Гимарайнс: «Холанд айёр футболчи, у босимни Бразилияга юкламоқчи»

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бруно Гимарайнс норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Холанднинг 2026 йилги жаҳон чемпионати плей-оффидаги фаворитлик ҳақидаги сўзларини психологик ўйин ва айёрлик деб атади.
- Унинг фикрича, Холанд бу баёноти орқали босимни ўз жамоасидан олиб, барча масъулиятни Бразилия зиммасига юкламоқчи.
- Шунингдек, Гимарайнс бошқаларнинг гаплари аҳамияциз эканини ва футбол майдонда 11 га 11 ўйналишини таъкидлади.
Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бруно Гимарайнс Норвегия ҳужумчиси Эрлинг Холанднинг 2026 йилги жаҳон чемпионати плей-оффида бразилияликлар асосий фаворит экани ҳақидаги фикрига жавоб қайтарди.
Унинг таъкидлашича, Холанд бу гаплари орқали босимни Норвегиядан олиб, бутун масъулиятни Бразилия зиммасига юкламоқчи.
«Холанд фикрларини жуда айёрлик билан айтади»
Норвегия форварди жамоалар ўртасидаги 1/8 финал баҳси олдидан Бразилияни турнирнинг бош фаворити сифатида кўрсатган эди.
Гимарайнс эса бу фикрни оддий мақтов эмас, балки психологик ўйин сифатида қабул қилди.
«Холанд ўз фикрларини жуда айёрлик билан айтади. У босимни ўзларидан олиб, бутун масъулиятни бизга юкламоқчи», — деди бразилиялик футболчи.
«Футбол майдонда ҳал бўлади»
Гимарайнс рақиб футболчиларининг баёнотларига ортиқча эътибор бермаслигини ҳам таъкидлади.
«Ростини айтсам, бошқалар нима дегани мен учун унчалик аҳамиятли эмас. Футбол майдонда ҳал бўлади, 11 га 11 ўйналади», — деди у.
Унинг фикрича, баҳс кескин ва жисмоний курашларга бой ўтади.
Норвегиянинг асосий қуроли айтилди
Бразилия ярим ҳимоячиси Норвегиянинг кучли жиҳатларига ҳам тўхталди. Айниқса, рақиб таркибидаги баланд бўйли футболчилар ва ҳаводан узатмалар бразилияликлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
«Улар ҳам ўзининг кучли жиҳатларига эга. Баланд бўйли футболчилари бор, ҳаводан узатмалар билан ўйнашга уринишади. Биз эса ақл билан ҳаракат қилишимиз керак», — деди Гимарайнс.
«Холанд айёр футболчи»
Гимарайнс Холанднинг нафақат майдонда, балки ўйин олдидан ҳам рақибга босим ўтказишни яхши биладиган футболчи эканини қайд этди.
«Холанд айёр футболчи. Биз бунга тайёр бўлишимиз лозим», — дея унинг сўзларини Caze TVга таяниб Goal нашри келтирди.
Бразилия ва Норвегия ўртасидаги 1/8 финал баҳсида ғолиб жамоа жаҳон чемпионатининг чоракфиналига йўлланма олади.































Изоҳлар 0
…