date
views 49

Сергей Чигодаев: Болаларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрладик

Сергей Чигодаев: Болаларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрладик
Тошкент шаҳри яна бир муҳим халқаро футбол мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Жорий ҳафта пойтахтимизда CAFA U-17 турнири старт олади ва бу мусобақа мамлакатимиз футбол ҳаётидаги яна бир муҳим воқелик сифатида тарихга кириши аниқ. Мусобақа олдидан анъанавий матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Сергей Чигодаев иштирок этиб, жамоанинг тайёргарлик жараёнлари, мақсадлари ва умидлари ҳақида фикр билдирди.

Мутахассис ўз сўзида, CAFA турнирини жамоа учун жуда фойдали тайёргарлик майдони деб ҳисоблашини таъкидлади. “Мусобақада иштирок этаётган жамоаларни Тошкентда кўриш — қувонарли ҳолат. Бу турнир Осиё Кубогига тайёргарликнинг муҳим босқичидир. Нафақат биз, балки бошқа терма жамоалар учун ҳам тажриба алмашиш, куч синаш ва ўйин услубини синаб кўриш имконияти бўлади,” — деди Чигодаев.

Футболчиларнинг ҳолати — диққат марказида

Мураббийга кўра, бу ёшдаги футболчиларнинг спорт формаси доим бир хил бўлмайди. Улар турли даражада жисмоний ва руҳий ҳолатда бўлишади. Аммо бу борада мураббийлар штаби тайёргарлик жараёнида барча омилларни ҳисобга олган. “Бизда бошқа жамоаларга нисбатан кўпроқ тайёргарликка вақт бўлди. Бу имкониятдан оқилона фойдаландик. Жисмоний тайёргарлик, руҳий тайёргарлик ва тактик ёндашувни яхлит тарзда олиб бордик. Болалардаги руҳий барқарорлик бу ёшда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, ва биз буни ҳам етарли даражада ишлаб чиқдик,” — дея таъкидлади мутахассис.

Қисқа вақтда 3 ўйин — муаммо эмас

CAFA U-17 мусобақаси тақвими бир ҳафтада 3 та ўйинни ўз ичига олади. Бу ҳолат кўпчиликда футболчиларнинг жисмоний чидамлилиги борасида саволлар туғдириши мумкин. Лекин мураббийга кўра, жамоа тикланиш жараёнида ҳеч қандай муаммога дуч келмайди. “Биринчи ўйиндан сўнг бизда 3 кун тайёргарликка вақт бўлади. Бу етарли муддат. Базамизда барча шароитлар мавжуд — тикланиш учун зарур воситалар, тиббий ёрдам, мутахассислар. Бунинг учун қайғурмасак ҳам бўлади,” — дейди у.

Ҳар бир футболчи ўз имкониятини олади

Сергей Чигодаев турнирдаги ротациялар ҳақида ҳам фикр билдирди. Мураббийнинг таъкидлашича, қайдномага киритилган 20 нафар футболчининг ҳар бирига имконият берилади. “Бу турдаги мусобақалар орқали ёш футболчиларда халқаро майдонда ҳаракат қилиш тажрибаси шаклланади. Улар ўйин ритми, рақиблар басими ва мухлислар босимида ўзини қандай тутишни ўрганади. Биз шунга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз,” — деди у.

Табиий майдон — футболчи учун қулай муҳит

Тожикистонда ўтказилган турнирлардан фарқли ўлароқ, бу галги мусобақа Тошкентда табиий қопламали майдонларда ташкил этилади. Бу футболчилар учун катта афзаллик. Чигодаев бу ҳақда: “Табиий майдонларда жароҳат олиш эҳтимоли анча камаяди. Футболчилар ўзини эркин ҳис қилади, тезлик ва ҳаракатдаги ишонч ортади. Бу эса нафақат уларнинг саломатлиги, балки ўйин сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади,” — дея изоҳ берди.

CAFA турнири Ўзбекистон терма жамоаси учун имтиҳонли синов бўлади. Аммо жамоа мураббийи ва футболчилардаги ишонч, тайёргарлик ва жамоавий руҳ бу мусобақада юқори натижаларга эришиш имкониятини очиб беради. Тошкентдаги футбол майдонлари янги юлдузларни дунёга танитиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сергей Чигодаев: Болаларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрладик