09:58 / 22.07.2018
2 173

Контенинг “Челси”дан кетишига сабаб бўлган 5 та хатоси

Контенинг “Челси”дан кетишига сабаб бўлган 5 та хатоси
“Челси”да узоқ кутилган истеъфо ниҳоят ўтган ҳафтада содир бўлди. Клуб раҳбарияти билан ўзаро зиддиятда бўлган Антонио Конте Маурицио Сарри билан алмаштирилди.

Ўтган мавсумда клубни Англия Кубоги чемпиони қилганига қарамай италиялик мураббий ўзининг клубдаги иккинчи мавсумини жуда кучсиз ўтказди. Бунга унинг йўл қўйган бир қатор хатолари сабаб бўлди. Қуйида Контенинг жиддий хатоларини таҳлил қиламиз.

Унинг “Стэмфорд Бридж”даги дастлабки мавсуми жуда муваффақиятли чиқди. У клубни рекорд кўрсаткич 30 ғалаба ва 13 ўйинлик ғалабали сериядан иборат натижалар билан Англия чемпионига айлантирди.

Шунга қарамай, Конте Моуриньо каби иккинчи мавсумни ўта омадсиз ўтказди. Топ-6 рақибларидан қолиб кетган “аристократлар” нафақат чемпионликни муносиб ҳимоя қилолмади, камига Чемпионлар Лигасидан ҳам қуруқ қолди. Бироқ Конте қаерда хатога йўл қўйди? Бу кўпчилик футбол мухлисларини ўйлантирган савол бўлиб қолмоқда.

Диего Коста машмашаси
Конте ўзининг “Челси”даги сўнгги мавсумида жамоанинг етакчи ҳужумчиси Диего Коста билан низога борди. 2016-йилда италиялик мураббий келгач “Атлетико”нинг Бразилияда туғилган ҳужумчисига катта ишонч билдирди. Коста эса унга билдирилган ишончни тўлиқ оқлади. У барча мусобақаларда жами 22 гол уришга эришди. Шундан 20 таси Премьер Лига ўйинларига тўғри келади.

Бироқ 2017-йил июнида Конте телефони орқали Костага жамоани тарк этиши мумкинлиги, боиси ҳужумчи унинг режаларига кирмаслиги ҳақидаги СМС-хабарни юборди.

Бу тариқа бошланган низо машғулотлар майдончасида ҳам давом эттирилди. Коста эса “Атлетико”га қайтишга рози бўлди, бироқ “матрослар”га қўйилган таъқиқ туфайли у қишгача Лондонда қоладиган бўлди. Конте эса ҳужум чизиғидаги сифатни йўқотиб қўйди.

Мавсум дебютидаги кучсиз старт
Ундан олдин Моуриньо дуч келганидек, Конте чемпионликни эгаллаган йилида бажарганидек асосий таркиб футболчиларига узоқ вақт дам олиш имконини берди. 2014-15-йилги мавсумда ҳам Моуриньо мавсумолди тайёргарлик учун 4 та ўйин ўтказди. Премьер Лиганинг дастлабки беш турида эса бирорта ғалабани қўлга кирита олмаган эди.

Конте эса Моуриньонинг натижаларини яхшилади. У тўртта ўйиннинг иккитасида ғалаба қозонди. Боз устига улар ўртоқлик ўйинларини ҳам етарлича ташкил қила олишмади. Бу эса ўзининг акс таъсирини дастлабки турдаёқ намойиш қилди. “Кўклар” “Бёрнли”дан 3-2 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди.

Даҳшатли январь
Мавсум стартини кучсиз ўтказгани етмагандек, “нафақахўрлар” иккинчи давранинг дебютини ҳам жуда омадсиз ўтказди. Янги йилнинг илк кунларида омад “Челси”дан бутунлай юз ўгирди.

Январь ойида улар барча мусобақаларда тўққиз ўйин ўтказди. Улар дастлаб “Арсенал” билан дурангга имзо чекди. Кейин қаторасига уч ўйинда 0-0 ҳисобидан нурсиз дуранглар серияси содир бўлди. “Норвич”га қарши тўртинчи дуранг ҳам содир бўлди. Бироқ ҳисоб 1-1 кўринишида якун топди.

Ягона ғалаба 20-январь куни “Ньюкасл” устидан қозонилди. “Кўклар” “қарғалар”ни йирик 3-0 ҳисобида таслим этди. Қишки трансфер ойнасининг сўнгги кунини “Челси” ўртамиёна “Борнмут”дан учралган мағлубият билан якунлади. Лондонликлар ўз сафини Росс Баркли, Оливье Жиру ва Эмерсонлар билан кучайтириб олди. Клубни эса Миши Батшуайи ижара асосида тарк этди.

“Тоттенхем”дан учралган мағлубият
Контенинг омадсиз иштироки кўпчиликнинг ҳаёлида клубни тарк этиши муқаррар бўлиб улгурди. Сўнгги умидларни эса 1-апрель куни “Тоттенхем”дан қабул қилиб олинган мағлубият сабаб бўлди.

Бу мағлубият “кўклар”нинг кучли тўртликдан чиқиб кетишига сабабчи бўлди. Камига “тақачилар” рекордни янгилашди. 28 йилдан бери “Тоттенхем” “Стэмфорд Бридж”да ғалаба нималигини билмай келмоқда. Сўнгги марта улар 1990-йилда 2-1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишган экан.

Футболчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги
“Челси” ва Конте мавсумни юқори нотада – Англия Кубоги финалида “Манчестер Юнайтед”ни 1-0 билан мағлуб этиб якунлади.

Бироқ ғалаба нашидаси Виллианнинг Инстаграм ижтимоий тармоғига қўйган хабаридан кейин ўз ниҳоясига етди.

Ғалаба онларини бўлишиш футболчилар учун одатий ҳол ҳисобланади. Виллиан эса хабарда “Челси”нинг бутун таркиби жамланган фотони улашган эди. Унда Виллиан Контени учта соврин эмоджиси билан беркитиб қўйган эди. Бу ҳам қисман унинг клубдан кетишига шаъма эди.

Юқорида тилга олинганлар албатта “айсберг”нинг бир учи, холос. Футбол жамоатчилигига маълум бўлган сабаблар ҳам бисёрки, якунда Конте клубни унча яхши бўлмаган вазиятда тарк этди.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Контенинг “Челси”дан кетишига сабаб бўлган 5 та хатоси