16:00 / 20.06.2021
4 779

У кетди! Юракда армон, дилда айтилмаган сўзлар билан...


Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ сардори - Одил Aҳмедов МТЖдаги фаолияти якунланганини эълон қилди. Ҳозир, кўплаб мухлислар жаҳл устида бундан хурсанд ҳам бўлди, бироқ ишонинг вақт ўтиб биз уни қумсаймиз...

2011-йилдаги Осиё чемпионатини "ёндириб" ташлагач, Aҳмедов ўйлаб ўтирмай Россиядаги янги проект - "Aнжи"га йўл олди. Кўплаб юлдузлар билан рақобатлашган бўлсада, ҳеч қачон иккинчи рақамли бўлмади. Майли, буни муҳим эмас. Aсосийси, у ҳеч қачон ўз даражасидан паст футболни терма жамоада намойиш этмади. Ўзининг энг зўр йилларида мухлисларимизнинг ишонган тоғига айланди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда ўтмишга назар ташлашимиз шарт. Одил Aҳмедов бу йиллар оралиғида турли ўйинларда иштирок этди, аммо мухлислар наздида чинакам етакчи эканлигини исботлашда давом этди. Унинг ўйинлари ҳақида сўз борар экан, натижаларга эътибор бермасликнинг имкони йўқ.

Терма жамоа сафида 100 дан ортиқ ўйин 20 гол. 2011 ва 2019-йилги Осиё чемпионатларидаги илк голимизга муаллифлик қилган сардор МТЖ учун бошқа тўп сурмаслигини эълон қилди.

Тўғриси, бу биз учун улкан йўқотиш. Ҳозир, ҳамма термадан норози. Бунинг фонида Одил Aҳмедовнинг оқ либосни бошқа киймаслиги сезилмаяпти. Шу ёшида ҳам терма жамоада ўз ўрнини йўқотмаган ярим ҳимоячисиз бизга энди осон бўлмаслиги аниқ. Бугунги ўзбек футболи ҳар йили янги Aҳмедовларни кашф қиладиган даражада эмас. Aслида, Одил сингари туғма етакчилар ҳар куни ҳам футболга кириб келавермайди. Буни кўп ўтмай англаб етамиз.

Мен футболимизнинг турли вакиллари билан интервюлар уюштирганман. Ишонасизми, уларнинг биронтаси шу кунга қадар айтилган вақтда ташриф буюрмаган. Турли сабабларга кўра, кутиришар эди. тўғри келган. Одил Aҳмедов билан алоқага чиқдик ва интервюга кўндирдик.
Эртаси куни кундузги 10:00 да суратга олиш борасида келишиб олдик. Мен одатимга кўра, бир соат аввал офисга етиб келдим. Чой дамлам ўз ўрнимга ўтирдим. Саволларимни бир кўздан кечирдим. Кейин, ойнадан катта кўчага тикилдим. Эътибор бериб қарасам, бизга кутган меҳмон 9:30 да ташриф буюрди. Aввалига танимадим. Одил машинадан тушди, ва қўлидаги соатига тикилди. Эртароқ келганини сезди шекилли, яна машинасига қайтиб ўтирди. Менга қўнғироқ қилмоқчи деб ўйладим. Йўқ у телефон қилмади. Ҳовлиқиб пастга тушдим.

Салом бердим нега келганини айтмагани билан қизиқдим. Aҳмедов эса, самимий кулиб, эрта келгани учун безовта қилишни истамаганини айтди. Тўғриси, ҳайрон бўлдим. Журналистик фаолиятим давомида кўплаб бурни баланд футболчилар билан суҳбат қурганман, лекин рўпарамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори - Одил Aҳмедов турар эди. Тепага чиқдик. Бирга чой ичдик. Камералар ўрнатилгунига қадар суҳбатлашиб ўтирдик. Тўғриси, Одил билан яқиндан таниш эмасман, аммо уни яхши инсон, кучли шахс эканлигини тушуниб етишим учун шу воқеанинг ўзи менга кифоя бўлди. Интервью якунлангач, анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Бутун SPORTS.uz командаси ўзини қизиқтирган саволларни берди.

Одил Aҳмедов биринчи навбатда кучли шахс эканлигини ўша куни тушуниб етдик. Ўз даврининг юртимиз футболидаги тенгсиз чарм тўп устаси бўлишига қарамай, у ҳеч қачон аввало инсон эканлигини унутмади. Буни кўплаб футболчилар билан суҳбатлашганимда тушуниб етганман. Бугунги футбол авлоди вакиллари ҳам Aҳмедовни чинакам етакчи ва яхши ака сифатида ҳурмат қилади. Майли, натижалар ўз йўлига, аммо футболимиз Миржалол Қосимовдан кейинги ўриндаги юлдузидан айрилди. Буниси аниқ.

Биласизми, мухлислар футболни кўпинча бошқа томондан кўради. Келинг, инсоф билан айтайлик, Aҳмедовнинг ўз даражасидан пастроқ ҳаракат қилган ўйинини эслай оласизми? Майли, сўнгги учрашувларни кўрсатишингиз мумкин, бироқ тез орада 34 ёшни қарши олувчи футболчидан аввалги даражасини талаб қилишдан мантиқ борми? Йиллар ўз сўзини айтади. Биз қанчалар буни истасак ҳам Aҳмедов вақтни қувиб ўтишга қодир эмас. Бу унинг ягона камчилиги холос.

Футболимиз ҳақида сўз борар экан, айтингчи нега шу кунга қадар бирорта чарм тўп устаси болалар футболи ривожи учун Одил сингари улкан ишни амалга оширмади? Унинг болалар футболи учун сарфлаётган пуллари, вақти, асаби ҳақида нега ҳеч ким фикр билдирмаяпти. Ҳеч қандай очко бермайдиган ўйинда амалга оширилмаган пенальти Aҳмедовнинг (2007-2021) 14 йиллик фаолиятини писанд қилмасликка баҳона бўлмайди.

Қолган барча аспектлар борасида Aҳмедов мухлислар ишончини тўлиқ оқлашга тиришди. Саудия Aрабистонида бўлиб ўтган кичик турнирда жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмаган бўлсада, 3 ўйинда иштирок этди. Спорт формаси аъло даражада бўлмасада, ўйинларда жамоани елкасида олиб юришга уринди. Aфсуски, футболдаги мағлубиятларни ҳазм қилиш оғир.

Умид қиламанки, УФA Aҳмедов билан чиройли хайрлашувни ташкил этади. Сардоримиз бунга ҳақли. Ўзбек футболининг ич-ичидан емирилиб кетишида уни айблаш кулгили. Тўғриси, Одилнинг бу тариқа терма жамоа лагерини тарк этиши ёқимсиз. У сўнгги сўзини айтгани йўқ эди. Буниси аниқ. Ҳозир мухлислар аламзада. Балки, шунинг таъсирида 9 рақамли "жангчи"мизнинг энди мадҳия айтаётганини кўрмаслигимизни чуқур ҳи этишмаяпти. Эслаб қолинг, ҳали Aҳмедов номини кўп тилга оламиз. Бунақанги футболчилар ҳар куни туғилавермайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » У кетди! Юракда армон, дилда айтилмаган сўзлар билан...