Қозоғистоннинг энг кучли шахматчиси Самарқанддаги олимпиадага келади

Бибисора Асаубаева 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Қозоғистон аёллар терма жамоасига бошчилик қилади. Аёллар ўртасида жаҳон рейтингида 5-ўринда турган шахматчи Самарқандда ўтадиган мусобақада Қозоғистоннинг асосий умиди ҳисобланади. Жамоа таркибидан Алуа Нурман, Меруерт Камалиденова, Элназ Калиахмет ва Зарина Нурғалиева ҳам ўрин олган.
Қозоғистоннинг энг кучли шахматчиларидан бири, аёллар ўртасида жаҳоннинг етакчи гроссмейстерларидан саналадиган Бибисора Асаубаева 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида мамлакат аёллар терма жамоасига бошчилик қилади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) расман маълум қилди.
FIDE томонидан эълон қилинган расмий таркибга кўра, аёллар ўртасида жаҳон рейтингида 5-ўринни эгаллаб турган Асаубаева Қозоғистоннинг асосий умиди сифатида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақада иштирок этади.
Қозоғистон аёллар терма жамоаси таркибидан, шунингдек, жаҳон қизлар рейтингида 2-ўринни эгаллаб турган Алуа Нурман, 4-ўрин соҳиби Меруерт Камалиденова, шунингдек иқтидорли шахматчилар Элназ Калиахмет ва Зарина Нурғалиева ҳам ўрин олган.
Мутахассислар фикрича, ушбу таркиб Қозоғистоннинг мусобақада юқори натижа қайд этиш имкониятини янада оширади. Айниқса, жаҳон рейтингида юқори ўринларни эгаллаб турган шахматчиларнинг бир жамоада жамлангани терма жамоани асосий даъвогарлардан бирига айлантирмоқда.
Маълумот учун, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси жорий йилнинг 15–27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. FIDE иштирокчилар рейтингига кўра, Қозоғистон аёллар терма жамоаси мусобақанинг тўртинчи рақамли жамоаси сифатида баҳоланмоқда ва медаллар учун асосий курашчилардан бири ҳисобланади.v






























Изоҳлар 0
…