Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироқ билан баҳсда мағлубиятга учрагани боис кўплаб танқидларга учрамоқда. Ғалабадаги мақтовлар ўзимизники бўлганидек, мағлубиятдан кейинги танқидларни ҳам тўғри қабул қилиш ҳақиқий профессионалларнинг иши. Биз ҳозир термани танқид қилиш эмас, балки учрашувдаги камчиликларимизни таҳлил қиламиз.
Вадим Абрамовдан Ироққа қарши баҳсда ёшларга эътибор қаратишини кутгандим, шахсан ўзим. Чунки мураббий Намангандаги беллашувда жамоанинг деярли асосий таркибини кўздан кечириб олганди. Шундан келиб чиқиб, ўйин амалиёти камроқ футболчиларнинг майдонга тушишини тахмин қилгандим. Лекин ундай бўлмади. Етакчилар бошланғич таркибдан ўрин олди. Нега бошқалар эмас? Авваллари Вадим Карленович бошқача йўл тутарди. Яъни ўртоқлик учрашувларида йиғинга янги чақирилган ёки умуман кутилмаган номларни синаб кўрарди. Бу гал эса...
Рақиб тактик ўйин намойиш этди. Ўйинга мослашиб олгач ўзини эркин тутди. Футболчилар комбинациялар орқали термамизнинг кучли прессингидан чиқишни уддалади. Қарши ҳужумга таянган ироқликлар мақсадларига эришди. Ироқнинг захираси иш берди. Бизда эса акси. Марказдан ёриб кирадиган одам топилмади. Натижада қанотлардан тўп оширилаверди. Бироқ узақмалар манзилига етиб бормади.
Терманинг дарвоза ва марказий ҳимоясидан хавфсираган Абрамовнинг қўрқуви ўринли бўлиб чиқди. Очиғи, нега Ўткир Юсупов йиғинларга жалб этилмаётганига ҳайронман. У бир неча йилдан бери яхши формади ва бир хил темпда ўзини ушлаб турибди. Ҳимояга эса бирор бир фикр билдиришга ожизмиз. Тажрибали дея айтадиган футболчиларимиз ҳозирги кунда бу чизиқларга муносиб эмасдек. Уларнинг ёши ўтиб бормоқда.
Анзур Исмоилов катта ўйинларни кўрган, ҳимояни бошқара оладиган футболчи. Бироқ тезлик ҳақида гап кетганда, унинг ўрнига бошқа вариант қидиришга тушамиз. Гана Б билан баҳсда ҳам бу яққол билинди. Ислом Тўхтахўжаев ва ўзи асли ярим ҳимоячи, бироқ охирги пайтларда ҳимояда ҳаракат қилаётган Азим Аҳмедов ҳам қарши ҳужумга дош бера олмаяпти. Тезкор ҳужумчи улардан ўтиб кетмоқда. Россиялик Игорь Голбан термага чақирилаётганди.
Бироқ у бу йиғинга жалб этилмади. Бошқаларни синовдан ўтказишни мақсад қилган кўринади Вадим Карленович. Умуман олганда, ҳимоямизга ёшроқ ва тезкорроқ футболчи жуда зарур! Унинг олдига майли тажрибали ҳимоячи турсин. Чунки ўша катта футболчи ёш шеригига ўргатади ва қарши ҳужумларда унга суянади. Ислом Қобилов бор. Бироқ у ҳам тезкорликда мақтана олмайди.
Ҳар доим ярим ҳимоямиз энг кучли саналган. Аммо ўша номлар ичидан мунтазам тарзда рақиб посбонини таҳликада ушлаб турадиган, яъни зарбалар берадиган футболчимиз йўқ. Гана Бнинг 18-рақамдаги ёш футболчиси ёдингиздами? Ўша “болакай”га тўп келиб тушиши билан дарвозамизга узоқда бўладими ёки яқинда тинмай зарбалар берди. Тўғри, ўша куни дарвозабонимиз ишончсиз ҳаракат қилгани боис рақиб зарбалар бергандир. Бироқ бизнинг термамизда ҳам шундай аниқ ва мунтазам тарзда кучли зарба берадиган футболчи йўқ. Бизникилар эса зарба беришга қўрқадигандек, таассурот қолдиради.
Мухлислар анчадан бери сўраётган Сардор Рашидов йиғинга жалб этилди ва асосий таркибга киритилди. Гувоҳи бўлдингизки, Рашидовнинг айни пайтдаги ҳолати терма жамоага тормас экан.
Машарипов мухлислар қаршисида ўзини яхши ҳис қилади. У техникасини ишга солади. Лекин тўпни ўзида кўп ушлаб қолиши, қанотларда, стандарт вазиятларида жамоадошларига етказиб бера олмаслиги панд бермоқда.
Элдор Шомуродовнинг вазиятлардан фойдалана олмаяпти. Унга қандайдир аниқлик етишмаятгандек. “Женоа”да ҳам бир маромда ўйнай олмаётган ҳужумчимизнинг ҳолати Ўзбекистоннинг муҳим ўйинлари олдидан ҳавотиримизни оширди.
Одил Аҳмедовнинг йўқлиги сезилди. Термада лидер кўринмади. Сардоримиз жамоани руҳлантирарди. Жамоадошларини тушкун кайфиятдан чиқаришга интиларди. Шерикларига майдонда куч берарди. Шу нарса кўриндики, Одил Аҳмедов ҳали ҳам термада катта фигура вазиясини бажарар экан!
Кўриб турганингиздек, терма жамоамизнинг барча чизиқларида муаммолар юзага келган. Футболчиларимизнинг кўзида олов кўринмаяпти. Баландпарвоз гап туюлса ҳам айтаман, ватанпарварлик руҳи етишмаяпти. Ироқни кўринг. Ҳар бир вазият учун курашмоқда. Прессинг бошқа, курашиш бошқа. Нотинч юрт вакили бизни ўз уйимизда ютиб кетяпти.
Вадим Абрамов сўзга уста мураббий. Ҳар қандай саволга усталик билан жавоб қайтаради, вазиятдан чиқиб кетади. Ироққа қарши беллашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Карленович тактик жиҳатдан ютқизганини, аммо барчасини июн ойида кўришимизни таъкидлади. Ўйлаймизки, терма жамоамиз устози ёзгача муаммоларга ечиб топиб, гапининг устидан чиқади ва жаҳон чемпионати саралашининг кейинги босқичига йўл оламиз. Бу борада футболчилар ва мураббийларга куч-қувват тилаймиз!
Бекзод Исаев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди