Самвел Бабаян Латвия чемпионини бошқаради!

  • 27-03-2018, 20:39
  • 1 143
  • Спорт
  • Самвел Бабаян Латвия чемпионини бошқаради!
    Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян Латвия чемпиони "Спартак" Юрмала жамоасининг бош мураббийига айланди. Бу ҳақда championat.asia хабар бермоқда.

    Хабарда айтилишича, кетма-кет иккинчи йил Латвия чемпионига айланган "Спартак" жамоасида Самвел Бабаянга Виктор Жалилов ҳамда Григорий Колосовский ёрдамчи мураббий сифатида кўмаклашишади.

    Сайт ходимлари ЎФА Самвел Бабаянни футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштиргани борасида Латвия футбол федерациясига мурожаат қилганида, улар ЎФА Ижроқўми Бабаяндан 1 февраль куни дисквалификацияни олиб ташлаганини тасдиқлашган. Шу боисдан ҳам Самвел Бабаян эндиликда хорижда мураббийлик фаолиятини давом эттириши мумкин.

    "Спартак" Юрмала Латвия чемпиони сифатида келаси мавсумда ЕЧЛ саралаш босқичидан ўз иштирокини бошлайди. Самвел Бабаян ЕЧЛ доирасидаги ўйинда иштирок этадиган илк ўзбекистонлик мутахассисга айланиши мумкин.

    Латвия чемпионатининг янги мавсуми келаси ҳафта старт олади. Бабаян 1 апрель куни Латвия чемпионатидаги ўз дебютини "Елгава" жамоасига қарши ўтказади.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида “Cамвел Бабаян ва унинг штаби жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай олмагани муносабати билан" Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби бутунлай тарқатиб юборилганди.

    » » Самвел Бабаян Латвия чемпионини бошқаради!