Жулиан Алварес тақдирини ҳал қилувчи ҳафта бошланди

Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Жулиан Алварес бугун Атлетико Мадриднинг мавсумолди машғулотларига қайтади ва бу ҳафта унинг келажаги ҳамда Барселонага ўтиш эҳтимоли учун ҳал қилувчи бўлиши кутилмоқда. Алварес Мадрид клуби раҳбариятини Барселона билан трансфер музокараларини бошлашга ундаш учун махсус қадам ташлашга ҳозирлик кўрмоқда.
Sport нашри тарқатган маълумотларга кўра, Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Жулиан Алварес бугун Атлетико Мадрид жамоасининг мавсумолди машғулотларига қайтмоқда. Футболчи Мадрид клуби раҳбариятини Барселона билан трансфер музокараларини бошлашга мажбур қилиш умидида ўзига хос қадам ташлашга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳафта ҳужумчининг келажаги ва Каталония клубига ўтиш эҳтимоли борасида ҳал қилувчи палла бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи Жаҳон чемпионати давомидаёқ оммавий равишда Барселона сафига ўтиш истагини очиқ эълон қилган эди. Бироқ, шундан сўнг вазият кескинлашди. Атлетико клуби расмий равишда FIFA ҳамда Испания футбол федерациясига шикоят йўллаб, каталонияликларни амалдаги шартномаси бор футболчи билан ҳимояланган даврда музокара олиб борганликда айблади.
Клуб раҳбарияти ва Диего Симеоне қатъий позицияда
Атлетико бош директори Мигель Анхел Хил Марин ва клуб президенти Энрике Кересо футболчини ёзги трансфер ойнасида ҳеч қандай ҳолатда сотиб юбормасликларини қатъий таъкидлашди. Бош мураббий Диего Симеоне ҳам ўтган ҳафт якунида бу масалага ўзининг кескин муносабатини билдирди.«Вазият тушунарли, клуб ўз қарорини қабул қилди», – дея қисқа ва лўнда изоҳ берган эди аргентиналик мутахассис. Мадридликлар бош мураббийи ва раҳбариятининг бу қадар қатъий туриши трансфер жараёнини янада мураккаблаштирмоқда.
Бошқа томондан, Барселона клуби Алвареснинг баёнотидан сўнг дарҳол ҳаракатга киришиб, ўзининг илк расмий таклифини юборган ва қизиқишини оммага эълон қилганди. Бироқ, охирги ҳафталарда каталонияликлар сукут сақлашни афзал кўришди. Клуб раҳбарияти бу трансфер жуда мураккаб кечишини яхши англаган ҳолда, ҳар бир қадамни ўта эҳтиёткорлик билан ташламоқда.
Ҳозирги вақтда Жулиан Алвареснинг машғулотларга қайтиши ва унинг клуб раҳбариятига йўллаши кутилаётган махсус талаби вазиятни яна-да ўзгартириб юбориши мумкин. Агар футболчи ўтиш бўйича расмий босимни оширса, Атлетико раҳбарияти ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши эҳтимолдан холи эмас.






























Изоҳлар 0
…