13:53 / 21.08.2024
459

Европада Ҳусановни кузатишяпти! Ўзгариш бўладими?

Европада Ҳусановни кузатишяпти! Ўзгариш бўладими?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Ланс” жамоаси Франция чемпионатининг янги мавсумини муваффақиятли бошлади.

Янги бош мураббий Уилл Стилл бошчилигидаги жамоа биринчи турни сафарда – “Анже” майдонида ўтказиб, кичик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди.

20 ёшли марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ўйин охирида майдонга тушиб, жамоасига ғалабани ушлаб қолишда кўмаклашди.

Франция футболини ёритиб бораётган нуфузли манба lavoixdunord.fr портали экспертлари Европа клублари мутасаддилари, мураббийлари, селекционерлари, скаутлари ва агентларини янги мавсумда “Ланс” таркибидаги беш нафар футболчига эътибор қаратишга чақирди.

Улар билан танишамиз.

Уэсли Саид – янги ролда

Уэсли Саид ўтган мавсумда тўпурарлик маҳоратини намойиш қилди. Янги мавсум айнан шу ҳужумчига аталган бўлса нима дейсиз?

“Ланс”нинг асосий форварди Эльи Вахи яқинда “Марсель”га ўтиб кетди. Бу трансфердан кейин Уэсли Саид жамоадаги роли ўзгаришига умид қилмоқда. Ўтган мавсумда 27 та учрашувда еттита тўп киритган Саид бу гал ўз шахсий рекордини (бир мавсумда 9 та гол) янгилашга ҳаракат қилади.

Энди кўпроқ ўйин амалиётига эга бўладиган футболчидан голлари икки хонали сонга ўтишини кутишяпти.

Маланг Сарр – янги имконият

“Ницца” тарбиялаган футболчи 2020 йили “ЧЕлси”га кўчиб ўтган эди. “Арситократлар” жамоасида асосий таркибга кира олмаган марказий ҳимоячи янги имкониятлар қидириб, “Ланс”га келди. Маланг Сарр чапақай ўйинчи ва бундан ўзининг устунлиги сифатида фойдаланади.

Бундан ташқари, 25 ёшли футболчи рақибдан тўпни олиб қўйиш, иккинчи қаватда кураш олиб боришга уста. Сарр “Ланс” ҳимоясини мустаҳкамлаш учун ўз маҳоратини ишга солиши ва берилган имкониятдан фойдаланиб қолиши зарур.

Нил Эл-Айнауи – зўрлигини исботлайди

“Нанси”да тарбия топган марокашлик ярим ҳимоячи ўтган ёзда “Монако”га қўшилиш учун йўлга чиққан эди. Тиззасидаги жароҳат трансферга тўсқинлик қилди. “Ланс” унга имкон берди.

Нил ўтган мавсум 25 та учрашувда қатнашиб, шулардан 17 тасини асосий таркибда ўтказди. Дебют мавсумида фаол ўйин намойиш қилган 23 ёшли футболчининг янги бош мураббий Уилл Стилл қўл остида янги қирралари очилиши кутиляпти.

Жоаннер Чавес – ишончни оқлаши керак

2024 йилнинг январида Бразилиянинг “Баия” жамоасидан ижарага олинган эквадорлик ҳимоячи ниҳоят ёзда “Ланс”га тўлиқ трансфер қилинли. 22 ёшли футболчи ўтган мавсум асосий ғимоячи Дейвер Мачода йўқлигида “Ланс” асосий таркибида 10 та учрашувда иштирок этди.

Бу ҳимоячи қап қанотни тўлиқ ёпа олади. Чавес рақиб йўллаган тўпларни қайтаришга уста, ўзи тўп йўқотган вазиятларда охиригача курашади. Унинг ёш экани янада ўсишга эришиши мумкинликини кўрсатади.

Абдуқодир Ҳусанов – катта салоҳиятга эга

Ўзбекистон терма жамоасининг 20 ёшли ҳимоячиси ўтган мавсумда ўзи учун Франция чемпионатидан ташқари Европа Чемпионлар лигаси ва Европа лигасини ҳам кашф этди. Умуман олганда, орқа чизиқдаги фаолияти бир текис ўтмоқда.

Бақувват марказий ҳимоячи ротация ўйинчиси ролига жиддий киришди ва бу вазифани мукаммал уддалади. Жамоадаги асосий ҳимоячилар жароҳатланганда ёки дисквалификацияга йўллиқанида уларнинг ўрнини билинтиргани йўқ.

Айрим учрашувларда бироз тажриба етишмаганини инобатга олмаганда, дебют мавсумидаёқ мураккаб ҳисобланган Лига 1 мусобақасида 11 та учрашувда иштирок этгани унинг катта салоҳиятга эга эканидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзида Беларусь чемпионати вакили "Энергетик-БГУ" жамоасидан "Ланс"га кўчиб ўтган эди. Айни пайтда ҳамюртимизнинг трансфер суммаси 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европада Ҳусановни кузатишяпти! Ўзгариш бўладими?