
Футбол оламида глобал ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилган «FIFA Series» лойиҳаси яна янги босқичга қадам қўйди. Энг қувонарлиси — Ўзбекистон бу ташаббуснинг асосий мезбонлари қаторида яна бир бор эътироф этилди. Бу терма жамоамизга ҳам, футбол муҳитини ривожлантиришга ҳам катта ишонч белгиси сифатида қабул қилинмоқда.
ФИФА расман маълум қилишича, 2026 йил март ва апрель ойларида халқаро ўйинлар ойнаси доирасида «FIFA Series» мусобақасининг тўлиқ форматдаги биринчи босқичи ўтказилади. Бу сафар лойиҳа кенгайган ҳолда тақдим этилади: илк бор аёллар футболи учун ҳам алоҳида йўналиш жорий этилмоқда.
2024 йил март ойидаги пилот босқич муваффақиятидан сўнг, ФИФА лойиҳани янада катта ҳажмда амалга оширишга қарор қилди. Ташаббуснинг асосий ғояси — турли қитъалардаги терма жамоаларни анъанавий конфедерация доирасидан чиқариб, бир-бири билан рақобат ва мулоқотга чорлаш. Хулоса қилиб айтганда, футбол орқали дунё давлатларини янада яқин қилувчи уникал платформа яратиш.
ФИФА баёнотида айтилишича, «FIFA Series» футболчилар ва мураббийларнинг тажрибасини бойитиш, мухлисларга янги таассуротлар улашиш, шу билан бирга футболнинг универсал ва хилма-хил табиатини тарғиб қилишга қаратилган. 2026 йилги формат эса бу таъсирни янада кенгайтиради: ҳар икки йўналиш — эркаклар ва аёллар футболи бир вақтда ривожланиш имконига эга бўлади.
Эркаклар ўртасидаги мусобақага Австралия, Озарбайжон, Индонезия, Қозоғистон, Маврикий, Пуэрто-Рико, Руанда ва, албатта, Ўзбекистон мезбонлик қилади. Аёллар футболи учун мўлжалланган бўлим эса Бразилия, Кот-д’Ивуар ва Таиландда старт олади. Қатор бошқа мамлакатлар ҳам мезбонликка қизиқиш билдиргани қайд этилган.
Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси, мухлислар маданияти ва ташкилотчилик салоҳияти охирги йилларда жиддий ривожланаётгани инобатга олинса, ФИФАнинг бу ишончи тўлиқ асосли экани яна бир бор ўз исботини топди. Бу мусобақа терма жамоамизни халқаро майдонда янада фаол кўринишга, янги рақиблар билан куч синаб кўришга ва мухлисларга ўзига хос футбол байрамини тақдим этишга ёрдам беради.
Ўзбекистон футболи учун яна бир имконият эшиги очилди — энди эса уни муносиб баҳолаш ва юқори савияда қабул қилиш қолди, холос.

Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.