
Ҳафта ўртасида Испания чемпионатида рўй берган асосий воқеа, ўйиндаги гол ва турнир жадвалидаги вазият ҳақида ушбу мақола орқали билишингиз мумкин.
Ла Лига. 33-тур
«Барселона» — «Малйорка» 1:0
Гол: Олмо (46).
«Барселона» — Шесни, Гарсия, Араухо, Мартинес, Форт (Мартин, 77), Гави, Педри, Ямал (де Йонг, 87), Олмо (Лопес, 62), Фати (Рафиня, 62), Торрес (Виктор, 77).
«Малйорка» — Роман, Морей, Валлент, Раилло, Копете, Мохика (Лато, 81), Хосабед (Валери, 81), Маскарел (Салас, 86), Кошта (Доменек, 66), Дардер, Ларин (Пратс, 86).
Огоҳлантириш: Кошта (25).
Олдинги ҳафталарда тиғиз тақвим туфайли «Реал» ўйинларни бойкот қилиш билан таҳдид қилганди. Энди эса каталонияликлар клуби раҳбарияти ҳам жаҳл отига минди ва одатда дипломатик йўл тутадиган Ҳанси Флик ҳам Испания чемпионати тақвимини тузувчиларга заҳарини сочди. Мураббийни тушуниш мумкин, чунки жамоа жароҳатлар туфайли Балде ортидан Левандовскини ҳам йўқотди. Энди полшалик ҳужумчи шанба куни «Реал»га қарши Испания кубоги финалини ҳам, Чемпионлар лигасида «Интер»га қарши икки яримфинални ҳам ўтказиб юборади.
Сешанба оқшомида эса — кучсиз мавсум ўтказаётган ва Каталония пойтахтида 17 йилдан буён ғалаба қозонмаган «Малйорка»га қарши ўйинда — кўк-анорранглилар таркибда ротация қилди. Бошланғич таркибда мудофаа позицияси марказида Эрик Гарсияга ҳам, Форт ва ҳатто Ансу Фатига ҳам жой топилди. Ушбу трио жорий йил бошидан буён жами ўттиз дақиқадан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлганди. Фатини эса стартда ўтган йил 20 октябридан буён кўришмаганди. Унинг биринчи бўлимдаги хато зарбаларини ҳам ундаги ўйин амалиёти йўқлиги изоҳлайди. Чап қанот вингери позициясида тушган футболчи айниқса танаффус арафасида ўта қулай имкониятни қўлдан бой берди.
Каталонияликларнинг бошқа футболчилари ҳам имкониятдан фойдалана олмади, жамоа биринчи бўлимнинг ўзида 24 зарба йўллаб (5 таси дарвоза соҳасига тўғри борган), таблодаги нолларни ўзгартира олмади. Ла лигадаги ўйинларни 2003 йилдан буён кузатиб келаётган Opta статистики компанияси шу вақтгача биринчи бўлимда шунча зарбадан кейин ҳам ҳисоб очилмаганини қайд этмаганди. Аммо иккинчи бўлим бошланиши биланоқ жарима майдонида қулай позицияда пайдо бўлган Дани Олмо тўпни ерлатиб ҳимоячилар орасидан ўтказди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди. Олмо — «Барса»нинг жорий мавсумда голлари сонини ўндан оширган Рафиня, Левандовски, Ямал ва Ферран Торресдан кейинги бешинчи футболчисига айланди.
Вазият «Малйорка»ни 5-4-1 схемаси бўйича чуқур ҳимояланишни тўхтатиб, очилишга мажбур қилди. Меҳмонларнинг бир неча ҳужумлари «Барса»да иккинчи қаватда муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Аррасате шогирдлари кўк-анорранглилар жарима майдонида ҳаводаги тўп учун курашларда устун келишди, лекин мезбонлар учун ҳеч қандай қўрқинчли нарса рўй бермади. Ямал ўйин масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо у ҳам яккама-якка вазиятдан фойдалан олмади. У ёки ўзига ортиқча баҳо бериб юборди, ёки Романнинг имкониятларини тўғри баҳолай олмади – айёрона финти билан дарвозабонни алдаб ўта олмади.
Иккинчи бўлимда ҳам «Барса» зарбалар бўйича катта устунликка эришди – 16:4 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 8:0), xG бўйича 0,25 га қарши 1,47. Каталонияликлар ўйин охиригача мухлисларини асабий ҳолатда ўтиришга мажбур қилган бўлса-да, ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва «Реал»нинг бугунги ўйини якунигача орадаги фарқни етти очкога етказди. Ҳанси Флик шогирдлари сўнгги уч йилликдаги энг яхши сериясини қайд этмоқда ва ўн тўрт турдан буён ютқазмаяпти (+12=2). Титул янада яқин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар