date

"Реал"да ички ихтилоф: Алонсо ва Переснинг қарашлари тўқнашмоқда

"Реал"да ички ихтилоф: Алонсо ва Переснинг қарашлари тўқнашмоқда
Мадриднинг машҳур "Реал" клубида айни пайтда ички зиддиятлар юзага кела бошлади. Sport.es нашри тарқатган хабарларга кўра, жамоа президенти Флорентино Перес ва бош мураббий Хаби Алонсо ўртасида илк жиддий келишмовчиликлар кузатилмоқда.

Маълумотларга қараганда, яқинда бўлиб ўтган учрашувлардан бирида клубнинг Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштирокини муҳокама қилишган ва айнан шу ерда мураккаб вазият юзага келган. Перес клубнинг ПСЖга қарши ярим финалдаги 0:4 ҳисобидаги мағлубиятидан қаттиқ норози эканлигини билдирган.

Шу билан бирга, мураббий Хаби Алонсо клубни жиддий кучайтириш кераклигини таъкидлаган ва айниқса, марказий ярим ҳимоячи позициясида жиддий етишмовчилик борлигини айтган. У раҳбариятдан ушбу позиция учун реал харидларни амалга оширишни сўраган.

Бироқ трансфер сиёсатида ҳам президент ва мураббийнинг қарашлари мос келмаган. Перес "Манчестер Сити" юлдузи Родри даражасидаги футболчини олиб келишда қатъий туриб олган, бироқ бундай миқёсдаги трансфер айни вақтда амалга ошиши анча мушкул. Шу боисдан, Алонсо анча реал вариантларни — “Штутгарт” футболчиси Ангело Штиллер, “Интер”дан Николо Барелла ва “АЗ Алкмар” ярим ҳимоячиси Кес Смит номзодини илгари сурган.

Афсуски, ушбу номзодлар ҳам Перес томонидан маълум сабабларга кўра маъқулланмаган. Бу эса клубдаги селекция сиёсати бўйича тафовутлар борлигини янада очиқроқ намоён қилди.

Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо бошқарувидаги “Реал” жорий йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ярим финалгача етди, аммо ПСЖ билан бўлган беллашувда йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Турнир регламентига кўра, учинчи ўрин учун ўйин ўтказилмаган.

Мухлислар орасида бу вазият катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, жамоа келажаги ва Хаби Алонсонинг клубда узоқ қолиши борасида турли тахминлар пайдо бўлди. Президент ва мураббий ўртасидаги келишувлар қандай якун топиши, шубҳасиз, жамоанинг келгуси мавсумдаги муваффақиятига ҳам катта таъсир кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Реал"да ички ихтилоф: Алонсо ва Переснинг қарашлари тўқнашмоқда