Гвардиола "PSJ" ва "Бавария" ўйини ўрнига учинчи дивизионни танлади

"PSJ" ва "Бавария" ўртасидаги Чемпионлар лигаси ўйини вақтида Пеп Гвардиола Англия учинчи дивизиони учрашувини томоша қилди. "Ман Сити" бош мураббийи ушбу қарори сабабини тушунтирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Каталониялик мутахассис "Стокпорт Каунти" ва "Порт Вейл" жамоалари ўртасидаги баҳсни кузатиш учун "Эжли Парк" стадионига ташриф буюрди. Жума кунги матбуот анжуманида ундан нима учун бундай танлов қилгани сўралди.
Гвардиола ҳазил тариқасида шундай жавоб берди: «Кеча тақвимни кўрдим, "PSJ" ва "Бавария" ўйинини кўриб, қандай ёмон ўйин деб ўйладим. Мураббийлар яхши эмас, футболчилар ҳам ёмон.
Мен инглиз футболини яхши кўраман, шунинг учун Стокпортни танладим».
Аслида, "PSJ" ва "Бавария"ни бошқараётган Луис Энрике ҳамда Венсан Компани бевосита Гвардиола билан бирга ишлаган. Компани унинг қўл остида "Ман Сити" сардори бўлган, Энрике эса "Барселона" ўринбосарларини бошқарган.
Ҳозирда "Ман Сити" Англия Премьер лигасида "Арсенал" билан чемпионлик учун курашмоқда. Жамоа Лига кубогини қўлга киритди ва 16 май куни Англия кубоги финалида "Челси"га қарши майдонга тушади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!