Игнатий Нестеров! Энди нима бўлади?

  • 21 февраль 2019, 21:20
  • 4 387
  • Спорт
  • Игнатий Нестеров! Энди нима бўлади?
    Ўзбек футболида ўтган бир ҳафтада энг катта мавзу – Игнатий Нестеров бўлди. “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олгандан сўнг сал кўтарилгандек бўлди-ю, аммо унутилгани йўқ.

    Ҳозир, айниқса кеча миллий жамоа шифокори Аброр Пирриев берган интервьюдан сўнг аслида нималар бўлганини ҳамма яхши билиб турибди. Дарвозабон оздирувчи дориларни ичаркан, оқибати қанчалар бўлишини билмаган. Кўпроғини айтар бўлсак, гувоҳларнинг гапига кўра, Нестеров допинг назоратидан ўтиш олдидан умуман ташвишга ҳам тушмаган. У шунчаки истеъмол қилган дориси таркибида таъқиқланган модда борлигини билмаган. Болаларча соддалик.

    Допинг текшируви жараёни ўзи қанақа? Жамоадаги барча футболчи ўйин олдидан ва сўнг допинг назоратидан ўтиши шарт эмас. Масалан, қуръа ташланади ва чекига тушган футболчи назоратдан ўтади. Осиё Кубогида қуръа икки марта Нестеровга “кулиб боққан”. Бири Туркманистонга қарши кечган баҳсда, иккинчиси эса Уммонга. Дарвозабон кетма-кет иккинчи марта таҳлил топширишга бораётганда ҳатто ҳазил қилишга ҳам улгурган. “Яна менми!” дегандек. Ўшанда воқеалар жараёни чаппа айланиб кетишини ҳаёлига ҳам келтирмагани аниқ.

    Майли, ўтган гап ўтди. Энди нима бўлади? Келинг, шу ҳақида гаплашсак. Катта эҳтимол билан Нестеров қанчадир муддатга футболдан четлатилади. Балки олти ойгадир, балки бир йилга. Аммо ундан ортиқ бўлмаса керак. Ҳаммаси ОФКга боғлиқ. Арзимаган бир-икки ойлик жазо бўлиши ҳам мумкин.

    Хўш, бу четлатиш Нестеровнинг фаолияти тугашига сабаб бўладими? Ҳар ҳолда дарвозабон 35 ёшда. Менимча йўқ. Ҳозир Нестеровда фаолиятини тугатишдан кўра тугатмасликка сабаблар кўпроқ. Биринчидан, ўз ишига профессионал ёндошиш борасида унга етадигани юртимизда жуда кам. Дарвозабон ёшлигиданоқ машғулотларга жиддий ёндошарди. Ҳозирку, қўяверасиз. Вазн камайтирувчи дори ичиб юрганининг ўзи кўп нарсани англатмайдими?

    Қолаверса, дарвозабон учун 35 ёш – чегара эмас. Буффон қирқдан ошган. Нестеров ҳам ҳали тўрт-беш йил бемалол ўйнай олади. Аммо қаерда ўйнаши, энди бу бошқа масала. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг “Ухуд” уни олиб қолмаса керак. Ҳали айби тасдиқланмай туриб бошқа дарвозабон қидиришга тушган клубда қолишни Нестеровнинг ўзи ҳам истамайди, эҳтимол. Шундай экан, “хайр” демоқнинг айни фурсати.

    Бироқ Нестеров жамоасиз қолиб кетмаслиги аниқ. Ҳали дисквалификация муддати тугамай турибоқ ўзбек клубларидан бир нечтаси унга шартнома таклиф этса, ажабланмаган бўлардим. Шунингдек Ўзбекистон миллий жамоаси эшиклари ҳам унинг учун очиқ туриши шубҳасиз...
    Зафар ҚОСИМОВ

    Манба: www.uff.uz

    » » Игнатий Нестеров! Энди нима бўлади?