15:38 / 15.07.2018
1 925

“Реал” Роналдусиз қандай кўриниш ҳосил қилиши мумкин?

“Реал” Роналдусиз қандай кўриниш ҳосил қилиши мумкин?
Португалиялик футболчи Ла Лигадаги 9 йиллик фаолиятидан кейин “Сантьяго Бернабеу”ни тарк этди. Мадридликларнинг олдида турган муҳим масала энди – Роналдусиз қандай ўйнаш кераклиги кўндаланг турибди. Қуйида бу ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Криштиану Роналду энди “Реал Мадрид” ўтмишининг бир парчасига айланди. Беш карра “Олтин тўп” соҳиби бу ҳафтада “Ювентус” клубига катта маблағлар эвазига кўчиб ўтди. “Реал” эса 2009-йилдан бери биринчи бор жамоани усиз тузишга мажбур.

Португалиялик ҳужумчи тўққиз мавсумдан бери испан клубининг асосий таркибида ўйнаб келди. “Манчестер Юнайтед”дан келиб қўшилганидан бери у таркибнинг энг йирик юлдузи мақомида ҳаракат қилди.

Роналду “қаймоқранглилар” учун 438 ўйинда 450 гол уришга эришди. Бу вақт оралиғида 16 совринга эга чиқди. Улар орасида Зидан қўли остида беш мавсум ичида тўрт марта эга чиққан Чемпионлар Лигаси соврини алоҳида ўрин тутади.

Аммо Зинедин Зидан ортиқ бош мураббий эмас. У Киевда “Ливерпуль”га қарши баҳсдан сўнг клуб бошқарувини тарк этди ва унинг ўрнига Испания термаси бошқарувидан Хулен Лопетеги олиб келинди.

Лопетегининг дастлабки иши энди Роналдуга муносиб ўринбосар топиш бўлади. Ёзда ким келишидан қатъий назар, у жуда катта обрўга эга бўлиши талаб этилади. Роналдунинг 450 голи, Чемпионлар Лигасида эришган ютуқларини унча-мунча футболчи тўлдира олмайди.

Шунга қарамай, мадридликлар олға қадам ташлаши керак. Зеро ўтмишда Роналдудан аввал ҳам кучли юлдузлар тарк этган. Булар сирасига Алфредо Ди Стефано, Пако Хенте, Раул ва бошқалар.

Демак, кейинги мавсум учун “Реал” таркиби қуйидагича кўриниш ҳосил қилиши мумкин. Роналдусиз ўйнаш қанчалик омадли чиқишини эса вақт кўрсатади.

Роналду ролида Неймар

Лопетеги 4-3-3 ўйин схемасида ўйнашни ёқтиради, агарда клуб Роналдунинг ўрнига Неймарни олиб келишнинг уддасидан чиқса, мадридликларнинг ҳужум учлиги даҳшатли кўриниш ҳосил қилиши аниқ.

Роналду кўп вақтини марказий ҳужумчи позициясида ўтказган бўлсада, у чап қанотдан ҳужумга қўшилишни ёқтиради. Бу эса “ПСЖ” вакилининг ҳам энг севимли амплуаси ҳисобланади.

Неймар тўрт мавсум каталонияликлар сафида айнан чап қанот ҳужумчиси вазифасида ўйнади. Миллий терма жамоасида ҳам айнан шу позицияда ҳаракат қилади. Хуллас, Неймар Бензема ва Бейллар билан кучли учликни яратиши мумкин. Лопетегида эса қўшимча вариантлар ҳам бор. У Иско, Марко Асенсио ва Лукас Васкеслардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Мбаппе ўнгда, Бейл чапда

Килиан Мбаппе Жаҳон Чемпионатининг кашфиётларидан бири бўлди ва у ўтган ёзда “Реал” имзоламоқчи бўлган футболчилардан бири. Бироқ у ўшанда Парижга кўчиб ўтишни маъқул топган эди.

Роналду жамоани тарк этганидан кейин франциялик иқтидор эгаси “Реал”га ўтиши эҳтимоли ошган. 19 ёшли ҳужумчи мадридликларнинг ўнг қанотидан ўрин олса, Гарет Бейл ўзининг аввалги позицияси – чап қанотга қайтиши мумкин. Бейл бу нуқтада “Тоттенхем”да омадли иштирок этган. Бироқ Мадридда Роналду туфайли у ўз позициясини ўзгартиришга мажбур бўлганди.

Азар даврани кенг олиши мумкин

Роналдунинг ўрнини тўлдириши кутилаётган навбатдаги истеъдод эгаси бу Эден Азар. Бельгиялик футболчи “қаймоқранглилар”да ўйнаш истаги борлигини айтиб, Ла Лига вакили мутасаддиларини ўзига жалб қилди.

“Челси” ҳужумчиси Лондонда олти мавсум ўтказди ва унинг қаҳрамони Зидан ортиқ “Сантьяго Бернабеу”да бўлмаса ҳам, олдинга қадам ташлаш вақти келганини тушуниб етган кўринади.

Асенсиога порлашига имкон бериш

Асенсио дунёнинг энг умидли ёш иқтидор эгаси ҳисобланади. У клубда чекланган ўйин амалиёти учун муносиб тарзда курашиб келди.

Энди Роналду кетгач, 22 ёшли футболчи учун назоратни қўлга олишнинг айни вақти. Лопетеги ҳам “Мальорка” тарбияланувчисининг ҳақиқий мухлиси. Ўтган икки мавсумда мос равишда 10 ва 11 гол уришга эришган Марко ўзининг кўрсаткичларини яхшилаши кутилмоқда. Аммо у майдондаги ўйин дақиқаларини орттира оладими, ҳозирча бирор нима дейиш қийин.
Эркинжон Ғайбуллаев

Манба: Sports.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)