Мейвезер декабрда Пакьяо билан реванш жанги ўтказишини маълум қилди (видео)

  • Спорт
  • 16-09-2018, 08:58
  • 454
  • Мейвезер декабрда Пакьяо билан реванш жанги ўтказишини маълум қилди (видео)
    Америкалик боксчи Флойд Мейвезер шу йилнинг декабрида филиппинлик Мэнни Пакьяо билан реванш жангини ўтказади. У бу ҳақда Instagram’да маълум қилди.

    Америкалик боксчи 2017 йилнинг 26 августида аралаш услуб жангчиси Конор Макгрегор устидан ғалаба қозонганидан сўнг фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Мейвезерга рингга қайтишни таклиф қилишган, аммо у рад жавобини берганди.

    "Мен Пакьяо учун рингга қайтаман, - деб ёзди у. –Тўққиз хонали сондан иборат яна бир шартнома".

    Мейвезер ва Пакьяо ўртасидаги биринчи жанг 2015 йилнинг 2 май куни Лас-Вегасда бўлиб ўтганди. Ўртага Мейвезерга тегишли WBC ва WBA камарлари ҳамда Пакьяога тегишли WBO камари қўйилганди. Ушбу жангда ғалаба қозонган Мейвезер бокс тарихидаги рекорд гонорар - 210 миллион долларни қўлга киритган, Пакьяо эса фаолияти давомидаги энг катта гонорар - 140 миллион долларга эга бўлганди.

    Мейвезер ҳеч қачон мағлубиятга учрамаган боксчи ҳисобланади, у профессионал рингда ўтказган 50та жангнинг барчасида ғалаба қозонган (27 нокаут). У фаолияти давомида WBC, WBA, WBO ва IBF чемпиони бўлган, Ring журнали талқинига кўра олти марта вазн тоифасидан қатъи назар энг яхши боксчи деб топилган.

    Пакьяо саккизта вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Филиппинлик боксчи вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири ҳисобланади, у фаолияти давомида 69 жанг ўтказиб, 60тасида ғалаба қозонган (39 нокаут), еттитасида мағлуб бўлган ва икки марта дурангга эришган. Мэнни 2016 йилда Филиппин конгрессменлигига сайланганидан сўнг фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Аммо ярим йилдан сўнг рингга қайтиб, америкалик Жесси Варгасни енгди ва ярим ўрта вазнда WBO камарини қўлга киритди.

    Сўнгра эса австралиялик Жефф Хорндан мағлубиятга учради. Филиппинлик боксчи сўнгги жангини шу йилнинг 15 июлида ўтказган бўлиб, аргентиналик Лукас Матиссени техник нокаутга учратди ва WBA камарини қўлга киритди.

    » » Мейвезер декабрда Пакьяо билан реванш жанги ўтказишини маълум қилди (видео)
    Яндекс.Метрика