09:41 / 20.10.2024
22

"UFC 308" турнирида "даҳшат" жанглар бўлади. Барча жангдаги имкониятлар билан танишинг

"UFC 308" турнирида "даҳшат" жанглар бўлади. Барча жангдаги имкониятлар билан танишинг
Барча ММА ихлосмандаларининг диққат маркази Абу-Дабида ўтадиган "UFC 308" турнирига қаратилган. Бу жанг кечаси борасида бир қатор маълумотлар, тахлилий мулоҳазалар билан ўртоқлашган эдик. Бугун биз барча жанглардаги қисқача имкониятлар ҳақида тўхталамиз.

Прелим кард:

Ибо Аслан (Туркия, 13-1)- Рафаэл Серкуера (Бразилия, 11-0)

- Бу жангда икки инокаутчини қарама-қаршилигини кўрамиз. Туркиялик Ибо Аслан UFCда 2-жангини ўтказади. У дебют жангида аввал Brave промоушенида фаолиятидаги ягона мағлуб бўлган жангчиси швециялик Антон Туркални техник нокаутга учратиб, ўзига хос реванш олганди. Қизиқ жиҳати у қолган 13 та жангининг барчасини муддатидан аввал якунлаган ва барчаси ТКО ва КО орқали амалга оширилган. Бразилиялик Серкуера эса бир марта ҳам мағлуб бўлмаган жангчи. У ҳам 11 та ғалабасини 8 тасини КО, ТКО билан якунлаган. У нуфузли промоушенда дебют жангини ўтказади. Бу жангда кимнинг "жағи бақувват" бўлса, ўша ғалабани илиб кетади. Ибо Аслан учун жанг Абу-Дабида ўтаётганлиги қандайдир мотивация бериши мумкин. Ҳар ҳолда унинг мухлислари кўпчиликни ташкил қилади. Имкониятларни 55/45 дея баҳолаган бўлардик. Аслан фойдасига!

Исмоил Наурдиев (Австрия, 23-7) - Бруно Сильва (Бразилия, 23-11)
- Наурдиев UFCда дебют жангини ўтказади. Унинг бу промоушенга қўшилиши қандайдир омадли бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки у сўнги уч жангида 2 маротаба мағлуб бўлганди. У ҳам ғалабаларининг 12 тасини ТКО, КО эвазига қўлга киритган бўлса, 6 тасини "сабмишн" эвазига қўлга киритган. Бруно эса сўнги 6 та жангининг 5 тасида мағлуб бўлди. У умумий UFCда 9 та жанг ўтказган. Кетма-кет сўнгги учта тўқнашувда омадсизликка учради ва катта эҳтимол билан бу жангдаги мағлубият туфайли у UFCдан четлатилса керак. Бир-бирига мос рақиблар. Наурдиевнинг нисбатан кураши кучли эканлигини инобатга олсак, бу жангда у очколарга кўра ғалаба қозонса керак. Имкониятлар 55/45 Наурдиев!

Фарид Башарат (Афғонистон 12-0-1 NC)) - Виктор Хьюго Сильва (Бразилия, 25-4)
- Бу жангда "сабмишн"лар усталарининг қарама-қаршилигини кўрамиз. Башарат 12 та ғалабасининг 6 тасини оғриқли ва бўғиш услублари эвазига, битта нокаут ва 5 маротаба очколар билан зафар қучган. Виктор Силва эса 25 та ғалабасининг 10 тасини "сабмишн" билан 7 та нокаут ва қолгани очколар ҳисобига қўлга киритилган. Бразилиялик жангчи UFCда 2-жангини ўтказади. Бу баҳсда нисбатан Башаратнинг устунлик жиҳатлари кўп. У деярли ўз уйида жанг қилади. Шунингдек, унинг "стойка"си рақибига нисбатан яхшироқ. Қолаверса, кардио борасида ҳам қисман устунлик бор. Бу жангда айнан кардиосининг яхшилиги эвазига Башарат ғолиб чиқиши мумкин. Имкониятлар 60/40 Башарат!

Кеннеди Нзечукву (АҚШ, 12-5) - Крис Барнетт (АҚШ, 23-8)
- Бу жангда ҳам мушти қаттиқларнинг қарама-қаршилигини кўрамиз. Нзечукву 12 та ғалабасини 8 тасини нокаут, техник нокаут эвазига қўлга киритган бўлса, Барнет 23 та ғалабасини 18 тасини шундай тарзда якунлаган. Нзечуквуда нисбатан мотивация кучлироқ. Чунки у сўнги 2 та жангида мағлуб бўлган ва бу сафарги муваффақиятсизлик уни промоушендан узоқлаштиради. Қолаверса у рақибидан 6 ёш кичик. Яъни, Нзечукву 32 ёшда Барнет эса 38 ёшни қарши олган. Хуллас, бу сафар Нзечукву борини беради ва промоушенда ўз ўрнини сақлаб қолишга харакат қилади. Имкониятлар 55/45 Нзечукву!

Абусупиян Магомедов (Россия, 26-6-1) - Бруно Феррейра (Бразилия, 12-1)
- Қизиқарли жанг бўлади. "Стойка"да бизга таниш бўлган Феррейра бироз устунроқ. Унинг биргина мағлубияти биласиз ҳамюртимиз Нурсултон Рўзибоевдан қабул қилиб олинган. 12 та ғалабасини 9 тасини нокаут билан якунлаган. Хақиқий "панчер"!. Бироқ, Магомедовнинг устун жиҳати унинг кураши Феррейраникидан анча яхшилигидир. Агар, Феррейра 1-раундда босим билан бирор бир натижага эриша олмаса, қолган раундларда унга қийин бўлади. Назаримда бу жангда Магомедов ғалаба қозонади. Имкониятлар 60/40!

Саид Нурмагомедов (Россия, 18-3) -Даниэль Густаво Сантос (Бразилия, 12-2)
- Бу жангда Нурмагомедовнинг имконияти юқори баҳоланяпти. Тўғри, у UFCда жанг ўтказиш борасида рақибидан анчагина устун. У 9 маротаба бу промоушенда октагонга кўтарилган. Сантос эса 4-жангини ўтказмоқда. Бироқ, Сантос анчагина матонатли ва чидамли жангчилар сарасига киради. Кардиоси ҳам анчагина яхши. Нурмагомедовда эса шу муаммо. Эътибор берган бўлсангиз, фаолиятидаги 3 мағлубиятни барчаси очколар ҳисобида учралган ва 3 раунд давом этган. Айнан у чарчоқ туфайли, имкониятни бой берган. Нурмагомедов учун осон жанг бўлмайди. Аммо барибир нисбатан устунлик Нурмагомедов тарафида деб ўйлайман. Имкониятлар 60/40!

Матеуш Ребецки (Польша, 19-2)- Миктибек Оралбай (Қирғизистон, 13-1-1)
- Бу жангнинг бўлмаслик эҳтимоли бор дейилмоқда. Тез орада бунга ойдинлик киритилади. Агар, бу жанг бўлса, қирғизистонлик жангчининг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. Унинг кураши Ребецкиникидан анча кучли ва жанг асосан "партер"да кечиши шубҳасиз. Ўйлашимча Оралбай "партер"даги назорат эвазига ғалабани қўлга киритади. Имкониятлар 60/40!

Жефф Нил (АҚШ, 15-6) - Рафаэл Дос Аньос ( Бразилия, 32-16)
- Дос Аньос универсал жангчи. Муайтай, жиу-житсу уйғунлашган стилда жанг қилади. Кураш борасида ҳам мақтана олади. Жефф Нил эса "стойка"да исталган рақибга бош оғриқ бўлади. У Шавкат Раҳмоновга ҳам жиддий қаршилик кўрсата олганди. "Тэйк-даун"лардан ҳам ҳимояси яхши. Дос Аньосга ҳалақит берувчи асосий омил унинг ёши десак янглишмаган бўламиз. Чунки у деярли 40 ёшда. Агар жисмоний ҳолати панд бермаса, Дос Аньосда ғалаба қозониш учун имконият бор. Тўғри, Жефф Нилни имконияти юқори баҳоланяпти. Лекин бу жангда РДА "сабмишн" билан ғалабани илиб кетса керак. Имкониятлар 55/45 Дос Аньос.

Асосий кард:

Лерон Мёрфи (Англия, 14-0-1) - Дэн Иге (АҚШ, 18-8)

- Ҳа, бу жангда Мёрфининг имконияти юқори баҳоланиши тайин. Чунки у ҳали мағлубият нималигини билгани йўқ. Биргина дуранг Зубайра Тухугов билан жангда содир бўлган. Бироқ, бу сафар Мёрфига осон бўлмайди. Дэн Игени ҳозирда UFC юлдузига айланаётган Диего Лопесга қарши қисқа муддатда чиқиб, қандай жанг ўтказганини барча гувоҳига айланди. Сал қолса, у Лопесни эпопеясига якун ясаб қўярди. Шунинг учун тўлиқ лагерни ўтаган Иге жуда хавфли кўриниш олади. Аммо, Мёрфининг октагонни ҳис қилиши, IQси зўр шаклланган. Назаримда "чақилмас ёнғоқ" Игега қарши у ақлли юриш қила олади. Имкониятлар 60/40 Мёрфи!

Роберт Уиттакер (Австралия, 26-7) - Хамзат Чимаев (Швеция, 13-0)
- Менимча бу жангга қизиқиш марказий жангдан кам бўлмаса керак. Роберт Уиттакер ҳурматга сазовор жангчи. У собиқ чемпион ва ёрқин жанг кўрсатиши, камтаринлиги билан ҳам мухлислар меҳрини қозонган. Қолаверса, мукаммал жангчилар сарасига киради. "Тэйк-даун"лардан ҳам ҳимояси зўр. Бироқ, Камару Усман каби кураш усталари ҳам Ҳамзатнинг курашига дош бера олмаган бир вақтда Уиттакер бундан муносиб ҳимоялана олармикан? Тўғри, Усман кичик вазн тоифасида ва заҳирадан жангга қўшилган. Бироқ, унинг кучли жиҳати барибир кураш эдида... Менимча Ҳамзат Уиттакер билан "стойка"да жанг олиб борадиган даражада ақлсиз эмас. У билади, Роби қандай кучга эга эканлигини. Икрам Алиаскеров билан бўлган жанг ҳам Чимаев учун сабоқ бўлган. Шунинг учун у дастлабки 2 раундда жанг масаласини ҳал қилишга ҳаракат қилади. Агар бу раундлардан ўтиб олса, Робида имконият ошиб кетади. Чунки Чимаевнинг кардиосида муаммолар борлиги ҳақиқат. Аммо, мен бу жангда Чимаевнинг муддатидан аввал "сабмишн" орқали ғалабасини кутяпман. Имкониятлар 65/35 Чимаев!

Илия Топурия (Испания, 15-0) - Макс Холлоуэй (АҚШ, 26-7)
- Ҳақиқий "сола-сол" бўлади. Супер жангчилар қарама-қаршилигини кўрамиз. Амалдаги чемпион Топурия ҳали мағлубият нималигини билмай келаяпти. Ҳар иккиси "стойка"да беназир. Аксарият мутахассислар ва мухлислар Топуриянинг ғалабасини башорат қилишмоқда. Бироқ мен аксинча фикрдаман. Агар, Топурия дастлабки раундларда нимагадир эриша олмаса, Холлоуэй қолган раундларни ўз ҳисобига ёздириб қўяди, деган фикрдаман. Биласизми, Холлоуэй ҳали бирор марта нокдаун ёки нокаутга учрамаган жангчи. Анчагина "жағи бақувват"... Назаримда Топурия курашнии ишга солмаса, "стойка"да унга қийин. Чунки Волкановски каби Холлоуэй Топурияга яқин масофани бермайди. Бўйдаги ва қулочдаги устунлик эвазига масофадан очколарни териб ташлайди. Қолаверса, Макс кардиоси билан ҳам мақтана олади. Хуллас, жанг 5 раунд давом этса, ғалаба Макс тарафида бўлади. Назаримда бу жанг тўлиқ давом этади ва Макс Холлоуэй ғалабани қўлга киритади. У ҳам билиб турибдики, бундан сўнг унда чемпионлик жангида иштирок этиш имконияти пасайиб кетади. Шунинг учун у жангда борини беради. Имкониятлар 55/45 Холлоуэй.

Албатта буларнинг барчаси нисбий ҳамда шахсий фикр ва мулоҳазалар холос. Аслида, нима бўлишини 26 октябрь куни билиб оламиз!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "UFC 308" турнирида "даҳшат" жанглар бўлади. Барча жангдаги имкониятлар билан танишинг