Килиан Мбаппе Франция тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди

Франция терма жамоаси сардори ва Реал Мадрид ҳужумчиси Килиан Мбаппе миллий жамоа сафида урилган голлар сони бўйича мутлақ рекордчини ўзгартирди. 2026-йилги Жаҳон чемпионатининг дебют учрашувида Сенегал дарвозасига иккита гол урган 27 ёшли форвард Оливе Жиру томонидан ўрнатилган натижани янгилаб, мамлакат тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
МетЛифе Стадиумда бўлиб ўтган баҳсда Франция 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу дубл эвазига Мбаппенинг терма жамоа сафидаги голлари сони 58 тага етди. Эътиборлиси, у бу натижага ҳали 30 ёшга ҳам кирмасдан эришди. Ўйиндан сўнг жамоадошлари унга рамзий маънода орқасига "58" рақами туширилган махсус футболкани совға қилишди.
Goal.com нашрининг хабар беришича, Мбаппе ушбу муваффақиятдан сўнг ўз ҳис-туйғуларини яшириб ўтирмади. Футболчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида барча жамоадошлари, мураббийлар штаби ва Франция футбол федерациясига миннатдорчилик билдирди. "58 та гол. Кўплаб буюк футболчилар ўтган мамлакат тарихида энг яхши тўпурар бўлиш мен учун улкан фахр. Олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп", — деб ёзади ҳужумчи.
Лионель Месси ва Мирослав Клозенинг рекорди хавф остида
Миллий жамоа миқёсидаги рекордни янгилаган Мбаппе энди бутун дунё футболи тарихидаги энг нуфузли кўрсаткичлардан бирига кўз тикмоқда. Ҳозирда у Жаҳон чемпионатлари финалларида урилган голлар сони бўйича Лионель Месси ва Мирослав Клозега яқинлашиб қолди. Маълумот учун, Месси ва Клозе ҳисобида мундиалларда киритилган 16 тадан гол мавжуд.Сенегал билан ўйиндаги дублидан сўнг, Мбаппенинг Жаҳон чемпионатларидаги умумий голлари сони 14 тага етди. Мутахассисларнинг фикрича, ҳужумчининг ҳозирги спорт формаси ва ёшини ҳисобга олсак, у нафақат Мессининг рекордини янгилаши, балки ушбу кўрсаткични анча юқори нуқтага олиб чиқиши ҳам мумкин.
Франция терма жамоаси навбатдаги учрашувини келаси душанба куни Филадельфияда Ироқ термасига қарши ўтказади. Диде Дешам шогирдлари ушбу баҳсда ғалаба қозониш орқали плей-офф масаласини муддатидан олдин ҳал қилишни мақсад қилган. Гуруҳ босқичининг сўнгги ўйини эса Норвегия термасига қарши бўлиб ўтади.
Мбаппенинг ушбу натижаси нафақат Франция футболи, балки жаҳон спорт жамоатчилиги учун ҳам муҳим воқеликдир. Унинг Реал Мадрид сафидаги фаолияти билан бир қаторда терма жамоадаги бундай сермаҳсуллиги уни замонамизнинг энг кучли футболчиси деган номга асосий номзод қилиб кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…