ЖЧ-2026: Португалия терма жамоаси атрофида катта можаро келиб чиқди

ЖЧ-2026:  Португалия терма жамоаси атрофида катта можаро келиб чиқди

Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг илк турида Конго ДР билан қайд этилган кутилмаган дуранг (1:1) Португалия миллий терма жамоаси атрофидаги вазиятни анча кескинлаштириб юборди. Айни пайтда жамоа лагерида ижтимоий тармоқлардаги можаролар ва ички босим туфайли нотинч муҳит юзага келган.

Фейк скриншот ва Жоржина Родригеснинг хатоси

Муваффақиятсиз ўйиндан сўнг, ижтимоий тармоқларда жамоа яримҳимоячиси Жоау Невешнинг севгилиси Мадален Арагаога тегишли экани айтилган сохта (фейк) ёзишма вирус каби тарқалди.

Ушбу сохта суҳбатда фойдаланувчилардан бири Арагаонинг пости остида шундай ёзган:

«Бойфрендинг – аҳмоқ. Унга тўпни барча замонларнинг энг кучли футболчиси Криштиану Роналдуга узатиш кераклигини айт».

Фейк скриншотда Арагао гўёки унга жавобан:

«Ўз етакчингга фаолиятини якунлаши кераклигини айт. У жуда худбин», — дея муносабат билдирган.

ОАВнинг суриштирувларига кўра, аслида бундай суҳбат умуман бўлмаган ва расм фотошоп ёки сунъий интеллект ёрдамида ясалган. Аммо бир қатор йирик нашрлар, жумладан машҳур Record Mexico аккаунти ушбу ёлғон маълумотни ҳақиқий сифатида тарқатиб юборди.

Вазиятни янада жиддийлаштирган жиҳат шундаки, бу постни Роналдунинг қаллиғи Жоржина Родригес кўриб қолиб, унинг остида кинояли фикр қолдирди: «Вау! Янги авлод ажойиб!»

Шундан сўнг Роналдунинг минглаб ашаддий мухлислари Жоау Невеш ва унинг севгилисининг Инстаграмдаги саҳифаларига кириб, оммавий руҳий ҳужумларни бошлаб юборишди. Бошқа тарафдан эса, ёлғон скриншотга ишониб қолган Жоржинанинг ўзи ҳам тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулги остига олинди.

Оилавий босим: Катя Авейрунинг танқиди

Бу можародан бироз олдин Криштиану Роналдунинг синглиси Катя Авейру ҳам Португалия терма жамоаси яримҳимоячиси Бруну Фернандешни пассив ўйинда айблаб чиққан эди. Бу баёнот ижтимоий тармоқларда терма жамоа аъзоларига нисбатан салбий муносабатни янада кучайтирди ва футболчиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди.

Ўзбекистон билан ўйин олдидан нотинч муҳит

Умуман олганда, 23 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушадиган Португалия лагерида ҳозир ички хотиржамлик йўқ. Босим остида қолган рақибнинг айнан мана шундай руҳий нобарқарорлигидан Фабио Каннаваро шогирдлари бўлажак муҳим баҳсда унумли фойдаланиб қолишлари мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар