Анчелотти: «Бразилия энди ҳақиқий жамоадек ўйнаяпти»

Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 3-турида Шотландия устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин жамоасининг ўйинига баҳо берди.
Италиялик мутахассиснинг таъкидлашича, Бразилия футболчилари энди майдонда ягона жамоа сифатида ҳаракат қилмоқда. Бу эса мураббийлар штаби олдига қўйилган асосий вазифалардан бири бўлган.
«Ҳозир биз ҳақиқий жамоа сифатида ўйнаяпмиз. Бу бизнинг асосий мақсадимиз эди. Албатта, биз ҳали мукаммал эмасмиз ва яхшилашимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Масалан, тўп назорати бизда бўлган пайтларда янада тезроқ ҳаракат қилишимиз мумкин», — деди Анчелотти.
Бразилия бош мураббийи жамоанинг турнир давомида сезиларли ўсишга эришганидан мамнун эканини ҳам яширмади. Унинг фикрича, плей-офф босқичида муваффақият қозониш учун айнан ҳозиргидай жипс ва кучли жамоа зарур.
«Мен хурсандман, чунки жамоа анча яхшиланди ва ҳозир жуда кучли кўриняпмиз. Плей-офф босқичида кучли бўлиш жуда муҳим. Бизда айнан шундай жамоа бор», — дея қўшимча қилди мураббий.
Анчелотти гуруҳ босқичидаги илк учрашув билан солиштирганда, футболчиларнинг ўйинида ижобий ўзгаришлар кўпайганини қайд этди.
«Биринчи ўйинга нисбатан хатоларимиз камайди, ўйин темпи ошди ва ҳужумдаги самарадорлигимиз яхшиланди», — деди у.
Маълумот учун, Бразилия миллий жамоаси гуруҳ босқичида 7 очко тўплади. «С» гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган бразилияликлар плей-офф босқичига йўлланма олди.































Изоҳлар 0
…