Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган «Пахтакор» — «Нефтчи» учрашуви нафақат майдондаги шиддатли кураш, балки ҳакамлар қарорлари билан ҳам кўпчилик эътиборини тортди. Беллашувда бир нечта баҳсли ҳолатлар қайд этилди ва уларга берилган баҳолар алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Учрашувнинг 23-дақиқасида «Пахтакор» жамоаси аъзоси рақиб билан тўп учун курашмаётган вазиятда, тажовузкор ҳаракат қилиб, «Нефтчи» футболчисининг юзига тирсак билан зарба берди. Бош ҳакам ВАР ёрдамида эпизодни синчиклаб кўриб чиқди ва қонун-қоида асосида қарор қабул қилиб, қоидабузар футболчини майдондан чиқариб юборди. Бу ҳолат дерби руҳини янада кучайтирди.
45+10-дақиқада яна баҳсли вазият қайд этилди. Бу сафар «Нефтчи» футболчиси тўп учун кураш олиб борган пайтда қўлини кўтариб, рақибнинг юзига тегиб кетди. Эпизод кўпчиликка ноқулай таъсир қолдирган бўлса-да, бош ҳакам бу сафар қўполликни эътиборсиз қолдирди ва сариқ карточка кўрсатмади. Экспертлар эса ушбу қарорни нотўғри деб баҳолашди.
45-дақиқада эса жарима майдончаси ичида яна бир муҳим ҳолат қайд этилди. «Нефтчи» ҳимоячиси рақибига қарши ўта кескин ҳаракат қилди. «Пахтакор» футболчиси бошқа йўналишда ҳаракатланаётганига қарамасдан, рақиб оёғини кўтариб, ноқонуний ҳаракат қилди ва бу футболчининг йиқилишига сабаб бўлди. Бу сафар бош ҳакам қоидалар асосида тўғри қарор чиқарди ва «Нефтчи» дарвозасига пенальти белгилади.
Шу тариқа, дерби нафақат майдондаги оташин кураш, балки ҳакамлик қарорлари билан ҳам мухлислар ёдида қолди. Ушбу баҳсли вазиятлар футбол мухлислари орасида узоқ вақт муҳокама қилинади, шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!