
Қатор йиллар давомида ўсмирлик давриданоқ жаҳон шахмати эътибор марказида бўлиб келган Жавоҳир Синдаров Қатардаги Жаҳон кубоги финалида яна бир тарихий ютуқ қайд этди. 19 ёшли маҳоратли гроссмейстер ҳал қилувчи ҳалқада хитойлик рақиби Вэй Ини мағлубиятга учратиб, кубокни қўлга киритди ва тарихдаги энг ёш чемпион сифатида номини зарҳал ҳарфлар билан ёзди.
Бироқ Синдаровнинг ўзи бу ғалабани манзилга етган йўл эмас, балки узун ва жиддий каръерасининг бошланиш нуқтаси сифатида баҳолайди.
У финалдан сўнгги интервьюсида шундай деди:
«Албатта, ўта хурсандман. Лекин бу фақат бошланиши. Ҳозирги асосий мақсад — рейтинг бўйича 2750 Эло чегарасини забт этиш. Энг катта орзум эса — даъвогарлар турнирида зафар қучиб, жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб бориш».
Агар Жавоҳир шундай маррага етса, амалдаги жаҳон чемпиони Д. Гукеш билан тарихий тўқнашувни ўтказиши мумкин. Шунингдек, даъвогарлар турнирида унга тенгдош ва ФИДЕ Circuit ғолиби бўлиши кутилаётган ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха билан ҳам қарама-қаршилик эҳтимоли юқори.
Синдаров ҳинд шахмат мактабига юқори баҳосини ҳам бериб ўтди:
«Ҳиндистонлик ёшлар жуда тез ўсишяпти. Бизда ҳам Ўзбекистонда иқтидорли ўйинчилар етарли. Келаси 10 йилда Ҳиндистон ва Ўзбекистон шахмат Олимпиадаси ва йирик мусобақаларда доимий рақобат қилади», — дея таъкидлади у.
Айтиш жоиз, Ҳиндистон Жавоҳир учун ўзига хос омадли мамлакат. 2022 йил Ченнайда ўтган Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга жаҳонни ҳайратга солган ғалабани айнан шу ерда қўлга киритганди. Шундан келиб чиқиб, ёш маэстро яна Ҳиндистонга қайтишни ҳам режалаштирмоқда.
«Яқин икки-уч ойда Global Chess League ва Tata Steel Chess India мусобақаларида қатнашаман», — деди у.
Жавоҳирда руҳ баланд, мақсад катта, қадам эса мустаҳкам. Шахмат оламида навбатдаги сенсация айнан ўзбекистонлик ёш иқтидордан чиқишига ишонч кучаймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.