22:19 / 22.12.2017
3 118

Кутиб олинг, Эл-класико! Ҳафта топ-учрашувлари анонси

Кутиб олинг, Эл-класико! Ҳафта топ-учрашувлари анонси
Бу ҳафта ҳам қизиқарли футбол тўқнашувларига бой бўлади. Янги йил олдидан Европа лигаларида турлича вазият - Франция ва Германия танаффусга чиққан бўлса, Англияда чемпионат энг қизғин палласига кирмоқда. Италияликлар танаффус олдидан биринчи давра чемпионини аниқлаб оладилар. Ла Лигада эса, нафақат Испания, балки бутун дунё кутаётган ўйин бўлиб ўтади. Таъкидлаш керакки, бу қизиқарли футбол кунлари бугундан бошланади. Лондонда Англиянинг икки етакчи клуби орани очиқ қиладилар.

Tribuna.uz анъанага содиқ тарзда, ҳафтанинг муҳим ўйинларига эътиборингизни қаратади.

АРСЕНАЛ - ЛИВЕРПУЛЬ (22 декабр, 24:45)
Бу сафар кучли тўртлик учун кураш анча эрта бошланди чоғи. Авваллари топ клублар чемпионлик курашидан чиқиб кетгач, кучли тўртлик учун курашардилар. Бу сафар эса, «Манчестер Сити»нинг тўхтатиб бўлмас юриши, ҳамда юқори ўрин учун даъвогарлар сонининг кўпроқ эканидан келиб чиқсак, бу ўйин ҳам тўғридан тўғри рақиблар ўртасида 6 очколик ўйин сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ўйин ғолиби «боксинг дэй» олдидан 4-ўринга жойлашиб олади.

«Ливерпуль» ўтган турда «Борнмут» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва АПЛ нинг ўзига хос рекордини қайд этди - Клопп шогирдлари қаторасига 4 сафар учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозондилар. Орада «Вест Бромвич» ва «Челси» билан «Энфилд»да қайд этилган дурангларни айтмаса, жамоа жуда ажойиб барқарорлик даврига кириб олган.

«Арсенал» эса, ўз майдонида энг яхши натижа қайд этаётган жамоалардан биридир, «Юнайтед»дан қабул қилинган мағлубиятни қўшмаса, Венгер жамоаси ўз майдонида барча рақибларни ер тишлатмоқда. Бунинг устига, бу жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашуви «тўпчилар» учун шармандали 0:4 ҳисобида тугаганини эътиборга олсак, «Арсенал»нинг шаштини тахмин қила оламиз.

«Арсенал»нинг ҳафта ўртасида Лига кубоги учрашувида майдонга тушганлигини қўшимча қилиш мумкин. Бу ўйинда Венгер асосан захира ўйинчиларидан фойдаланган бўлса-да, «Ливерпуль»да ушбу учрашувга тайёрланиш учун бир ҳафта вақти бўлгани ўйин олдидан қандайдир устунлик тақдим этиши турган гап. Шунингдек, анча вақт лондонликлар сафида тўп сурган Алекс Окслейд Чемберлейннинг илк бор собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши ҳам қизиқ бўлса керак.

РЕАЛ - БАРСЕЛОНА (23 декабрь, 17:00)
Бу ўйиннинг катталиги ушбу саҳифамизга сиғмайди, бу аниқ. Албатта, бу сайтда ҳам, бошқа манбаларда ҳам бу ўйин ҳақида каттароқ превьюлар ёзилиши шубҳасиз. Биз эса, доимий формат чегарасидан чиқмаган ҳолда, бу ўйин ҳақида ҳам эслаб ўтиб кетамиз.

Ўйин Эл Класико учун ноодатий бўлган вақтда, жуда эрта бошланишига эътибор қаратишингиз мумкин. Бу ерда хитойлик томошабинлар ҳам ҳисоблашилгани аввалроқ маълум қилинганди.

«Барселона» Европада ҳали ушбу мавсумда лигада мағлубият нималигини билмай келаётган уч жамоадан бири. Сўнгги ўйинларда ўз ўйинини топиб олган ва яқинда Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ютиб, яхши кайфиятда бўлиб турган «Реал» ушбу серияни бузиш учун жуда муносиб номзоддир. Бунинг устига, бумавсумда фақат «Реал» Валверде жамоасини мағлуб эта олди – эсингизда бўлса, августда бўлиб ўтган Испания Суперкубогинингн ҳар икки ўйинида «Реал» ғалаба қозонганди.

Муҳими, мадридликларда жароҳатланган футболчилар деярли қолмади ва Зиданда ушбу ўйинда турли вариантларни синаб кўриш учун яхши имконият бор. Бэйлнинг сафга қайтгани, аммо асосий таркибда тушмаслиги, Криштианунинг айнан шу ўйин учун алоҳида тайёрланаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турибди.

«Барселона»да эса аксинча, Самуэл Умтитига қўшилиб, Алкасер ҳам сафдан чиқди. Ҳужум чизиғидаги яна бир вариант Делофеунинг ўйинга тайёр бўлиши даргумон. Усмон Дембеле машғулотларга киришган бўлса-да, у жароҳатидан олдин ҳам ҳали жамоа ўйинига киришиб улгурмаганди, ундан катта ёрдам кутиш қийин. Хайриятки, Иньеста сафга қайтди ва «Депортиво» билан ўйинда мухлислар эски «Барселона»ни ҳам, ниҳоят гол уришни бошлаган Луис Суаресни ҳам кўришди.

Меҳмонларда босимнинг камроқ экани ва дуранг ҳам улар учун ғалабага яқин эканини эътиборга олсак, улар хотиржамроқ тўп суришлари мумкин. Хулоса қилиб, ўйинда ҳар икки томон имкониятларини тенг баҳолаш тўғрироқ бўларди. «Реал» таркибдаги баланс ва ижрочиларнинг кўплиги ҳисобига, «Барселона» эса, Лео Мессининг индивидуал ҳаракатлари ёрдамида бирор натижадан умид қилиши мумкин.

«Барселона» ўзаро ўйиларда яққол устунлик қилган 2010 йилгача бўлган даврни қўшмасак, кейинги 28 ўйиннинг 10 тасида мадридликлар, 11 тасида эса, «Барселона» ғалаба қозонишган. Эл Класиколарда «Реал»нинг, айниқса, Серхио Рамоснинг (4 марта) мунтазам қизил карточка олишини ҳам таъкидлаш керак.

ЭВЕРТОН - ЧЕЛСИ (23 декабрь, 17:30)
Англия чемпионати ёки «Челси»нинг ашаддий мухлислари «Эл Класико» пайтида бошқа канални кўришлари мумкин. Сэм Эллардайс бошқарувида ўзига келаётган ва сўнгги 5 ўйиннинг 4 тасида ғалаба қозонган «Эвертон» ўз майдонида «Челси»ни қабул қилади.

«Челси» сўнгги 4 ўйинда «Эвертон» устидан ғалаба қозониб келмоқда, аммо ливерпулликларнинг айнан «Челси»га қарши сўнгги йилларда эсда қоларли ўйинлари ҳам кўп бўлган. Жумладан, Моуриньонинг истеъфосидан олдин рўй берган 3:1 ҳисобидаги ғалаба, кейин эса, Англия кубогида ҳам «Эвертон» «Челси»ни мусобақадан чиқариб юборганди.

«Челси» чоршанба оқшомида «Борнмут»га қарши Лига кубогида ўйнади. Конте етакчиларига дам беришга уринган бўлса-да, иккинчи таймда Азар ҳам, Мората ҳам захирадан майдонга туширилди. Бу ўзгаришлар оқибатда «Челси»га ғалаба келтирган бўлса-да, бироз қимматга тушди. Чунки ҳал қилувчи голни уриб, уни нишонлашда қоидани бузган Мората сариқ карточка билан жазоланди, Бу испаниялик ҳужумчининг 5-огоҳлантирилиши бўлиб, эртага майдонга туша олмайди. Бу ҳолатларда Конте Баштуайига ишонч билдириш ўрнига, кўпроқ, ҳужумчисиз ўйнашга, тўғрироги, Эден Азарни энг олдинги чизиққа қўйишга қарор қиляпти. Бу сафар қандай бўлишини кўрамиз.

«Эвертон» октябрдан бери, ўз майдонидага 4 ўйинда юз фоизлик натижа кўрсатиб келаётганини ҳам таъкидлаш зарур.

ВАЛЕНСИЯ - ВИЛЬЯРЕАЛ (23 декабрь, 20:15)
Мавсумни ажойиб тарзда бошлаб, «Барселона»нинг энг яқин таъқибчисига айланган «Валенсия» ҳақида илиқ гаплар кўп айтилди ва ҳатто ўша машҳур 2000-йиллар бошида икки марта Испания чемпиони бўлган ва икки марта Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган жамоага ҳам қиёслар бошланганди.

Аммо бу таркиб юқори вазифалар учун тайёр эмаслиги билиниб олди. Солер, Гайа, Гарай каби жамоа етакчилари бирин кетин жароҳатланди ҳамки, бу ҳолат натижаларда дарров акс этди. Жамоа сўнгги 4 ўйинда атиги 1 марта, «Сельта» устидан жуда қийин ғалабага эришди холос. «Барселона» билан дурангни тушуниш мумкин, аммо «Хетафе» билан «Эйбар»даги мағлубиятлар жамоага қимматга тушди ва «Валенсия» 3-ўринга тушиб кетди.

Бундай палла учун «Вильяреал» қулай рақиб эмас. Жамоалар ўртасида кечган сўнгги 4 ўйиндан атиги 1 тасида «Валенсия» ғалаба қозонган холос. Қизиғи, жамоаларнинг охирги уч тўқнашувида ўша ўйин мехмонларининг қўли баланд келган экан.

«Валенсия» бу ўйинда ғалаба қозона олмаса, «Севилья»ни ҳам жуда яқинлаштириб олади ва энди нафақат чемпионлик, кучли тўртлик ҳам сўроқ остида қолади. «Вильяреал» эса, ҳозир 6-ўринда бормоқда ва бу ўйиндаги ғалаба уларни ҳам кучли тўртлик, яъни чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашга қўшиши мумкин.

«Валенсия» таркибида юқорида санаб ўтилган футболчилар аста секинлик билан таркибга қайтишмоқда, балки бу фактор жамоанинг яна ижобий йўлга тушиб олишига сабаб бўлар...

ЮВЕНТУС - РОМА (23 декабрдан 24 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
«Интер»нинг мағлубияти»А Серия»даги курашни янада қиздириб юборди. «Ювентус» энди римликлар устидан ғалаба қозониши ва «Наполи»га босим қилишда давом этиши керак.

«Рома» ҳам у қадар узоқда эмас, агар ғалаба қозонса, очколари сони билан туринликларга етиб олади. Яъни чемпионлик учун курашда давом этаётган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви. «Рома» бу йўлда яна давом этадими ёки ҳамшаҳари «Лацио» каби ортга чекинадими?

Туринда ўтган охирги уч ўйинда «Ювентус» «Рома» устидан фақат минимал ҳисобларда ғалаба қозонаётганини эътиборга олсак, бу ўйин ҳам жуда кескин ўтишини кутсак бўлади. Бунинг устига, туринликлар таркибида айнан ҳужум чизиғида керакли бўлган Куардадо ва Манжукичнинг майдонга тушиши сўроқ остида тургани мезбонларнинг вазифасини янаям қийинлаштириб юбориши мумкин.

