
Жорий мавсумнинг биринчи қисмида чуқур инқирозга юз тутган «Рома» клубини мураббий Клаудио Раньери яна бир бор қутқариб қолди. Қадрдон жамоаси учун фаолиятини қайта тиклаган 73 ёшли италиялик мутахассис қисқа муддат ичида «бўрилар»ни Европа майдонларида ўтадиган мусобақаларга йўлланма учун кураша оладиган даражага олиб чиқди.
Ҳеч қандай йирик трансферларсиз ва жаҳон юлдузларисиз ҳам кучли жамоа шакллантириш мумкинлигини намойиш қилган Раньери, шу билан олдинги мураббийлар Жозе Моуриньо, Даниэле Де Росси ва Иван Юричларнинг натижаларини сезиларли даражада яхшилади.
Шу билан бирга, мавсум якуни қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, Раньери бош мураббийлик лавозимини топширади. У клуб раҳбариятига маслаҳатчи сифатида ўз фаолиятини давом эттиради. Айни пайтда эса «Рома» мутасаддилари янги бош мураббий масаласини кўриб чиқишяпти ва бунинг учун муносиб номзод қидирилмоқда.
Бироқ ким бош мураббий бўлишидан қатъи назар, клуб раҳбарияти янги мураббий учун қолиши кафолатланган футболчилар рўйхатини тузиб қўйди. Corriere dello Sport нашрининг ёзишича, «Рома» раҳбарияти томонидан дарвозабон Миле Свилар, ҳимоячилардан Анжелиньо, Эван Ндика, Жанлука Манчини, ярим ҳимоячилар Леандро Паредес ва Стефан Эл-Шаарави, шунингдек, ҳужумчи Пауло Дибала ва Матиас Суленинг клубда қолиши кафолатланган.
Бироқ «Рома» ишқибозлари ва футбол экспертларини ҳайратга солган ҳолат ҳам мавжуд. Клуб сардори Лоренцо Пеллегрини, катта пул эвазига трансфер қилинган тўпурар Артём Довбик ва кейинги пайтда жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бирига айланган ўзбек легионери Элдор Шомуродов бу рўйхатда жой олмаган.
Шу билан бирга клуб мутасаддилари Артём Довбик ва Элдор Шомуродов жуда яхши таклифлар келиб тушгандагина бошқа жамоаларга трансфер қилиниши мумкинлигини маълум қилган.
Жорий мавсум Элдор Шомуродов учун Италиядаги энг муваффақиятли мавсумлардан бири бўлмоқда. 2021 йилдан бери «Рома» шарафини ҳимоя қилиб келаётган ўзбекистонлик ҳужумчи, А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси доирасида жами 33 учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 4 бор шерикларига голли пас берди. Агар у қолган учрашувларда яна битта гол урса, Италиядаги фаолиятидаги шахсий рекордини такрорлайди.
Эслатиб ўтиш керакки, Элдор 2020-2021 йилги дебют мавсумида «Женоа» сафида 8 та гол урган эди ва шу натижа унинг ҳозирча энг яхши кўрсаткичи ҳисобланади.
Жорий мавсум давомида Шомуродов икки марта бошқа клубларга трансфер бўлишга яқин келди. Ёзги трансфер ойнаси ёпилишидан аввал АҚШнинг «Атланта Юнайтед» клуби уни трансфер қилишга улгурмай қолди. Январь ойида эса «Венеция» жамоаси Элдорни ўз таркибига қўшиб олиш арафасида турганида, Раньери унинг Римда қолишини истади. Бу қарорнинг тўғри экани ҳам ўз тасдиғини топди — Элдор чемпионатнинг ҳал қилувчи пайтида «Рома»га жуда катта фойда келтирмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчисининг сўнгги пайтлардаги ёрқин ўйини ва натижалардаги ўсиши сабабли «Рома» раҳбарияти Элдор Шомуродов билан шартномани узайтиришга қарор қилди. Яқинда имзоланган янги келишувга кўра, ўзбек легионери 2027 йилнинг 30 июнигача римликлар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар