08:55 / 12.10.2018
2 803

Эктор Купер ўз ишига жиддий ёндашмоқда. Буни нималарда кўриш мумкин?

Эктор Купер ўз ишига жиддий ёндашмоқда. Буни нималарда кўриш мумкин?
Айни кунларда Ўзбекистон терма жамоаси Эктор Купер мураббийлигидаги иккинчи йиғинини ўтказмоқда. Йиғин доирасида 13 октябрь куни КХДР, 16 октябрда Қатар термаларига қарши ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтади. «Tribuna.uz» сайти миллий жамоа машғулотлари ва аргентиналик мутахассис фаолиятига оид баъзи маълумотларни тақдим этди.

Футболчилар тушга қадар тренажер залида шуғулланишяпти. Майдондаги машғулотлар бир маҳал – кечга яқин 1,5 соат давом этмоқда, шундан сўнг меҳмонхонага қайтиб, яна 1,5 соат давомида бассейнда танани чиниқтириш амалиётлари ташкил этиляпти.

Хусусан, мураббий кўрсатмасига кўра, футболчилар ҳар куни аввал 15 дақиқага музли ванна қабул қилиб, сўнг саунага йўл олишмоқда. Шундан кейин нормал ҳароратдаги бассейнда тикланиш жараёни олиб бориляпти.

«Tribuna.uz» манбаси берган маълумотга кўра, шу мақсадда терма жамоа учун ҳар куни 200 кг муз тайёрлаш зарурати туғилган. Натижада айни пайтга келиб ЎФА сувни муз бўлакларига айлантирувчи махсус қурилмани ижарага олишига тўғри келган.

Сайт мухбирининг аниқлашича, бош мураббий Эктор Купернинг талабига кўра, нафақат ўйинлардан олдин, балки кейин ҳам бассейндаги ана шундай уч босқичли тикланиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Яъни терма жамоа аъзолари учрашувлардан сўнг меҳмонхонадаги номерларига эмас, балки аввал музли ванна, сауна ва жакузига боришади. Бу Европанинг кўплаб жамоаларида жорий этилган жараён бўлиб, ўйинчиларнинг жисмонан тезроқ тикланишларига ёрдам беради.

Мураббийлар штаби ЎФА расмийларидан Осиё кубогида ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишни сўраган. Маълум бўлишича, БААдаги мусобақа ташкилотчилари ҳар бир иштирокчи жамоага кунига 20 кг муз ажратилишини белгилаб қўйган ва бу асосан жароҳатлар учун фойдаланишга мўлжалланган. Аммо, юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон делегациясига музли бассейн учун бундан анча кўпроқ муз керак бўлади. Шу боисдан терма жамоа мутасаддилари бу муаммони қўшимча харажатлар эвазига ҳал қилишни ташкилотчилар билан келишиб олишган. Унга кўра, Ўзбекистон термасининг ўйинларидан бир кун олдин ва бевосита матчдан кейин меҳмонхоналарнинг тегишли бўлимлари олдиндан камида 1 соатга банд қилиб қўйилади.

Купер йиғин давомида интизом масаласига жуда жиддий эътибор қаратмоқда. Аргентиналик мутахассис барча ишлар шахсан ўзининг назоратида ва қатъий тартиб билан бўлишини талаб қиляпти. Ўйинчилар у айтган вақтда уйқуга кетиши ва уйғониши, ҳеч қандай ўзбошимчаликка йўл қўйилмаслигини истамоқда. 62 ёшли мутахассис нафақат футболчиларга, балки терма жамоа раҳбарияти ва федерация мутасаддиларига нисбатан ҳам анча талабчанлик билан ёндашмоқда.

Манбанинг билдиришича, 6 август куни Ўзбекистонга келган Эктор Купер шундан буён ҳали оиласи бағрига қайтгани йўқ. У Тошкентда уй билан таъминланган. Фақат йиғин вақтларидагина терма жамоа билан меҳмонхонада яшамоқда. Йиғинлардан ташқари вақтларда Купер Суперлига ўйинларини доимий равишда кузатмоқда. У бир неча марта вилоятларга чиқиб, чемпионат учрашувларини кўриб қайтган.

Вилоятларга сафарлари вақтида Ўзбекистон термаси устозига таржимон ва таҳлилчи-ёрдамчиси Маҳмуд Фаёз Муҳаммад Шудаф ҳамроҳлик қилмоқда. 36 ёшли мисрлик ушбу мутахассис жамоада жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчи мураббий саналади. Маҳмуд Фаёз Суперлига ўйинлари ёзилган дисклар ёрдамида термага номзод футболчиларнинг жисмоний фаоллигига баҳо бермоқда, хусусан, қайси футболчи қанча масофа югургани бўйича Куперга статистик ҳисобот бериб турибди. Мураббийлар ўйинлар таҳлили вақтида муайян вазиятларда (стоп-кадрлар ёрдамида) номзод футболчининг тўпсиз ҳолатда танлаган позициясига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Терма жамоага яқин манбанинг таъкидлашича, иккинчи йиғинда ҳам майдондаги машғулотлар ҳар куни ҳар хил тарзда ташкил этилмоқда. Бир кун қўлланилган машқлар мажмуи эртасига айнан такрорланмаяпти. Дарвозабонлар бу сафар, биринчи йиғиндан фарқли ўлароқ, диаметри кичикроқ тўплар билан ҳам шуғуллана бошлашди (суратда).

Ўқув-йиғин машғулотлари, аввал хабар қилинганидек, Тошкент темир йўл муҳандислари институти стадионида ўтказиляпти. Терма жамоа «City Palace» меҳмонхонасида истиқомат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тўлиқ таркибда ўтган илк машғулотлардан фоторепортаж тақдим этилган, жароҳатлар сабаб таркибда рўй берган ўзгаришлар маълум қилинган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер ўз ишига жиддий ёндашмоқда. Буни нималарда кўриш мумкин?