Навбатдаги Копа Америка ҳам ўз ниҳоясига етди. Мессининг жанжали, Челавертнинг танқидлари, Дани Алвешнинг «оққуш қўшиғи» ва бир қатор қизиқарли воқеалар билан ёдда қолган турнирни камида бир ой эслаб юрсак керак. Россиялик машҳур шарҳловчи Станислав Минин soccer365.ru сайтида ушбу турнир ҳақидаги энг муҳим саволларга ўз жавоб вариантларини тақдим этди.
Ҳаммаси сотиб олинганмиди?
Аслида ҳаммасини мураккаблаштириш шарт эмас. Доимо ҳакамлар мезбонларга «ёрдам беришган», бундан ташқари, Лотин Америкаси ҳакамлари VAR тизимидан фойдаланишни билишмайди. Бразилия – Аргентина ўйини изоҳи ҳам мана шунда, қандайдир коррупциянинг ҳиди йўқлигини Мессига тушунтириб қўйиш керак. Агар ҳаммаси олдиндан уюштирилган спектакль бўлганида, Габриел Жезуснинг финалда четлатилиши, ўша ўйинда Алиссон дарвозасига белгиланган пенальти ёки Венесуэлага қарши ўйиндаги бекор қилинган голлар бўлмасди.
Мессини нега четлатишди?
Албатта, корпоратив қасос ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мумкин, аммо шу билан биргаликда, америкалик ҳакамларнинг майдонда шунчаки, қоровул бўлишни ёқтирмасликлари ҳам ҳақиқат. Улар камида Яго ролини ижро этадилар. Бир пайтлар Зиданни майдондан чиқариб юборган ҳакам ҳам аргентиналик эди, масалан.
Бир муддат парагвайлик Марио Диас де Вивар ўзини қандайдир ўйин эгаси бўлмаётгандек ҳис эта бошлади. Аслида у ўйин эгаси эмас, ҳеч ким ундай ҳисобламайди ҳам. Бу вазиятда нима қилиш керак? Ўзини кўрсатиб қўйиш! Рўпарадан Месси чиқиб қолдими? Ажаб бўпти.
Бразилия ҳақли чемпионми?
Албатта, Бразилия турнир бошидан фаворит сифатида эътироф этилганди. Неймарнинг йўқлиги Венесуэла ва Парагвай билан ўйинларда билинди. Аммо умуман олганда, Неймарнинг жароҳати Титега ёрдам берди ҳам. Жамоа мураббий гапларига қулоқ соладиган, тартибли бўлиб қолди.
Тўғри, Аргентина билан ўйинда рақиб пенальти тепиши ҳам мумкин эди. Лекин барибир Бразилия яхшироқ ўйнади.
Рақибнинг голларига қандай жавоб бериш мумкинлигини финалда ҳам кўрдик. Турнирда бошқа ҳеч қайси терма жамоа бу қадар кучли ва мувозанатли таркибга эга эмасди.
Бошқа даъвогарлар бормиди?
Нега энди? Вариантлар бор эди. Масалан, чорак финалларда қўшимча вақтлар бўлганида Уругвай Перуга гол уриб, якунда финалчи бўлиши мумкин эди. Уругвай эса, бразилияликлар учун энг хавфли рақиб саналарди ва бу ўйиннинг бўлмагани ҳам мезбонларга қўл келди.
Албатта, бу ҳолат Бразилия чемпионлигига соя солмайди, ахир ҳар қандай турнир ҳам мана шундай бурилишлардан иборат. Лекин айтиш мумкинки, мусобақада куч бўйича ҳам, таркиб ва мураббий бўйича ҳам Бразилиядан кам бўлмаган яна бир терма жамоа бор эди.
Дани Алвеш ростдан ҳам энг яхши футболчими?
Ҳа, чунки у майдонда ҳамма ишни бажарди. Неймар йўқлигида жамоа етакчиси бўлди. Рақиб ҳимояланаётганда ақлли ўйин билан ёриб ўтиш лозим бўлганда, бу ишни ҳам Алвеш амалга оширди. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ўйнади. Бошқаларга нисбатан тезроқ ва аниқроқ ўйнади, тўпни олдинга узатишда тенгсиз бўлди.
Ҳақиқий тўп устаси, ўзининг катта футболчи эканини нафақат дунёга эслатди, балки ўзи учун ҳам исботлади.
Бразилия – ЖЧ фаворити?
Агар баъзи хабарлар амалга ошмай қолиб, Тите яна бошқарувда қолса, албатта. Бу учун барча аргументлар ҳам келтирилди.
Фақат бир муаммо бор. Бразилия футболида ҳозир марказий ўйинчилар жуда кўп. Чап қанотда ҳам ижрочилар етарли. Аммо масалан, ўнг қанот ҳимоясида Дани Алвешнинг ўрнини босадиган футболчи йўқ. Шунингдек, ўнг қанот вингери позицияси ҳам оқсамоқда. Мана шу икки оғриқли позицияни ёпиш Титенинг асосий вазифаси бўлиб қолади.
Бу Мессининг терма жамоадаги сўнгги имкониятими?
Йўқ, бир йил ўтиб, яна Копа Америка бўлади, Аргентина эса, бу турнир мезбонларидан биридир. Демак, бугунги кун учун Бразилия нақадар ҳақли бўлса, келаси йили Аргентинада ҳам шу қадар имконият бор. Ҳатто ҳакамларнинг «ёрдами» ҳам.
Шу билан бирга, ҳали ҳам Аргентинага ҳақиқий мураббий керак. Борми, бор қабилидаги эмас, ҳақиқий мураббий. Балки ростдан ҳам Аргентинада Мессига мос шерик йўқдир, аммо бу ҳолат ўша «Барселона»да ҳам тез-тез бўлиб туради. Ҳа, Аргентина таркиби ажойиб эмасдир, аммо Бразилия ва Уругвайдан ташқари, қайси жамоа кучлироқ таркибга эга?
Чили даври ўтдими?
Ҳа. Вақт ўтади. Ҳатто қисқа турнирда ҳам, бу сезилди. Рейналдо Руэдо етакчи футболчиларга ўринбосар топишга қийналади. Захирадан таркибга қўшилганлар ишончли тўп сура олмадилар. Босежур, Исла, Видал, Санчес, Арангис, Варгас ва Медел каби етакчиларнинг ўрнини тўлдириш иложсиз.
Жаҳон чемпионатига чиқиш учун Жанубий Америкада қанчалик жиддий кураш кечишини ҳисобга олсак, бу ерда ҳам Чилида муаммолар пайдо бўлиши аниқ. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди