Каннаваронинг роли, «пасайиш» ва янги легионер: Достонбек Ҳамдамов очиқ гапирди

«Пахтакор» Осиё Чемпионлар лигаси Элит саралаш босқичида Иорданиянинг «Ал Ҳусайн» клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, Элит ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олди. Бош мураббий Эмилиано Карас жамоа ўйинини юқори баҳолаб, Суперлигадаги ҳар бир рақиб «Пахтакор»га қарши 200% куч билан майдонга тушишини таъкидлади.
Осиё Чемпионлар лигаси Элит саралаш босқичи доирасида Иорданиянинг «Ал Ҳусайн» клубини 3:0 ҳисобида тор-мор этган «Пахтакор» Элит ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ушбу ёрқин ва муҳим ғалабадан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида «шерлар» бош мураббийи Эмилиано Карас ҳамда учрашувнинг энг яхши футболчиси, дубл муаллифи Достонбек Ҳамдамов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб беришди.
Эмилиано Карас: «Суперлигада рақиблар бизга қарши 200 фоиз куч билан ўйнашади»
Тошкент клуби устози жамоанинг ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганини таъкидлаб, Суперлигадаги натижалар ва футболчиларнинг руҳий ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди:
«Ҳиссиётлар жуда ижобий. Бугун ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Албатта, янада кўпроқ гол уришни истагандик, лекин энг муҳими — ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбормадик ва етарлича хавфли вазиятлар яратдик. Бутун жамоа майдонда ўзини жуда яхши намойиш этди. Мухлисларимизга алоҳида раҳмат айтаман», — деди мураббий.
Журналистларнинг «Пахтакор» нега ички чемпионатда бундай ёрқин ўйин кўрсата олмаётгани ҳақидаги саволига Карас шундай жавоб қайтарди:
«Биз ҳам айнан шу масала ҳақида кўп ўйлаяпмиз ва йигитларнинг руҳий ҳолати устида узлуксиз ишлаяпмиз. Футболчилар майдонга тушганда ўйиндан роҳатланишлари керак. Мавсум давомида кўплаб очколарни бой бердик. Умид қиламанки, бугунги йирик ғалаба жамоага янада кўпроқ ишонч бағишлайди. Ҳар бир футболчи ўз максимумини кўрсатиши шарт. Энди кейинги баҳсларга эътибор қаратамиз. Унутмаслик керакки, Суперлигадаги ҳар бир рақиб «Пахтакор»га қарши 200% куч ва иштиёқ билан майдонга тушади. Мақсадимиз эса ягона — ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш».
Достонбек Ҳамдамов: Фаолиятидаги «пасайиш», Каннаваронинг ишончи ва янги легионер ҳақида
Учрашувда дублга эришган ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Достонбек Ҳамдамов терма жамоадаги фаолияти ва спорт формаси ҳақидаги танқидий саволларга очиқ жавоб берди:
— Терма жамоага қайтгунингизга қадар фаолиятингизда пасайиш кузатилаётгандек эди. ЖЧ саралашидан сўнг ёрқин ўйин кўрсатяпсиз. Бунда Фабио Каннаваронинг меҳнати қанчалик катта?
— Мен фаолиятимда пасайиш бўлди деган фикрга унчалик қўшилмайман. Машғулотларда ҳар доим жамоамга ёрдам бериш учун бор кучимни бераман. Маълум маънода, майдондаги ўйин услубим аввалги мураббийларнинг тактикасига мос тушмагандир. Каннаваро эса менга ишонди ва терма жамоага чақирди. Мен бу ишончни оқлашга ҳаракат қилдим. Ҳатто ўтган мавсумларда маълум даражада пасайиш бўлган тақдирда ҳам, бу якунда мен учун фойдали тажриба бўлди.
— Янги ҳужумчи Айман Ҳуссайннинг бугунги спорт формасини қандай баҳолайсиз?
— Айманнинг ўзи ҳам ҳали энг оптимал формада эмаслигини очиқ тан олди. У бугун 75 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва фойдали ўйин кўрсатди. Ҳозирда таркибимизда иккита кучли ҳужумчи бор. Айман ҳар бир ўйин сайин спорт формасини тиклаб боради деб умид қиламан. У шу пайтгача индивидуал тарзда шуғулланиб келганди, лекин якка тартибдаги машғулот билан расмий ўйин амалиётининг фарқи жуда катта.
— «Пахтакор» жорий мавсумда рақибларини 3:0 ҳисобида мағлуб этмаганди. Рақиб бунчалик ожизмиди?
— Рақиб ҳақида салбий фикр билдириш нотўғри. «Ал Ҳусайн» ҳали ўз чемпионатини бошламагани ва таркибга 9 та янги футболчи қўшилгани уларнинг зарарига ишлади. Лекин энг муҳими — бизнинг йигитлар бугун майдонда шунчаки «парвоз» қилишди!
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…