
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтларда асосий таркибда кўп кўринмаётган бўлса-да, унинг номи халқаро матбуот саҳифаларидан тушмаяпти.
Айрим хабарларга кўра, "Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола 21 ёшли ўзбек футболчисини жамоадан қўйиб юборишга қарор қилган. Шу боис, клуб раҳбарияти Абдуқодирни ижарага ёки тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унга қизиқиш билдираётган клублар орасида “Ювентус”, “Барселона” ва “Тоттенхэм” каби машҳур жамоалар бор.
Бироқ, бу вазиятлар фонида мухлисларни хурсанд қиладиган янгилик ҳам пайдо бўлди. Трансферларга ихтисослашган машҳур transfermarkt.co.uk портали 21 ёшгача бўлган истеъдодли ҳимоячиларнинг жорий мавсумда трансфер суммаси энг кўп ошган ўйинчилар рейтингини эълон қилди.
Эътиборлиси, ушбу рейтингда Абдуқодир Ҳусанов иккинчи поғонани эгаллади. Ҳамюртимиз фақат "Барселона"нинг истеъдодли футболчиси Пау Кубарсидан ортда қолди. Кубарсининг трансфер нархи мавсум давомида 40 миллион еврога ошиб, айни пайтда 70 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов бу мавсумни Франциянинг "Ланс" клубида бошлаган ва январь ойида "Манчестер Сити"га кўчиб ўтган эди. Шундан буён унинг трансфер қиймати 32,5 миллион еврога ўсиб, айни дамда 35 миллион еврога етган.
Бундан ташқари, “Борнмут” клубидан Дин Хёйсен ҳам трансфер суммаси кескин ошган ҳимоячилар қаторида эътироф этилди. Унинг трансфер нархи 32 миллион еврога ошган бўлса-да, Абдуқодир Ҳусанов ва Пау Кубарсидан кейин учинчи ўринда қолди.
21 ёшгача бўлган ёш ва қимматбаҳо ҳимоячиларнинг "топ-10" рейтинги:
1. Пау Кубарси ("Барселона") – 70 млн евро (+40 млн);
2. Абдуқодир Ҳусанов ("Манчестер Сити") – 35 млн евро (+32,5 млн);
3. Дин Хёйсен ("Борнмут") – 42 млн евро (+32 млн);
4. Витор Рейс ("Манчестер Сити") – 30 млн евро (+30 млн);
5. Майлз Луис-Скелли ("Арсенал") – 28 млн евро (+26 млн);
6. Пьетро Комуццо ("Фиорентина") – 25 млн евро (+24,3 млн);
7. Алехандро Бальде ("Барселона") – 60 млн евро (+20 млн);
8. Арчи Грэй ("Тоттенхэм") – 35 млн евро (+17 млн);
9. Ренату Вейга ("Ювентус") – 18 млн евро (+15 млн);
10. Милош Керкез ("Борнмут") – 35 млн евро (+15 млн).
Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Сити" Абдуқодир Ҳусановни "Ланс" клубидан 40 миллион евро эвазига трансфер қилган эди. Ўзбекистонлик футболчи "Манчестер Сити" билан 2029 йил 30 июнигача шартнома имзолаган. Абдуқодир Ҳусанов жамоа таркибида жорий мавсумда жами 9 та ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар