
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини олдиндан қўлга киритди. Бу тарихий ютуқ ортидан эса яна бир сенсацион хабар бутун футбол жамоатчилигининг диққат марказида турибди — терма жамоамизни дунё футболида ўз ўрнига эга бўлган машҳур мутахассис Йоахим Лёв бошқариши мумкин, деб ёзмоқда championat.asia.
Бу янгилик футбол мухлисларини бефарқ қолдирмади. Сабаби, Лёв исми жаҳон футболида анча-мунча салмоққа эга. У 2014 йил Германия терма жамоаси билан Бразилияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида бош мураббий сифатида ғолиб чиққан. Ўша йили у ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилган эди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ва Лёв ўртасида музокаралар давом этмоқда. Ҳозирча расмий баёнот берилмаган бўлса-да, бундай нуфузли мутахассис билан алоқа ўрнатилганининг ўзи терма жамоамиз учун катта сўз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Йоахим Лёв 2021 йилда Германия терма жамоасидан кетганидан сўнг ҳеч қайси жамоани бошқармаган. Ортида қолган тажриба, тактик ёндошув ва психологик тайёргарлик унга ҳар қандай жамоада ўз сўзини айтиш имконини беради.
Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи сифатида Тимур Кападзе иш юритмоқда. У Сречко Катанец кетганидан сўнг вақтинчалик сифатида жамоани қабул қилиб олган ва жамоани Жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқишга муваффақ бўлди. Бироқ у билан тузилган шартнома ҳали узайтирилмаган.
Бу ҳолатда Лёв билан олиб борилаётган музокаралар Кападзега бўлган ишонч пасайгани ёки янги босқич учун янада тажрибали мутахассис талаб этилаётгани билан изоҳланиши мумкин.
Футбол муҳитида фикрлар турлича — кимдир Лёвнинг келиши футболимизни янги поғонага кўтаришини таъкидласа, бошқалар Кападзега ҳали тўлиқ имконият бериш кераклигини айтишмоқда.
Эҳтимол, яқин кунларда ЎФА томонидан расмий баёнот берилиши кутилади. Ҳар ҳолда, Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг жиддий ва масъулиятли босқичи бошланмоқда. Ва айнан шундай паллада Лёв каби мутахассиснинг жамоага қўшилиши — орзу эмас, балки ҳақиқатга айланиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар