Алишер Никимбаев Ўзбекистоннинг плей-офф имкониятига баҳо берди

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқиш имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, назарий жиҳатдан «оқ бўрилар»да плей-офф босқичига йўл олиш имконияти ҳали сақланиб қолган. Бироқ бунинг учун, аввало, сўнгги турда Конго Демократик Республикаси устидан ғалаба қозониш талаб этилади.
Шу билан бирга, бошқа гуруҳлардаги учинчи ўрин учун курашаётган жамоаларнинг натижалари ҳам Ўзбекистон фойдасига шаклланиши керак. Демак, миллий жамоа нафақат ўз ўйинини ғалаба билан якунлаши, балки рақибларининг очко йўқотишини ҳам кутишига тўғри келади.
Никимбаевнинг фикрича, футболчилар вазиятнинг мураккаблигини ва барча ҳисоб-китобларни яхши тушуниб турибди.
«Футболчилар бу ҳисоб-китобларни ҳаммадан кўра яхшироқ тушунишади. Уларнинг ўзи ҳаммадан яхши англаб турибди, алоҳида тушунтириш шарт эмас. Ҳамма математикани билади, мактабда ўқигансиз-ку», — дея Никимбаевнинг сўзларини келтиради Metaratings.ru.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг икки туридан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси ҳали очко тўплай олгани йўқ. Жамоанинг тўплар нисбати 1:8ни ташкил этмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг вазифаси аниқ: Конго ДРни мағлуб этиш ва қолган гуруҳлардаги натижаларни кутиш. Имконият бор, аммо математика бу сафар ҳам «осон режим»да эмас.































Изоҳлар 0
…