Терма жамоамиз натижалари қайсидир жиҳатдан яхшилана бошлаганда ёки клубларимиз рейтинги ошса, баъзида стадионлар томошабинларга тўлиб, қизиқиш кўпаётганини ҳис қилсак ё футболимизга янги раҳбарият келганида қандайдир оптимистик кайфият чулғаб олади - футбол ривожланяпти. Ростан ҳам шундай бўладими? Баъзида мутахассисларимиз аслида футбол ривожланаётганини, шунчаки, биз омилар буни яхши тушунмаётганимизни айтмоқчи бўлишади.
Баъзи шартлар остида футболнинг ривожланиши қандай рўй беради, умуман ривожланиш деганда, нимани тушуниш керак, аслида бу ҳам жуда аҳамиятли масалалардир.
Масалан, Шимолий Корея бир палла жуда яхши саралаш кампаниясини ўтказди, жаҳон чемпионатига чиқди. Футбол ривожландими? Йўқ албатта, футбол ривожини фақат маълум палладаги натижа билан боғлаш хатодир. Футбол нуқтаи назаридан жуда тўғри қарорлар, лойиҳалар ҳам якунда ривожланишга олиб келмаслиги мумкин.
Сабаби шундаки, нафақат спорт, умуман ҳар қандай мамлакатдаги ҳар қандай соҳа бошқа соҳалар билан «шестерна тишлари» каби чамбарчас боғлиқ ҳолда силжийди. Менимча, ҳеч қаерда бошқа соҳаларда жуда узоқлашиб ривожланган алоҳида бир соҳани ҳам, бошқа соҳалардан сезиларли ортда қолиб кетган алоҳида бир секторни ҳам кўрмайсиз.
Японияни оласизми, Бельгияними ёки бошқа, уларнинг бирортаси фақат футболнигина кўтариш лойиҳаси ёрдамида ривожланиб кетишмаган. Уларда умуман ҳамма соҳа ривожлангани учун футбол ҳам бунга эргашиб, олдинга қараб кетган. Маълум паллалардаги ўсиш ва пасайишлар эса, шунчаки, айни ўша пайтдаги тўғри ва нотўғри қарорлар эвазига бўлади, холос. Ҳа, баъзида жуда тараққий этган, аммо футболда у қадар яхши бўлмаган мамлакатларни ҳам биламиз. Бунинг сабаби, ўша ердаги футболнинг ўрни пастлиги холос. Ҳар қандай ривожланган мамлакатда ўша ернинг аҳолисининг аксарият қисми қизиқадиган соҳа албатта ривожланган бўлади.
Мираброр Усмонов футбол тепасига келиб, умумий моддий базани, шароитларни анча юқорига кўтарди. Ўз-ўзидан турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг натижаларига таъсир қилди, ЎФФ салобатли ва нуфузли ташкилотга айланди, Осиё ва ФИФА миқёсда эътирофларга сазовор бўлдик. Умид Аҳмаджонов келиб, масалан, Суперлигамиздаги трансляциялар масаласида олдинга ҳаракатларни кўрдик, терма жамоамиз йиғинларида ва уларни ташкил қилишда эътибор кучайгандек бўлди. Албатта, Равшан Эрматов ҳам бу йўлда ўз ҳиссасини қўшиши турган гап, балки қайсидир жабҳаларда аввал қилинган хатолар тузатилар, етишмай турган мурватларни топиб, ўз ўрнига қўяр?
Билмадим, лекин юқоридаги абзацда саналган ишларнинг барчаси футбол раҳбарияти томонидан амалга оширилган тўғри ишлар, холос. Тўғри ишлар бор, нотўғри ишлар бўлади, бу қайсидир паллада футболимизни силжитади тўғри, аммо агар том маънода ривожланиш ҳақида гап кетганида, буни Аҳмаджоновдан, Усмоновдан ёки Эрматовдан кутмаганимиз дуруст.
Ривожланиш бу моддий шароит, эътибор ёки техник база эмас, ҳатто илмий тараққиёт ҳам эмас. Ривожланиш бу энг аввало муносабатлар тараққиётга эришишидир. Футбол юқорида айтганимдек, худди «шестерна занжири» мисоли бошқа соҳалар билан муносабатга киришади, худди шу муносабатлар асосида, ривожланади. Агар гўёки футболга боғлиқ бўлмагандек туюлган иқтисодиёт, таълим, эркинлик, тиббиёт, қурилиш, бошқарув, маркетинг - умуман бошқа ҳар қандай соҳа, биргаликда ривожланиб бормас экан, ЎФАдан шунчаки, ортиғини кутаётган бўлиб қоламиз, холос.
Қонун устуворлиги ва коррупция йўқолса, футболдаги келишувлар ва «откатлар» барҳам топади, иқтисодий барқарорликка эришсак, тадбиркорлар кучайиб, хусусий клублар ташкил топади, аҳоли ижтимоий томондан яхшиланса, тирикчиликдан ортиб футбол кўришни, тирикчиликдан орттириб футболга пул сарфлашни бошлайди ва ҳоказо.
Оддий мисол, Халқ таълими вазирлигига ўзига яраша замонавий, халқаро тажрибага эга бўлган Шерзод Шерматов раҳбарлик қилиши маълум бўлганида, кўпчилик хурсанд бўлгани, шу билан энди бу соҳа гуркираб кетишини тахмин қилгани эсингиздадир? Албатта, назаримда, Шерматовнинг олдинги раҳбарлардан ер билан осмонча фарқи бор, у инсоннинг малакасига ва ростан ҳам шу соҳани ривожлантирмоқчи эканига шубҳа йўқ.
Лекин қаранг, ҳатто у ҳам, баъзи масалаларни тилга оляпти, «нуфузли мактабларга ўқишга жойлаштириш учун қўнғироқлар бўлиши»ни тан олган ҳолда, бу билан кураш, буни тамоман бартараф қилишнинг иложи йўқлигини ҳам айтмоқда. Нега? Сабаби, Шерматов шу соҳанинг раҳбари бўлгани билан, бошқа соҳалар билан чамбарчас боғлиқ бўлган жиҳатлар бор. Жуда кўп масалалаларда ҳисоблашилади, ён берилади, тан олинади, вақтга эҳтиёж сезилади.
Кимдир барибир пора эвазига боласини мактабга жойлайди, кимдир ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга чорлайди ва ҳоказо. Сабаби, бу муаммолар фақат халқ таълими муаммолари эмас, умуман жамиятнинг, барча соҳаларда кўзга ташланадиган иллатлардир. Бу иллатларни фақат бир соҳада тозалаш умуман иложсиздир.
Футбол ҳам шу. Футболдаги муаммолар фақат футболники эмаски, айнан футбол қарорлари, футболча қарашлар ёрдамида унга барҳам берилса... Келишилган ўйинлар футболнинг муаммоси эмас, деярли барча соҳада нимадир келишилади, ноҳалолликка йўл қўйилади. Футболчини сотиб, бор пулни клубга туширмай, «откат олиш», ҳомийлик маблағларини «туя қилиш» фақат футболнинг муаммоси эмас, барча соҳаларда откатлар бор, ўзлаштиришлар бор афсуски. Мураббийлар ёки футболчилар алдовга ўч бўлиб кетмаяпти, одамлар алдовга ўч бўлиб кетяпти, яъни муаммолар биз билгандан анча чуқурроқ.
Жамият учун энг хавфли жиноятлар нима, биласизми? Қотиллик, ўғриликми? Фоҳишаликми? Йўқ, жиноят кодексидаги белгиланган жазога қараб, оғир ва енгилга ажратмаган бўлардим. Масалан, фоҳишалик аслида умуман жиноят саналмайди. Арзимас жарима билан қутулиш мумкин. Лекин ҳозирча, жамиятимиз бу иллатдан нафратланади, ўз сафига қўшмайди, тўғрими? Яъни бу алоҳида олам бўлиб, ўз муносабатлар дунёси бор - аслида, бу фаҳш жамият билан доимий мулоқотда яшамайди. Ҳеч ким боласи фоҳиша бўлишини истамайди, фоҳишахонага боришини истамайди. Демак, бу иллат билан ҳеч қандай қонун бўлмаса ҳам, жамиятнинг ўзи курашиб юраверади. Маълум даражада ривожланиб кетишига йўл қўймайди. Худога шукр.
Лекин баъзи жиноятлар борки, аслида барча китобларда жуда оғир экани ёзилса-да, кодексларимизда икки хонали рақамларда қамоқ муддатлари билан қўрқитилса-да, йўқ, афсуски, жамиятимиз буни иллат сифатида кўрмайди, бундай одамлардан нафратланмайди. Масалан, порахўрлик - ҳаммамиз бунинг иллат эканини, ўша поралар аслида бизнинг чўнтагимиздан, бизнинг ҳаётимиз ёмонланиши ҳисобига унинг чўнтагига оқиб бораётганини, зарари фоҳишаникидан бадтарроқ эканини биламиз.
Лекин уйимизнинг тўрига таклиф қиламиз, у билан яқинлашишга уринамиз, ўша даражага ўз ақли билан етиб келганини-ю, демак ўша ишларни қилишга ҳақли эканига ҳам рози бўлиб кетаверамиз. Ҳавас қиламиз. Яъни, жамият бундай жиноятлардан ирганмас экан, қонундан ташқари ҳолатда ўзи ҳам курашмас экан, бартараф этиш доим муаммо бўлиб бораверади. Бундай жиноятлар доим хавфлироқдир.
Келишилган ўйинлар, тотализатор каби муаммоларни фақат ўзимизга қарши ишлатилаётгани учунгина ёмон кўриб, бошқа пайт унинг иштирокчиларини оддий «учар», «устамон» сифатида қабул қилиб кетаверар эканмиз, муаммо анча чуқур, назаримда.
Масалани бу қадар мужмалга олиб келганимизнинг сабаби, футбол қандай ривожланади, деган саволга аниқ жавобимни йўқлигидир. Лекин бунинг аломатини биламан. Сизга ҳам айтиб қўйишим мумкин. Буни билиш учун бу соҳада мутахассис бўлишингиз, футболга қизиқишингиз, кузатиб боришингиз, уни таҳлил қилишингиз ҳам шарт эмас. Осон йўли бор.
Шунчаки, атрофингиздаги ўзингизга алоқадар бўлган, ўзингизнинг ақлингиз етган соҳага эътибор беринг, агар ривожланаётган бўлса, билингки, футбол ҳам ривожланяпти...
Қаҳрамон Асланов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)