Лондоннинг машҳур клуби “Тоттенҳэм” ёзги трансфер бозорида ҳужум чизиғини янада кучайтириш мақсадида фаол ҳаракатларни олиб бормоқда. Жамоа асосий эътиборини “Манчестер Сити”нинг ёш ва иқтидорли қанот ўйинчиси Савиньони харид қилишга қаратган.
ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, “шпорлар” бразилиялик футболчининг трансфери учун 70 миллион евро миқдорида маблағ ажратишга тайёрлигини билдиришган. Бу рақам аввалги таклифдан анча юқори, чунки аввалроқ “Тоттенҳэм” Савиньо учун 60 миллион евро таклиф этганди. Бироқ ўшанда “шаҳарликлар” бу суммани кам деб ҳисоблаб, таклифни рад этган эдилар.
Ҳозирги пайтда томонлар ўртасида музокаралар қизғин давом этмоқда. Яқин кунларда келишувнинг аниқ шартлари ва трансфернинг қай тарзда амалга оширилишига ойдинлик кириши кутилмоқда.
Муттахассислар фикрича, агар Савиньо “Тоттенҳэм” сафини тўлдирса, жамоанинг ҳужумдаги имкониятлари сезиларли даражада ошади. Ёш футболчи тезкорлиги, дриблингдаги маҳорати ва голларга ассист қилиш қобилияти билан машҳур. Унинг қўшилиши Лондон клуби учун янги мавсумда жиддий устунлик олиб келиши мумкин.
Шу тариқа, “Тоттенҳэм” трансфер бозорида ҳали ҳам фаол бўлиб, клубнинг олдидаги мақсад — Европа майдонларида юқори натижаларга эришиш учун таркибни мустаҳкамлашдан иборат. Мухлислар эса яқин кунларда Савиньо атрофидаги жараённинг қандай якун топишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!