date

ЖЧ-2025 финалида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳал қилувчи тўқнашув

ЖЧ-2025 финалида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳал қилувчи тўқнашув

Ливерпул шаҳрида ўтаётган катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати-2025 мусобақасининг сўнгги куни бокс оламида энг катта қизиқиш уйғотган кун сифатида тарихга кирмоқда. Чунки айнан бу кун Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари учун умумжамоавий медаллар рақобатида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Навбаҳор Ҳамидова иштирок этган финалда ҳакамлар қароридан сўнг қўшни давлат боксчисига олтин медал насиб этди ва шу тариқа Қозоғистон делегацияси ўзининг тўртинчи чемпионлигини нишонлади. Бу воқеа жамоавий ҳисобдаги рақобатни янада қизитди.

Кейинги финалда 70 кг вазн тоифасида қўшни давлатнинг яна бир вакили Собирхон Тўрахон япониялик рақибини ортда қолдириб, чемпионлик унвонини қўлга киритди. Шу билан Қозоғистон терма жамоаси бешинчи олтин медални қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги беллашувда эса 70 кг вазнда Наталья Богданова австралиялик рақибини мағлуб этиб, мамлакатга олтин медаллар сонини олтитага етказди.

Шу тарзда, жамоавий ҳисобда Қозоғистон 6 та олтин билан Ўзбекистондан олдинга ўтди. Бироқ миллий терма жамоамизда ҳам пешқадамлик учун имконият ҳали йўқолмаган.

Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги жамоамиз олдида яна икки муҳим финал кутмоқда. -85 кг вазнда Акмалжон Исроилов Англия вакили Теагн Стотт билан рингга кўтарилади. Шу билан бирга, +90 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров Қозоғистон чемпиони Ойбек Оралбайга қарши ҳал қилувчи жангда иштирок этади.

Айнан ушбу баҳс умумжамоавий ҳисобда қайси давлат биринчи ўринни эгаллайдиганини белгилаб бериши мумкин. Миллий жамоамиз вакиллари ўз олдига қўйилган мақсад – кучли рақибларни енгиб, чемпионатни юқори поғонада якунлаш вазифасини қатъият билан бажаришга бел боғлашган.

Бокс жамоавий ҳисобида ғалабани қўлга киритиш учун энг муҳим дақиқалар шу финалларда ҳал бўлиши аниқ. Мухлислар эса юртдошларимиздан яна янги зафарлар кутишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2025 финалида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳал қилувчи тўқнашув