08:39 / 18.02.2021
1 527

Клубнинг тақдирига бефарқ эмасман - Виктор Кумиковга "Насаф" таклиф билан чиққанми?

Клубнинг тақдирига бефарқ эмасман - Виктор Кумиковга "Насаф" таклиф билан чиққанми?
Россиялик тажрибали мутахассис Виктор Кумиков айни дамда Россияда оиласи билан бирга. Маълумки, у охирги марта ўтган йили юртимизда ишлаган ҳолда “Андижон” клубига бош мураббийлик қилганди. Лекин омадсиз кечган мавсумдан кейин мутахассис уйига қайтиб кетганди.

Яқинда яна бир хабар қулоғимизга чалинди. Виктор Балютович “Насаф”га қайтиши мумкинми? Биламизки, у ўз вақтида икки йил давомида Қарши клубини бошқарган. Қизиқ, Кумиков яна собиқ жамоасига қайтадими? Шу мақсадда sports.uz мухбири мураббий билан алоқага чиқиб, шу ва яна бир қатор саволларга жавоб олди.

- Виктор Балютович, сиз билан охирги бор гаплашганимизда “Спартак-Нальчик” клубидан таклиф олганингиз ҳақида айтгандингиз. Кейин нима бўлди?
- Бундай вариант чиндан ҳам бўлганди. Аммо молиявий аҳвол чатоқлиги туфайли бу масалани мавсум охирига қолдиришга қарор қилганмиз.

- Шунингдек, сизга “Насаф”дан ҳам жиддий қизиқиш бўлгани ҳақида эшитдик...
- “Насаф” билан ҳеч қандай алоқалар бўлмади. Бу ёлғон хабар.

- Собиқ клубингиздаги ҳозирги вазиятдан хабардормисиз? “Насаф”да молиявий муаммолар жиддий. Унинг устига бош мураббий Рўзиқул Бердиев ҳам кетиши ҳеч гап эмас...
- Мен “Насаф”да икки йил ишлаганман. Шу сабабдан ҳам клуб мен учун бегона ҳисобланмайди. Унинг тақдирига бефарқ эмасман. Уларга муаммоларини тезроқ бартараф этишни ҳамда янги мавсумни муваффақиятли бошлаб олишни тилаб қоламан.

- Умуман, мураббийлик ишингизга қачон қайтмоқчисиз? Олдингизда таклифлар борми?
- Бахтга қарши бу масалада ҳамма нарса фақат ўзимга боғлиқ эмас. Мен аниқ ва муайян таклифлар учун очиқман. Агар мана шундай таклиф бўлса, ишлашга тайёрман.

- Ёки яна Ўзбекистонга қайтишни истаяпсизми?
- Ўзбекистонда ишлашдан доим хурсандман. Ўзбекистон футболини яхши биламан. Қолаверса, бу борада катта тажриба тўплашга эришганман.

- Ҳозирда футболсиз зерикиб қолмаяпсизми?
- Зерикмаяпман, бу аниқ. Невараларим билан тоққа чиқяпман, вақтимни улар билан бирга ўтказяпман. Айни пайтда жамоатчилик ишлари билан шуғулланяпман. Шу боис зерикишга вақт йўқ.

- Охирги бошқарган клубингиз – “Андижон”да бирор-бир ўйинда ғалабага эриша олмадингиз. Балки бу салбий натижа фаолиятингизга таъсир кўрсатаётгандир?!
- Мен “Андижон”ни мавсум бошида қабул қилмагандим. Шунинг учун ишни йўлга қўйиб олиш учун кўп вақт керак бўлди. Ўз нуқтаи назаримдан келиб чиққан ҳолда клуб ўйинини йўлга қўйишга ҳаракат қилдим. Бу эса муайян вақтни талаб қилмасдан қолмади. Биз чемпионатда ҳамма масала кузга бориб ҳал бўлишидан хулоса ясаган ҳолда асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратгандик. Иккала даврани муваффақиятли ўтказишдан умид қилгандик. Бунинг учун эса бизда ҳамма имкониятлар бор эди. Лекин жамоа раҳбариятидаги ўзгаришлар режаларимизга акс таъсир ўтказмасдан қолмади. Албатта, клубнинг Суперлигада қолганидан хурсандман.

- Мураббийлик фаолиятингиз давомида қайси ишингиздан ҳалигача афсусланасиз?
- Албатта, муваффақиятли олиб борилган фаолиятни ва ўша даврни эсга олиш ёқимли. Лекин мураббийнинг иши бу ҳақиқий тажриба мактабидир. Худога шукрки, фаолиятимдан афсусланишимга ҳожат йўқ ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, деб умид қиламан.

- Виктор Балютович, клублардан ташқари терма жамоада ҳам ўзингизни синаб кўриш истагингиз борми? Бу қизиқарли кўринса керак-а?
- Мен Қозоғистон терма жамоасида катта мураббий сифатида Евро-2016 саралаш босқичидаги баҳсларда ишлаганман. Иш тажрибаси бор. Ёш ўтиб бориши билан мутахассисда тажриба ортиб борар экан, у албатта ўз омадини терма жамоа миқёсидаги фаолиятда ҳам синаб кўришни истайди. Агар терма жамоада ишлаш борасида таклиф келиб тушгудек бўлса, уни албатта ўрганиб чиқишга тайёрман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Клубнинг тақдирига бефарқ эмасман - Виктор Кумиковга "Насаф" таклиф билан чиққанми?