date

Хайрулла Ҳамидов: Колумбияга қарши ўйин биз учун энг хавфлиси

Хайрулла Ҳамидов: Колумбияга қарши ўйин биз учун энг хавфлиси

АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи учун қуръа ташланди ва Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳига тушди. Бизнинг рақиблар — Португалия, Колумбия ва Конго/Ямайка/Янги Каледония саралаш ғолиби бўладиган жамоа.

Мазкур қуръа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов Sports.uz сайтига берган интервьюсида Фабио Каннаваро шогирдларини кутаётган асосий синов айни пайтда Колумбия эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳамидовга кўра, биринчи турдаги Колумбияга қарши ўйин — Ўзбекистон учун энг хавфли учрашув. Сабаби — беллашув Мексикада бўлиб ўтади ва стадионнинг деярли тўлиқ қисми колумбиялик мухлислар билан тўлади. Бу эса терма жамоамизнинг руҳий босим остида ўйнашини англатади.

Шарҳловчи Колумбиянинг ўта хавфли ҳужум чизиғига эътибор қаратди:
— Луис Диас — айни дамда дунёдаги энг кучли прессингчи вингерлардан бири.
— Хамес Родригес — жаҳон чемпионатларининг “сюрприз генератори”, турнирда кутилмаган супер голлар муаллифи.
— Луис Суарес — доим гол ура оладиган, жисмоний жиҳатдан кучли ҳужумчи.
— Жон Дуран — таркибни янада қудратли қиладиган, тинимсиз ҳаракатланувчи форвард.

Ҳамидовнинг фикрича, айнан шу учликнинг ўзиёқ Колумбияни жуда хавфли рақибга айлантиради. Унинг таъкидлашича, Португалиядан кўра биринчи ўйиндаги Колумбияга қарши баҳс кўпроқ қийинчилик туғдириши мумкин.

“Колумбия Португалияни ҳам мағлуб этиши эҳтимолдан холи эмас. Уларда Роналду билан ва Роналдусиз ўйин сценарийлари каби муаммо йўқ. Жамоа тўлиқ ва мувозанатли шаклланган. Шунинг учун Каннаваро учун асосий синов — биринчи тур”, — дея хулоса қилди Ҳамидов.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Хайрулла Ҳамидов: Колумбияга қарши ўйин биз учун энг хавфлиси