08:25 / 05.09.2020
2 770

Нима учун Япония ҳар сафар мундиалга чиқади-ю, Ўзбекистон қолиб кетаверади?

Нима учун Япония ҳар сафар мундиалга чиқади-ю, Ўзбекистон қолиб кетаверади?
Японияда тўп суриб келаётган ҳамюртимиз Фозил Мусаев 2017 йили “Жубило Ивата” клубига кўчиб ўтган ва шундан бери ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Легионер ўйинчининг бир клуб сафида узоқ вақт тўп суриш осон иш эмас. Бироқ ҳамюртимиз буни уддалаб келяпти ва ўзидан ижобий таассурот қолдиряпти. Куни кеча Фозил Мусаев sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.

- Анчадан бери Японияда фаолият олиб бораётганингиз учун Ўзбекистондаги байрамлардан узоқдасиз. Масалан, яқинда юртимизнинг мустақиллик байрами нишонланди. Бундай пайтда у ерда байрамни ўзингиз қандай нишонлайсиз?
- 2018 йили мустақиллик байрамига борганман. Яъни, Токиода элчихонамиз томонидан ташкил этилган байрамга мени ҳам таклиф қилишганди. Қолган пайтларда эса ҳамма байрамларни ўзим уйда нишонлайман.

- “Жубило Ивата”га 2017 йили қўшилгансиз ва тўртинчи йилдирки, битта клуб сафида тўп суриб келяпсиз. Хорижда ва айниқса бир жамоа таркибида легионер сифатида ўйнашнинг ўзи бўлмайди. Шунча йилдан бери сизни у ерда нима ушлаб турибди?
- Футболга бўлган эътибор ва яратиб берилаётган шароит ҳар тарафлама юқори даражада. Менимча, бир жамоада ўйнаётганимнинг сабаб шу бўлса керак.

- “Жубило Ивата”га келган пайтингизда клуб Япония “Жей” лигасида иштирок этарди. Кейинчалик эса “Жей-2” лигасига тушиб кетди. Жамоага бўлган меҳрингиз бошқача кўринади, чунки оғир пайтда ҳам ташлаб кетмадингиз...
- Тўғриси, тинмай жамоа алмаштиришни у қадар яхши кўрмайман. Бундай ҳол менинг услубимга кирмайди. Бу клубда эса ҳамма нарса бор. Боя айтганимдек, футбол ўйнаш учун барча шароит яратиб қўйилган. Бундан ташқари, менинг клубим билан амалдаги шартномам ҳам борлигини унутмаслик керак. Ушбу йил охиригача “Жубило Ивата”даман, шу боис ҳам мен шу ердаман.

- Ўтган йилги Осиё Кубогида бир қизиқ жиҳатга гувоҳ бўлгандик. Терма жамоамизнинг Японияга қарши учрашувидан аввал меҳмонхонада сиз япониялик журналистларга япон тилида интервью бергандингиз. Бу тилни ўрганишингиз қийин кечмаганми?
- Япон тилини озми-кўпми биламан. 2018 йили жароҳат олгандим. Ўшанда вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида дарс олиб, тил ўргатадиган ўқитувчи билан ишлаганман. Ўшанда япон тилини ўрганишга ҳаракат қилгандим. Тўғри, бу тилни 100 фоизга биламан, деб айта олмайман. Ҳали яна ўрганишим керак.

- Барчамизга яхши маълумки, Японияда футбол даражаси ва унинг мавқеи жуда юқори. Шундай экан, улардан бизнинг ўрганадиган жиҳатларимиз кўп ва бу борада асосий камчиликларимиз нималардан иборат?
- Мен бизнинг футбол билан япон футболини солиштиришни хоҳламайман. Ўзимизнинг футболда ҳали қилинадиган ишлар кўп, деб ўйлайман. Бу менинг шахсий фикрим.

- Ўтган йили жамоангизда японларнинг таниқли ўйинчиларидан бири Шунсуке Накамура ҳам тўп сурганди. У 42 ёшида ҳам футбол ўйнаётгани ажабланарли эди. У ҳақида фикрингиз қандай?
- Ҳа, ҳозирги пайтда Накамура бизнинг жамоамизда эмас. Ўтган йилнинг ёзида клубини ўзгартирганди. У билан муносабатим жуда яхши. Накамурадан анча-мунча нарса ўргандим, десам тўғри бўлади.

- Шунингдек, эшитишимча, олдингизга ўзбекистонлик футболчи дўстларингиз ҳам бориб турар экан-а?
- Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров билан қалин дўстмиз. Ўтган йили у олдимга келганди ва бир ҳафта шу ерда бўлганди.

- Япониялик жамоадошларингизга ўзбек паловини тайёрлаб берганмисиз?
- Ҳа. Бу йил карантин пайтида жамоадошларимни уйимга меҳмонга чақиргандим. Ўшанда уларга ош тайёрлаб бердим. Тўғриси, ўзбекона палов уларга жуда ёқиб қолди.

- Фозил, Японияда яна неча йил қолишни мўлжаллаб турибсиз? Ўзбекистонга ҳам қайтиш истагингиз борми?
- Ҳали аниқ билмадим. Бу ерда яна қанча вақт қоламан ёки бошқа жойга кетаманми, ҳаммасини вақт кўрсатади. Очиғи, ҳозирдан бу хусусида бир нарса дея олмайман.

- Айни пайтда Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпсизми? Ютуқ ва камчиликлари сизга қандай кўриняпти?
- Албатта, ўйинларни кузатиб боряпман. Лекин учрашувларни таҳлил қилмоқчи эмасман.

- Шу пайтга қадар фаолиятингизни Европада ҳам давом эттириш имконияти бўлганми?
- Йўқ, Европада давом эттириш варианти бўлмаган.

- Японияда жаҳон юлдузларидан бири Андреас Иньеста тўп сурмоқда. Ҳозиргача у билан учрашиш имконияти бўлдими?
- Йўқ, бунга вақт бўлмади. У ҳақида ўйлаганим ҳам йўқ. Чунки бизда ҳар куни машғулот. Орада фақат бир кун дам бўлади. Бундай пайтда уйда қоламан ёки ёз пайтида пляжга бориб чўмилиш билан вақт ўтказаман. Қолган нарсаларга эса вақтим йўқ.

- Япония Осиёда энг кучли термалардан бири, шу боис улар ҳар сафар жаҳон чемпионатида мунтазам равишда иштирок этиб келишяпти. Улар ниманинг эвазига доим мундиалга чиқади? Бизга эса қандайдир омад етишмай қолаверади. Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида биз улардан нимани ўрганишимиз керак?
- Японияда жуда кўплаб яхши ўйинчилар бор. Шу боис миллий терма жамоасида рақобат жуда катта. Терма жамоанинг футболчилари эса асосан Европанинг кучли чемпионатларида тўп суради. Ўзининг чемпионатида ҳам савияси юқори бўлган ижрочилар талайгина. Ўша футболчилар эса ҳаттоки термага чақирилмайди ҳам. Чунки юқорида айтганимдек, терма жамоасида рақобат ҳаддан ташқари кучли. Менимча, шунинг ҳисобига бўлса керак. Қолаверса, у ерда футболга бўлган эътибор ва яратилган шароит сабабли ҳам ҳар сафар мундиалга чиқишса керак.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нима учун Япония ҳар сафар мундиалга чиқади-ю, Ўзбекистон қолиб кетаверади?