ЛЕСТЕР - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (23 декабрдан 24 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Бу жамоалар ўртасида кечаган уч йил олдинги ўйин ҳамманинг эсида бўлса керак. 3:1 ҳисобида олдинда борган Ван Гаал шогирдлари мезбонларга 4 гол уриш имкониятини бергандилар. «Лестер» ҳақида илиқ гаплар аслида ўшандан бошланган, кейинчалик, ажойиб камбэк ва келаси йилги чемпионлик... Барчаси айнан «Юнайтед» билан ўйиндан бошланганини эслаб ўтдик холос.

Аммо ўшандан бери лестерликлар «МЮ» устидан ғалаба қозона олмаяптилар. Қаторасига 3 дурангдан сўнг, Жозе Моуриньо услуби «Лестер» учун жуда ноқулай бўлиб чиқди, умумий тўплар фарқи 9-1 ҳисобида уч мағлубият қабул қилиб олинди. Асосан тезкор қарши ҳужумларга таянадиган «Лестер» учун анча орқада ҳимояланадиган «Юнайтед» ростан ҳам бироз ноқулайлик туғдиради. Бу ҳолатда «Лестер»нинг асосий қуролллари унча иш бермайди. Лекин тан олиш лозимки, мавсум бошида «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган ўйинда «Лестер» анча муносиб қаршилик кўрсатган ва фақат сўнгги чоракдагина мезбонлар ҳисобни очишганди.

Клод Пьюелнинг келиши «Лестер»нинг натижаларини яхшилаб юборди. Мавсум бошида хавфли зоналарда юрган «тулкилар» жуда яхши серия ўтказиб, кучли саккизликка кириб олишди. Фақат ўтган турда ўз майдонида «Кристал Пэлас»дан қабул қилинган йирик мағлубият сўнгги натижаларга бироз соя солиб турибди холос.

«МЮ» таркибида уч ўйинда дисквалификация муддатини ўтаган Пол Погба қайтаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

БЁРНЛИ - ТОТТЕНҲЭМ

Агар августда кимдир, 19-турдан жой олган ушбу ўйин пайтида, бу жамоалар турнир жадвалида қўшни бўладилар, деб айтганида, ё ўша одамни эсини еганликда айблардик ёки «Тоттенҳэм»нинг бу қадар пастга тушиб кетиши нимадан бўлар экан, деб ўйланиб қолардик.

Йўқ, «Тоттенҳэм»нинг ишлари у қадар ёмон эмас, аксинча, Шон Дайч жамоасига ҳар ҳафта ҳайрон қолишда давом этяпмиз. «Бёрнли» ўтказган 18 ўйиннинг тенг ярмини ютишга муваффақ бўлди ва ҳозир «Тоттенҳэм»дан кўпроқ очко тўплаган ҳолда 6-ўринда бормоқда.

Август ойида ўз майдонидаги ўйинларда тинмай очко йўқотган «Тоттенҳэм» эса, энди сафарда ғалаба қозонишни унутиб қўйгандек. Почеттино жамоаси сафардаги охирги 5 ўйинда ғалаба нималигини билмаяпти. Бу давр мобайнида «МЮ». «Арсенал», «Лестер», «Манчестер Сити» жамоаларидан мағлубият қабул қилинди. «Уотфорд» билан дурангга имзо чекилди.

Жамоаларнинг августдаги ўйини ҳам жуда драматик якунланган - «Бёрнли» ўйиннинг сўнгги дақиқасида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлганди.

Бошқа ўйинлар:
23 декабрь: Сассуоло - ИНТЕР (19:00), НАПОЛИ - Сампдория (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ - Борнмут (20:00), МИЛАН - Аталанта (22:00)

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кутиб олинг, Эл-класико! Ҳафта топ-учрашувлари анонси