг 22-тури 20 октябрдан яна давом эттирилади. Ёдингизда бўлса, 12 октябрь куни “Қизилқум” – ОКМК учрашуви орқали 22-турга старт берилганди. Чунки олмалиқликларни Ўзбекистон Кубоги ва ОЧЛдаги ўйинлари сабабли “Қизилқум”га қарши ўйини 12 октябрга белгилаб қўйилган. Орадан 8 кун ўтгач, турнинг қолган беллашувлари яна давом эттирилади.
Охирги марта 29 август куни “Қизилқум”ни мағлубиятга учратган амалдаги чемпион – “Пахтакор” клуби шундан бери ютолмаяпти. Чемпионат доирасида Жиззахда “Сўғдиёна” билан дуранг ўйнади. Кейин ўз майдонида ОКМК билан 2:2 ҳисобида яна дуранг қайд этди. 21-турда эса “Шерлар” Андижонда ягона гол эвазига мағлуб бўлди. Бундан ташқари, “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасида кетма-кет иккита ўйинда мағлубиятга учради. Сентябрь ойидан бери ғалаба қозона олмаётган Максим Шацких жамоасига танқидлар етарлича, айниқса, бош мураббийга.
Навбатдаги турда “Пахтакор” энди ўз майдонида “Турон”ни қабул қилади. Турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турган жамоа яққол аутсайдерга айланган жамоага қарши майдонга тушади ва буни кузатиш ўзига яраша қизиқ. “Турон”га ҳам ғалаба жуда зарур. Охирги марта 5 август куни ғалаба қозонган бўлиб, ўшанда “Насаф”ни мағлуб этишди. Бироқ шундан сўнг 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, мухлисларини ранжитяпти. Уларни “Нефтчи”га қарши битта захира ўйини ҳам бор.
Ёрқин Назаров бошчилигидаги яйпанликлар 20 та учрашувда 2 ғалаба, 7 дуранг ва 11 мағлубият қайд этган ҳолда 13 очко билан охирги поғонада. Лигани тарк этиш учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Ортда қолаётган ҳар бир тур эса “Турон”ни Суперлигадан узоқлаштириб про лига томон яқинлаштириб боряпти.
Аслида “Пахтакор” билан баҳсда ғалаба “Турон”га ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарур. Лекин бунинг учун яйпанликларни амалдаги чемпионни мағлуб этишга кучи ва салоҳияти етарлими? Устига-устак “Пахтакор”даги вазиятни ҳам биласиз, бир ойдан кўпроқ вақт давомида ғалаба нималигини билмай келмоқда. Шунинг учун Шацких жамоаси ҳам ҳозир ютмаса бўлмайдиган ҳолатда.
“Пахтакор” – “Турон” беллашувининг тарихи яқиндагина бошланди. Жамоалар илк бор 2021 йилда тўқнашишган. Дастлаб Яйпандаги ўйинда 1:1 ҳисоби кузатилган. Иккинчи даврадаги беллашувда эса “Пахтакор”нинг қўли баланд келган – 3:1. Бу йил биринчи даврадаги баҳсда “Шерлар” “Турон” майдонида 0:1 ҳисобида ғалаба қозониб уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйдилар. Тўплар нисбати 5\2 табиийки, “Пахтакор” фойдасига.
Шацкихга жиддий равишда танқидлар бўлаётгани рост. Ахир натижага бош мураббий жавобгар. “Пахтакор”дек клубнинг бир ярим ой давомида ички ва ташқи мусобақаларда ғалаба қозона олмаётгани қандайдир муаммолар борлигини яққол кўрсатиб турибди. Бунинг ечимини эса бош мураббий топиши муҳим. “Пахтакор” чемпионатда бунгача очколарини етарлича жамғариб олгани эвазига ҳамон биринчи ўринда. Лекин энди 2-ўриндаги клуб билан тавфуот анча қисқарди ва ҳозирда 3 очкони ташкил қиляпти.
“Пахтакор”ни шунингдек, 24 октябрь куни ОЧЛ 3-турида Тошкентда Туркманистоннинг “Ахал” клубига қарши муҳим ўйини ҳам бор. “Турон”га қарши баҳс эса ОЧЛ ўйини олдидан репетиция вазифасини ўташи ҳам мумкин. Лекин аниғи шуки, ўша репетицияда ҳам “Шерлар” ғалабага мухтож.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг