date
views 126

UFCда тарихий тўқнашув: Рамазон Темиров қозоғистонлик рақиби билан куч синашади

UFCда тарихий тўқнашув: Рамазон Темиров қозоғистонлик рақиби билан куч синашади
Ўзбекистонлик машҳур UFC жангчиси Рамазон Темиров навбатдаги муҳим баҳси ҳақида маълум қилди. Бу ҳақида спортчи Instagram саҳифасида эълон бериб, мухлисларини хурсанд қилди.

Темировнинг келгуси рақиби қозоғистонлик машҳур файтер Асу Алмабаев бўлади. Ушбу тўқнашув UFC тарихида Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари ўртасидаги илк жанг сифатида тарихга кириши кутилмоқда. Мазкур қизиқарли беллашув 26 июль куни БААнинг Абу-Даби шаҳрида UFC on ABC 9 турнири доирасида ташкил этилади.

Ҳамюртимиз Рамазон Темиров шу пайтга қадар профессионал MMA карьерасида 22 маротаба октагонга чиқиб, 19 марта ғалаба қозонган, 3 марта эса рақибларига мағлуб бўлган. Айни вақтда UFC’да фаолиятини давом эттираётган Темиров бу ташкилотда икки марта жанг қилиб, ҳар икки баҳсда ҳам зафар қучган. Эътиборлиси, Темиров учун Алмабаевга қарши бўладиган учрашув UFC промоушенидаги учинчи жанги ҳисобланади.

Темиров UFC’даги илк жангини 2024 йил октябрь ойида ўтказиб, мухлисларнинг олқишлари билан кутиб олинганди. Кейинги баҳс эса жорий йилнинг 2 март санасида бўлиб ўтган.

Қайд этиш лозимки, Темиров бунгача қозоғистонлик рақиблар билан уч маротаба юзлашган. 2019 йилда Талғат Жумагалиевга имкониятни бой берган бўлса, 2021 йилда у билан реванш жанги ўтказиб, ғалабани қўлга киритган. Ўша йили яна бир қозоғистонлик файтер Сатбек Есенгелдинни ҳам мағлуб этган.

Қозоғистонлик Асу Алмабаев эса профессионал карьерасида 21 ғалаба ва 3 мағлубиятга эга. UFC’да 5 маротаба октагонга чиқиб, 4 ғалаба ва битта мағлубиятни ўз ҳисобида қайд этган. Алмабаев сўнгги жангини UFC рейтингининг юқори поғонасидаги Манел Капега қарши ўтказиб, унга имкониятни бой берган эди.

Айни дамда UFC рейтингида Алмабаев саккизинчи поғонада турган бўлса, ҳамюртимиз Темиров ўн учинчи ўринда бормоқда. Бу учрашув ҳар икки спортчи учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, ғолиб бўлган файтер рейтингда юқори поғоналарга кўтарилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари ўртасидаги ушбу тарихий баҳс UFC мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутилаётгани аниқ. Рамазон Темировнинг мухлислари ҳам унинг ғалабасига ишонч билдириб, кучли қўллаб-қувватламоқда.

Zamin.uz таҳририяти Темировга мазкур тарихий баҳсда ғалаба ва янги ютуқлар тилаб қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » UFCда тарихий тўқнашув: Рамазон Темиров қозоғистонлик рақиби билан куч синашади