
Саудия Арабистонида якунланган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати футбол оламида ҳамон муҳокама қилиняпти. Бу тарихий турнирда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси кўрсатган жасорат, мардлик ва курашчанлик жаҳон футбол жамоатчилигининг диққатини тортиб, Ўзбекистон футболи учун ғурурли тарихий саҳифани очди.
Мусобақанинг бошланғич босқичида ёш мураббий Ислом Исмоилов шогирдлари рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва максимал натижаларга эришди. Улар гуруҳда Таиландни 4:1, Хитойни 2:1, мусобақа мезбони бўлган Саудия Арабистонини эса 3:0 ҳисобида таслим этиб, плей-оффга йўлланма олишди.
Плей-офф босқичида ҳам футболчиларимиз тўхтаб қолишмади: аввал БАА ёшлари 3:1 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, ярим финалда КХДР терма жамоасига қарши баҳсда ишончли 3:0 ғалаба қозонилди.
Финалда мезбон жамоа билан яна бир марта тўқнаш келдик. Аммо бу гал вазият умуман ўзгача эди – саудияликлар ўз уйида, мухлислари кўз ўнгида ғалаба қозонишга интилаётган эди. Учрашувнинг биринчи бўлими Ўзбекистон жамоаси учун кутилмаган оғирликларни олиб келди: Нурбек Сарсенбаев ва Миразиз Абдукаримов қизил карточкалар билан майдонни тарк этди.
Икки футболчига кам бўлиб қолган Ўзбекистон ёшлари иккинчи бўлимда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. 51-дақиқада Муҳаммад Ҳакимов пенальти зарбасини аниқлик ва совуққонлик билан амалга оширган бўлса, 70-дақиқада Садриддин Ҳасанов ўзининг индивидуал маҳорати ва тезлиги орқали рақибларни ортда қолдириб, ажойиб гол уриб ғалабани таъминлади. Шу тариқа 9 футболчи билан қолган терма жамоамиз Саудия Арабистонини иккинчи марта 2:0 ҳисобида енгиб, Осиё чемпиони бўлди.
Бу чемпионлик нафақат ўзбек мухлислари, балки хорижий мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортди. Айниқса, Қозоғистон терма жамоаси матбуот хизмати раҳбари Ермуҳаммад Мауленнинг Ўзбекистон футболи ҳақида билдирган фикрлари алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
«Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди ва буни алоҳида таъкидлашимиз керак. Улар финалда кучли рақиб Саудия Арабистонини мағлуб этди. Эртага ана шу футболчилар яна ўсади, сизлар уларни катта пулларга трансфер қиласиз ва улар юқори маош эвазига ўйнай бошлайди. Бизда бу ёш футболчилар «Астана» ёки «Ордабаси» клубларида ҳам тўп суриши мумкин.
Биз Ўзбекистон футболининг қандай тезлик билан ривожланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Қозоқ халқида «Касалини яширган – ўлади!» деган нақл бор. Биз айнан шу касални яширмаслигимиз керак. Самат Смаков бу ҳақда очиқ айтди, демак бошқа мураббийлар ҳам бу ҳақиқатни яширмаслиги керак», – деди Маулен.
Такидлаш керакки, чемпионликдан ташқари терма жамоамизнинг айрим ўйинчилари индивидуал совринларга ҳам эга чиқди. Хусусан, Асилбек Алиев 5 гол билан мусобақанинг «Энг яхши тўпурари» бўлган бўлса, Неъматуллоҳ Рустамжонов «Энг яхши дарвозабон», Садриддин Ҳасанов эса турнирнинг «Энг яхши ўйинчи» деб топилди.
Энди Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ноябрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига Осиё чемпиони сифатида йўл олади. Умид қиламизки, ёш футболчиларимиз бу мусобақада ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилади ва яна бир бор ўзбек халқини хурсанд этади.
Бу ёш қаҳрамонларга келгусида ҳам муваффақият ва зафарлар тилаймиз! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар