16:15 / 31.05.2018
2 973

Санжар Турсунов: "Ҳар бир футболчи Ватани терма жамоа­си либосида майдонга тушишни орзу қилади"

Санжар Турсунов: "Ҳар бир футболчи Ватани терма жамоа­си либосида майдонга тушишни орзу қилади"
Қатар юлдузлар лигасининг якунланган мавсумида «Ал-Дуҳайл» катта устунлик билан мамлакат чемпиони бўлди.

Икки клубнинг бирлашишидан ташкил топган жамоа чемпионатни мағлубиятсиз якунлади. 22та ўйиндан роппа-роса 60 очко жамғарган ушбу клуб энг яқин таъқибчиси - Хави сардорлигидаги «Ал-Садд»ни 11 очкога ортда қолдирди.

«Ал-Райян» эса 43 очко билан бронза медалини қўлга киритди. Биз бежиз Қатар юлдузлар лигаси ҳақида сўз бошламадик. Якунига етган мавсум ушбу араб мамлакати чемпионатида икки ҳамюртимиз тўп суришди.

Миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов «Ал-Сайлия», ярим ҳимоячи Санжар Турсунов эса «Ҳарайтият» клуби шарафини ҳимоя қилди. Абдухолиқов жамоаси мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган бўлсада, якунда 28 очко билан 6-ўринни эгаллади.

Турсуновнинг клуби учун эса чемпионат омадсиз келди. «Ҳарайтият» 16 очко билан турнир жадвалининг охиридан иккинчи бўлди.

Ҳам­юртимиз деярли барча ўйинларда асосий таркибда майдонга тушиб, жамоадошлари орасида ажралиб турди. Қанот ярим ҳимоячиси бўлишига қарамай, 4та гол уришга эришди.

Биз Доха шаҳрида бўлиб турган Санжар билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Санжар, жамоангиз мавсумни анча омадсиз ўтказди. Якунда охиридан иккинчи бўлдинглар. Омадсизликнинг асосий сабаблари нимада? Бундай бўлишига етарлича асослар бор эдими?

- Ҳа, албатта, бунинг етарлича сабаблари бор эди. Биринчи турдаги омадсиз ўйиндан сўнг мураббийлар томонидан тактик ўзгартириш киритилди. Иккинчи турда мутлақо бошқача услубда ўйнадик. Бу ҳолат кейинги ўйинларда ҳам кузатилди.

Ҳатто битта учрашувда икки хил тактикада ҳаракат қилган пайтларимиз ҳам бўлди. Табиийки, бу ҳолат жамоамизнинг ўйинига салбий таъсир ўтказди. Энди бир ўйин услубига ўргандик, деганда, яна ўзгаришлар амалга оширилди. Қолаверса, биринчи давранинг ўзида таркиб борасида муаммоларга дуч келдик.

Асосий футболчиларнинг кўпи жароҳат олиб, маълум муддатга сафдан чиқишди. Захира ўриндиғимизнинг торлиги сабаб йўқотишлар ўрни муносиб тарзда тўлдирилмади. Бу ҳам омадсиз иштирокка сабаб бўладиган ҳолат эди.

- Сизлардан юқорироқ ўринларни эгаллаган клублардан таркиб борасида устунмидинглар ёки аксими?

- Қатар юлдузлар лигасида 4-5та клуб бошқалардан ҳам таркиб, ҳам молиявий томонлама яққол устун. Айниқса, кучли учликдан жой олган жамоалар қолган клублардан сезиларли даражада кучли эди. Буни очколар нисбатига қараб ҳам билиб олишингиз мумкин.

Шу 4-5та жамоа­дан ташқари қолган клубларнинг савияси деярли бир хил. Масалан, ўтган йили биз чемпионатни 7-ўринда якунлагандик. Ваҳоланки, ўшанда таркиб бўйича кучлироқ бўлган жамоалар биздан пастроқ ўринларни банд этишганди.

Футболда буни аниқ бир сабаб билан изоҳлаш қийин. Омадсиз иштирокнинг асосий сабаблари сифатида юқорида айтган фикримда қоламан. Муваффақиятсиз иштирокимизга таркибдан кўра, ҳар бир ўйиндаги ўзгарувчан тактикалар сабаб бўлди.

- Клуб раҳбарияти мавсум якунлари ва таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказдими? Агар ўтказган бўлса, унда нималар ҳақида сўз борди?

- Йўқ, мавсум якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилмади. Сўнгги турда ғалаба қозондик ва юлдузлар лигасидаги ўрнимизни сақлаб қолдик. Ўша учрашувдан сўнг клуб раҳбарияти ўйин ва ғалаба учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Кейин Қатар футбол федерациясининг мавсум якунларига бағишланган тадбири ўтказилди ва унда биз ҳам иштирок этдик. Энг муҳими, кучлилар сафида қолиш вазифасини уддаладик. Ваҳоланки, чемпионат бошидаги салоҳиятимиз билан юқорироқ ўринларга муносиб эдик.

- Қатардаги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз? Сўнгги мавсумдан кўнглингиз қисман бўлсада тўлдими?

- Афсуски, ўтган мавсумдан кўнглим тўлмади. Ишонинг, ўтказилган ўйинларда фақат дарвозани қўриқламадим. Қолган барча позицияларда ўйнаб чиқишимга тўғри келди.

Ҳар иккала қанот ярим ҳимоясида, ҳужумчи ортида, таянч ярим ҳимоячи зонасида, мудофаанинг ўзида ва ҳаттоки, соф ҳужумчи ролини ҳам бажардим. Мураббийлар ҳам мажбурлигидан шундай йўл тутишди. Жароҳатланган ва дисквалификацияга учраган футболчилар меъёридан ошиб кетганди.

Уларнинг ўрнини тўлдириш, кемтикларни беркитиш мақсадида бошқа чизиқ вакиллари ҳам «ҳашар»га ошиқишди. Бутун мавсум давомида ўз позициямда ҳаракатлана олмаганим учун ҳам ўйинимдан кўнглим тўлмади.

- Қатар чемпионатидаги фаолиятингиз орқали ўсишга эришдингизми ёки...?

- Ҳар бир мавсумнинг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади. Хориж чемпионатидаги ўйинларда, барибир, ижобий жиҳатлар кўпроқ кўзга ташланади. Кўзга кўринган легионерлар ўйнайдиган чемпионатда шунга яраша тажрибангиз ҳам ошиб бораверади.

Лекин таққослайдиган бўлсам, Украина ва Россия чемпионатларидаги иштирокимдан кўра, Қатарда кўпроқ футболчи сифатида ўсишга эришдим. Бежизга юлдузлар лигаси деб юритилмайди.

Чемпионатда жаҳон юлдузлари етарли ва уларга қарши кечган ўйинларда тажрибамни ошириб бордим. Кўнгилни хира қиладигани эса - жамоамизнинг муваффақиятсизликка юз тутгани.

Битта ғалаба қуйи лигага тушиб кетмаслигимизга хизмат қилди. Биз 16 очко жамғарган бўлсак, сўнгги поғонадаги «Ал-Маркия» 13 очко билан қуйи дивизионга тушиб кетди.

- Эндиги режаларингиз қандай? Қатарда қоласизми ёки бошқа вариантларни кўриб чиқасизми?

- «Ҳарайтият» билан амалдаги шартномам бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 1 июнь санасида якунланади. Айни пайт бир нечта Қатар клублари билан музокара олиб бор­япмиз. Агар ҳаммаси жойида бўлса, янги мавсумни ҳам юлдузлар лигасида бошлайман. Ҳозирча бу борада аниқ бир маълумот йўқ.

- Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз ҳам мумкинми?

- Билмадим. Менимча, янги мавсумни ҳам легионер сифатида хориж клубларининг бирида ўтказсам керак. Қатардан аниқ таклифлар бор. Яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда энг мақбул вариантни танлаймиз.

- Миллий терма жамоамиздаги ўзгаришларни кузатиб боряпсизми? Бу борада фикрингиз қандай?

- Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиздан кейин футболимизда кескин ўзгаришлар кузатилиши шарт эди. Амалда ҳам шундай бўлди. Федерация раҳбарияти янгиланди. Деярли ҳар куни ўзбек футболида ҳеч бўлмаса битта янгилик бўляпти.

Ўйлайманки, бу ўзгаришлар албатта, ўз мевасини беради. Катта ҳажмдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда. ФИФА ва ОФК ташкилотлари, дунёнинг футболи тараққий этган давлатлари футбол федерациялари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланяпти.

Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетмайди. Ўзгаришлар самараси ўлароқ, кейинги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам мундиалда иштирок этади.

- Эрон, Марокаш ва Сенегал терма жамоаларига қарши кечган ўртоқлик ўйинларини кўрдингизми? Шу таркиб ва ўйин услуби билан ижобий натижаларга эришиш мумкинми?

- Терма жамоамизнинг учала ўйинини ҳам телевизор орқали кузатдим. Африка терма жамоаларига қарши энг кучли таркибимиз ўйнади, дейиш мумкин. Марокаш ва Сенегал Россиядаги жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳисобланади.

Уларнинг кучига ортиқча таъриф бериш ҳам шарт эмас. Федерация ташаббуси билан шундай кучли жамоаларга қарши ўйнаётган эканмиз, демак футболимизда ўзгаришлар бўляпти. Эрон терма жамоасига қарши эса ёшартирилган таркиб ҳаракат қилди.

Асосан олимпия терма жамоаси ёшидаги футболчилар ўйнашди. Лекин шахсан менга уларнинг ўйи­ни, интилиши, ҳаракатлари ёқди. Умуман олганда, ҳозирги таркиб ҳам, ЖЧ-2018 саралашида ўйнаган жамоа ҳам ўзига яраша кучли эди.

Афсуски, саралашнинг сўнгги ўйинларидаги омадсизлик сабаб жаҳон чемпионати йўлланмасидан аламли тарзда маҳрум бўлдик. Мундиал чиптасини қўшқўллаб рақибларга топширдик.

Ўша пайт нима бўлгани, айб кимда эканлигини мен айтмасам ҳам ҳамма билади. Келинг, шу боис у ўйинларни эсламаймиз. Эслаган сари дард янгиланаверади.

- Терма жамоадан чақирув олишдан умидингизни уздингизми?

- Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир футболчи ўз Ватани терма жамоа­си либосида майдонга тушишни орзу қилади. Битта ўйинда бўлса ҳам майдонда ҳаракат қилиш бахт ҳисобланади.

Терма жамоага янги мураббий та­йинланишини мен ҳам кўпчилик қатори кутяпман. Ҳали чақирувдан умидимни узганим йўқ. Фаолиятимни тугатиш ҳақида ўйламаяпман. Шу сабабли ҳар куни миллий жамоадан чақирув бўлишини интизорлик билан кутяпман.

Менимча, термага номзод бўлган, кенгайтирилган таркибдан жой олган ҳар бир футболчида худди мендаги истак бор. Ўйлайманки, ҳали бош жамоамиз либосида майдонга тушиш насиб этади.

- Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб бораётган бўлсангиз керак? Агар шундай бўлса, шу кунгача ўтказилган ўйинлар ҳақида нима дея оласиз?

- Чемпионат номи Суперлигага ўзгартирилишининг ўзи янгилик сари ташланган илк қадам эди. У ўз номига мос тарзда ўтказиляпти. Буни ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин. Ҳар бир турда камида битта ёки 2-3та кутилмаган натижалар қайд этиляпти.

Агар ана шундай кутилмаган натижалар кузатилмаса, у чемпионатнинг савияси паст бўлади. Қолаверса, турнинг деярли барча ўйинлари жонли тарзда эфирга узатилаётгани ҳам ажойиб янгиликлардан бири бўлди.

Футбол мухлислари шиддатли баҳсларни тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятини қўлга киритишди. Бир сўз билан айтганда, чемпионатимизда ўсиш кўзга ташланяпти ва бундан ҳамма хурсанд.

- Европа Чемпионлар Лигаси финалида «Реал» ва «Ливерпуль» жамоалари тўқнаш келишади. Бу учрашувдан нима кутяпсиз? Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- Жуда яхши ўйин бўлади, деб ўйлайман. Иккала жамоанинг ўйин услуби турлича. Бир-бирига ўхшамайди. Ҳозирдан айтиш мумкинки, стадионга ташриф буюрадиган мухлислар ҳам, ўйинни телевизор қаршисида томоша қиладиганлар ҳам асло зерикиб қолишмайди.

«Ливерпуль» ҳужумкор футбол намойиш этадиган жамоа. Кўрамиз, «Реал» бу тактикага қандай ўйин билан жавоб берар экан. Мен «Ливерпул»га мухлислик қиламан.

- Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолди. Россиядаги мундиалда қайси жамоага ишқибозлик қиласиз ва сизнингча, қайси иштирокчи якунда чемпион бўлади?

- Очиғини айтсам, Россия термасига мухлислик қиламан, гарчи бу жамоанинг имкониятлари жуда ҳам юқори бўлмасада. Албатта, чемпионликка даъвогарлар етарли.

Германия ва Аргентинани алоҳида таъкидлаган бўлардим. Бельгия шов-шув кўтариши мумкин. Месси учун ҳам Аргентина терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлишини хоҳлардим.

- Таътил қандай ўтяпти?

- Таътил бошланганига анча бўлди. Испанияга саёҳат уюштирдим. «Камп Ноу» стадионида «Барселона» ва «Атлетико» жамоалари учрашувини томоша қилдим. Каталонияда 3-4 кун туриб, кейин Мадридга бордим.

Испания пойтахтида ҳам 2-3 кун қолдим. Энди шу кунларда Ўзбекистонга қайтиб, таътилнинг сўнгги қисмини оила аъзоларим, яқинларим даврасида ўтказиш тараддудидаман.

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санжар Турсунов: "Ҳар бир футболчи Ватани терма жамоа­си либосида майдонга тушишни орзу қилади"