date
views 2 356

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида: Президент ва ФИФА раҳбаридан табрик! (видео)

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида: Президент ва ФИФА раҳбаридан табрик! (видео)
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихдаги энг буюк натижасига эришиб, бутун халқимизни қувончга тўлдирди. Абу-Дабида БАА термаси билан кечган ҳал қилувчи ўйинда дуранг натижа қайд этилиб, Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини ўз қўлига киритди.

Ушбу тарихий натижа муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев терма жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе билан телефон орқали мулоқот қилиб, барча футболчилар ва мураббийларни самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг ғалабасини халқимиз учун Қурбон ҳайити кунларига ажойиб туҳфа сифатида баҳолади.

Шу билан бирга, ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам Ўзбекистон футболининг тарихий муваффақияти муносабати билан махсус табрикномасини йўллади.

«Ўзбекистон термаси ФИФА оиласига 1994 йилда қўшилганидан буён Олимпиада ўйинлари ва ёшлар ўртасидаги бир қатор нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб ўйин кўрсатиб, юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Сизлар бу сафар ҳам ажойиб саралаш босқичини ўтказиб, келаси йил ёзидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдингиз. Дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар энди „Оқ бўрилар“нинг мундиалдаги илк иштирокини орзиқиб кутишмоқда», — дейилади ФИФА раҳбари табригида.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 30 йиллик тарихида саккизинчи марта Жаҳон чемпионати саралашида қатнашиб, илк маротаба ушбу буюк мақсадни амалга оширди. Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа А гуруҳида 18 очко жамғариб, тарихий натижага эришди.

Эслатиб ўтамиз, жамоамиз БАА билан сафардаги ҳал қилувчи баҳсда рақиб билан 0:0 ҳисобидаги дурангни қайд этиб, ўз мақсадига эришди. Бутун мамлакатда ушбу тарихий натижа кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда.

Энди Ўзбекистон футбол мухлислари 2026 йили АҚШ, Мексика ва Канадада ўтадиган мундиалда ўз миллий жамоасини катта қизиқиш билан кузатиб, уларнинг ҳар бир ўйинида ёнида бўлади. Бу эса нафақат футболимиз, балки бутун Ўзбекистон спорти тарихида янги саҳифанинг бошланиши ҳисобланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон жаҳон чемпионатида: Президент ва ФИФА раҳбаридан табрик! (видео)