
Франциянинг ПСЖ клуби одатий ўйинолди пости билан кутилмаганда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Доҳа шаҳрига Клублараро қитъалараро кубок финалига учиб кетиш арафасида клубнинг SMM жамоаси жамоавий суратни эълон қилди.
Бироқ унда россиялик дарвозабон Матвей Сафонов деярли кўринмайди: кадрда фақат унинг оёқлари қолган, боши ва гавдаси эса суратдан "йўқолгандек" таассурот уйғотди. Вазият Францияда ҳам, Россияда ҳам тезда муҳокама марказига айланди.
Россия Давлат думаси депутати Дмитрий Свишчев бу ҳолатни кескин танқид қилиб, "тарихи бор клуб учун уят" дея баҳолади ва агар футболчидан уялишса, шартномани жарима тўлаб бекор қилиш таклифини ҳам билдирди. Шу пайтда Сафоновнинг ўзи шов-шувга изоҳ бериб, гап фотомонтажда эмаслигини айтди.
Унинг таъкидлашича, у жамоавий суратга тушишда ўзини ноқулай ҳис қилгани учун Хвича Кварацхелия ортига "пана қилиб" турган. Бироқ бу изоҳ ҳам саволларни кўпайтирди: бўйи 192 см бўлган дарвозабон 183 см атрофидаги футболчи ортида қандай қилиб тўлиқ яшириниб қолиши мумкин?
Эътиборлиси, ПСЖ Сафонов билан боғлиқ шунга ўхшаш ҳолатларга аввал ҳам йўл қўйгандек. Сентябр ойида клуб миллий жамоаларга кетган футболчилар рўйхатини эълон қилганида, бир футболчининг исмини умуман киритмагандӣ.
Ўша футболчи ҳам Сафонов бўлгани таъкидланади. Бу тасодифми ёки йўқ — аниқ жавоб йўқ.
L'Equipe маълумотига кўра, мавсум бошидаёқ ПСЖ раҳбарияти бош мураббий Луис Энрикени Сафоновни асосий дарвозабон сифатида кўришга кўндиришга уриниб кўрган. Сабаб сифатида ўша пайтда асосий номзод саналган Люка Шевальеннинг хатолари тилга олинади.
Клуб ичидаги айрим таъсирли шахслар рақобат орқали Шевальенга босим ўтказмоқчи бўлган, худди бир йил аввал Доннарумма билан бўлгани каби. Аммо Энрике бунга рози бўлмаган: у Шевальенга мослашиш учун барқарорлик зарурлигини айтган.
Бироқ вазиятни жароҳат ўзгартирди. Шевальен декабр бошида жароҳат олди ва Сафонов имкониятга эга бўлди.
У кетма-кет уч учрашувда асосий таркибда майдонга тушди: "Ренн" устидан 5:0 ҳисобидаги йирик ғалаба, Чемпионлар лигасида "Атлетик" билан 0:0 ва "Мец"га қарши 3:2 ҳисобидаги ғалаба. L'Equipe Сафонов ўз имкониятидан фойдаланганини ва дарвозабонликдаги рақобатни қайта кучайтиришга тайёр эканини қайд этди.
Шундай фонда жамоавий суратдаги можаро янада ғалати кўринади: узоқ вақт захирада қолган дарвозабон ниҳоят ўйнай бошлайди, учта ишончли ўйин ўтказади, соврин учун финалга йўл олади, аммо клуб эълон қилган суратда у гўё "йўқ". Бу хато бўладими ёки SMMдаги эътиборсизлик — барибир сигнал жуда тез ўқилади.
Масала фотомонтаж қилинган-қилинмаганида эмас. Асосий савол шуки: нега клуб умуман бир футболчи кўринмайдиган кадрни расмий каналларда эълон қилди?
17 декабр куни Доҳада ПСЖ Клублараро қитъалараро кубок финалида "Фламенго"га қарши майдонга тушади. Дарвозада ким ўйнаши — Сафоновми ёки тикланиб улгурган Шевальенми — кўп саволларга амалда жавоб бўлади.
Энрике барқарорлик ва мослашув ҳақида қанча гапирмасин, рақамлар аниқ: уч ўйин, иккита "қуруқ" учрашув ва Чемпионлар лигасида муҳим натижа. Агар шундай статистикадан кейин Сафонов яна захирага қайтса, жамоавий суратдаги ҳолат "тасодиф" деган изоҳдан кўра бошқачароқ талқин қилиниши мумкин.
Transfermarkt Сафоновни яқинда 3 миллион евроға пасайтириб, 15 миллион еврога баҳолади. Мақолада бу кўрсаткич йирик совринларни ютган дарвозабон учун камтарона экани таъкидланади.
Бироқ айнан жамоавий суратдаги воқеа уни бутун дунёга "кўринмас дарвозабон" сифатида танитиб юборди. Энди асосий интрига битта: финалда ким асосий таркибда майдонга тушади.
Сафонов ўйнаса, демак, шов-шув оддий нохуш хатолик бўлган. Агар бир неча ўйинни ўтказиб юборган Шевальен дарҳол асосий таркибга қайтса, "пана қилиб турганим" деган изоҳ дипломатик баёнот сифатида қабул қилиниши мумкин.
ПСЖ эса Қатар сафарига таркибида "дарвозабон-арвоҳ" билан йўл олди — мавсумнинг энг қизиқарли сюжетларидан бири шудир. “Zamin”ни Telegram'да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.