Мундиал финалида тарихий мусиқий шоу ўтказилади

2026 йилги Жаҳон чемпионати финали нафақат футбол, балки катта мусиқий томоша билан ҳам тарихда қолиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, финал учрашуви танаффусида америкалик машҳур хонанда Мадонна, колумбиялик юлдуз Шакира ҳамда Жанубий Кореянинг дунёга машҳур BTS гуруҳи саҳнага чиқади.
Бу ҳақда Coldplay гуруҳи ўз ижтимоий тармоқлари орқали маълум қилди. Шу тариқа, 2026 йилги мундиал финали доирасида тарихда илк бор FIFA halftime-show, яъни финал танаффусида махсус мусиқий шоу ташкил этилади.
Финал баҳси 19 июл куни АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳридаги «Метлайф» стадионида бўлиб ўтади. Катта эҳтимол билан ушбу кун футбол ва шоу-бизнес мухлислари учун бир вақтнинг ўзида улкан байрамга айланади. Чунки Мадонна, Шакира ва BTS каби номларни битта саҳнада кўришнинг ўзиёқ катта воқеа.
Баёнотда қайд этилишича, Мадонна, Шакира ва BTS 19 июл куни Нью-Жерсидаги стадионда ўтадиган FIFA Жаҳон чемпионати финалидаги тарихий шоудың асосий юлдузлари бўлади. Бу чиқиш мундиал финали муҳитини янада ёрқин, ҳиссиётга бой ва глобал томошага айлантириши кутилмоқда.
Мазкур тадбир Coldplay етакчиси Крис Мартин ва Global Citizen томонидан ташкил этилмоқда. Лойиҳа фақат кўнгилочар шоу эмас, балки хайрия мақсадини ҳам кўзлайди. У FIFA Global Citizen Education Fund фонди учун маблағ йиғишга қаратилган.
Ушбу фонд дунё бўйлаб болаларнинг сифатли таълим олиши ва футбол билан шуғулланиши учун имкониятларни кенгайтиришни мақсад қилган. Демак, мундиал финалидаги шоу орқали нафақат миллионлаб мухлисларга унутилмас томоша тақдим этилади, балки ижтимоий аҳамиятга эга ташаббус ҳам қўллаб-қувватланади.
Шакира аввал ҳам жаҳон чемпионатлари билан боғлиқ қўшиқлари ва чиқишлари орқали футбол мухлислари қалбида алоҳида ўрин эгаллаган. Мадонна эса поп мусиқаси тарихидаги энг катта юлдузлардан бири ҳисобланади. BTS гуруҳи эса глобал ёшлар маданияти ва K-pop оламининг энг кучли рамзларидан бирига айланган.
Қисқаси, 2026 йилги Жаҳон чемпионати финали фақат майдондаги ўйин билан чекланмайди. Бу сафар финал футбол, мусиқа, хайрия ва глобал маданиятни бирлаштирадиган улкан саҳнага айланади. 19 июл куни «Метлайф» стадионида тарих ёзилиши кутилмоқда — тўп ҳам айланади, саҳна ҳам ёнади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!