15:00 / 15.09.2024
106

Машҳур легионеримиз жиддий жароҳат олди

Машҳур легионеримиз жиддий жароҳат олди
Туркия Суперлигасида иштирок этаётган Ҳусниддин Алиқулов “Ризеспор” жамоаси сафида машҳур клуб “Галатасарой” меҳмони бўлди. Бешинчи турдан ўрин олган ушбу баҳс мезбонларнинг устунлигида ўтди. “Ризеспор” етакчиларидан ҳисобланган Ҳусниддин Алиқулов учун бу ўйин омадсиз якунланди.

Рақиб ҳужумчиси Юнус Акгюн билан курашда оёғидан жиддий жароҳат олган ҳамюртимиз беллашувни давом эттира олмади. Майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлган Алиқулов 38-дақиқада ўз ўрнини Амир Хадзиахметовичга бўшатиб берди.

Ҳамюртимиз ўйиндан чиқиб кетганидан кейин меҳмонларнинг ҳимояси анча бўшашиб қолди ва “Галатасарой” футболчилари ҳисобни 5:0 кўринишига олиб келди.

Алиқуловнинг жароҳати “Ризеспор” учун катта йўқотиш ҳисобланади. Ҳусниддин ҳимоячи бўлишига қарамай, ўз вазифаларини уддалашдан ташқари ҳужумга қўшилиб, иккита гол ҳам уришга муваффақ бўлган эди.

Легионеримизнинг голлари “Башакшеҳир” ва “Адана Демирспор” дарвозаларига киритган тўплари “Ризеспор” эгалик қилиб турган тўрт очкони келтирган.

Энди Алиқулов чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шундан сўнг, жароҳатининг даражаси ва даволаниш муддати аниқ бўлади.

25 ёшли легионеримиз аслида “Машъал” тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини Муборакда бошлаган Алиқулов 2019 йили “Насаф”га кўчиб ўтди.

Қашқадарёнинг етакчи клубида муваффақиятли ўйинлари билан мухлис-у мутахассислар назарига тушди.

Ҳусниддин 2023 йилнинг ёзига келиб, илк бор легионерга айланди. “Ризеспор” мутасаддилари марказий ҳимоячини ўз жамоасига қўшиб олишга қарор қилди. Бу трансфер Қарши клубига 400 минг евро миқдорида маблағ келтирди.

Ҳимоячи бўлишига қарамай, ҳужумларга қўшилишни хуш кўрадиган легионеримиз қисқа фурсатда “Ризеспор”нинг асосий фигураларидан бирига айланди.

Ҳусниддин Алиқулов шу кунга қадар клублар миқёсидаги барча мусобақаларда 147 та учрашувда иштирок этган, ҳимоячи бўлса-да, рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига олтита голли пас узатган.

Қашқадарё футболи тарбияланувчиси 2020 йилнинг сентябрь ойидан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилиб келинмоқда. Халқаро миқёсда ҳозиргача 25 та ўйинда қатнашиб, ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйган.

Бош билан аъло даражада ўйнайдиган ҳимоячимиз терма жамоа сафида Вьетнам, Туркманистон ва Қирғизистон дарвозабонларини ожиз қолдирди.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари номидан Ҳусниддин Алиқуловга тезроқ тузалиб, сафга қайтишини ва ўйинлари билан мухлисларга хурсандчилик улашишини тилаб қоламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Машҳур легионеримиз жиддий жароҳат олди