Челси ўз уйини Шахтёрга берди: Чемпионлар лигаси Лондонда

Англиянинг афсонавий стадионларидан бири бўлган Стемфорд Бриж жорий мавсумда ҳам Чемпионлар лигаси ўйинларини қабул қилади, бироқ майдонга тушадиган жамоа мезбон Челси эмас, балки Украинанинг Шахтёр клуби бўлади. Goal.com хабар беришича, Премер-лига гранди ва Украина чемпиони ўртасида ўзаро келишув имзоланган бўлиб, унга кўра Донецк жамоаси Европанинг нуфузли турниридаги уй учрашувларини Лондонда ўтказади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълумки, Донецкнинг Шахтёр клуби Донбас Арена стадиони ва ўз уйидан маҳрум бўлганидан буён халқаро майдондаги ўйинларини ўз Ватанидан ташқарида ўтказишга мажбур бўлмоқда. Украина футболининг давом этаётган оғир шароитлари фонида қабул қилинган ушбу қарор жамоага Европа кубокларида муносиб қатнашиш имконини беради. Лондон шаҳрининг танланиши эса географик ва демографик жиҳатдан ҳам стратегик қадам бўлди.
Лондонлик мухлислар ва қўллаб-қувватлаш
2021-йилги Буюк Британия аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, мамлакат пойтахтида тахминан 19 минг украиналик истиқомат қилган. 2022-йилдаги воқеалардан сўнг эса бу кўрсаткич яна 45 минг нафарга кўпайган. Бу эса Шахтёр учун Лондонда тайёр мухлислар армияси ва кучли муҳит мавжудлигини таъминлайди.Челси клубининг ўтган мавсумни Англия Премер-лигасида 10-ўринда якуни ва еврокубоклардан четда қолгани ушбу ҳамкорликни амалга оширишни анча осонлаштирди. Лондондагиларнинг халқаро ўйинлар тақвимида бўшлиқ юзага келгани Стемфорд Бриж стадионининг Шахтёр ихтиёрига берилишига йўл очиб берди. Украина чемпионати ғолиби сифатида Чемпионлар лигасининг умумий босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олган Донецк клуби ўзининг камида тўртта уй учрашувини мазкур арена ўтказиши кафолатланган.
Тарихий ҳамкорлик ва ҳиссиётлар
Украина клуби раҳбарияти ушбу келишувдан мамнун эканини яширмади. Шахтёр томонидан эълон қилинган расмий баёнотда шундай дейилади: “Чемпионлар лигасидаги уй учрашувларимизни Стемфорд Бриж стадионида ўтказиш биз учун ўзгача имкониятдир. Челси клубига ўйинларимизни ушбу махсус масканда қабул қилишга рухсат бергани учун миннатдорлик билдирамиз”.Шунингдек, баёнотда Стемфорд Бриж жаҳон футболининг энг машҳур ва бой тарихга эга стадионларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланган. Клуб вакиллари Лондондаги баҳслар нафақат украиналиклар, балки инглиз футбол мухлисларига ҳам унутилмас ҳиссиётлар тақдим этишига ишонч билдиришди. Эслатиб ўтамиз, Шахтёр сўнгги йигирма йил давомида Чемпионлар лигасининг доимий қатнашчиси бўлиб келмоқда ва жамоанинг турнирдаги энг яхши натижаси 2010—2011-йилги мавсумда чорак финалга қадар етиб боргани ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…