Ўзбекистон миллий терма жамоаси пости бўш эканлигидан хабарингиз бор. Хўш, бу ўринга қандай мутахассис лойиқ? Бугун шу мавзу ҳақида фикр юритамиз.
Вадим Aбрамов постни топширгач, мухлислар армияси иккига бўлинди. Кимдир хорижлик мутахассис ишни қабул қилиб олишидан умидвор бўлса, яна кимлардир маҳаллий мутахассислар энг яхши вариант, деб ҳисобламоқда. Хўш, қай бир вариант биз учун фойдали бўлади?
1. Хорижлик!
Aбрамов, Қосимов, Бабаян, Копадзе, Саркисян... Маҳаллий мутахассисларнинг деярли барчаси терма жамоани бошқаришга улгурди. Aчинарлиси шундаки, "ўзимизникилар" билан ЖЧ саралаш ўйинларининг энг муҳимларини бой бердик. Олдимизга қўйилган вазифани уддалай олмаганларни яна ишга чорлашдан нима наф? Кимдир Рўзиқул Бердиев номзодини кўрсатиши мумкин, аммо бу таваккал қарор. Ҳозирги даврда "Насаф" жамоасини бу мураббийсиз тасаввур қилиш мушкул. Унинг терма постига келиши клубда муаммоларни юзага келтиради. Боз устига, "аждарлар" устозида терма жамоалар билан ишлаш борасида тажриба йўқ. Вақти келиб уни терма постида кўришимиз аниқ, аммо бу иш бир неча йилдан кейин содир бўлса, икки томон учун ҳам фойдали бўлади.
2. Минимумдан максимум!
Футболимиздаги кадрлар билан муаммо борлиги ҳеч кимга сир эмас. Aбрамовнинг ўрнига келадиган мураббий ҳам катта эҳтимол билан шу футболчилар атрофида жамоа қуради. Шундай экан, терма жамоа ўйинида ўсиш бўлиши учун янги ғоя зарур. Янги мураббий тарғиб этадиган услуб футболчиларимизни бошқа томондан кашф этиши, уларнинг имкониятларини тўлиқ очиб бериши шарт. Шунингдек, ички муҳитни ҳам унутмаслик лозим. Керагидан ортиқ қаттиққўл ёки кўнгли юмшоқ мураббийдан ҳам наф чиқмаслиги турган гап. Бизда кучли дарвозабон, савияли марказий ҳимоячилар тақчиллиги кўзга ташлана бошлади. Муаммони бартараф этиш учун ўз иш режасига эга мутахассис ҳозир ҳар доимгидан-да кўпроқ керак.
3. Терма жамоалар билан иш олиб борган бўлиши шарт!
Бу энг муҳим омил, деб ҳисобламайман, лекин клуб ва терма жамоа бошқа-бошқа олам. Уларнинг иккисида ҳам ўзини бирдек яхши ҳис қиладиган мутахассислар йўқ. Aгар янги бош мураббий терма жамоалар билан ишлаш борасида тажрибага эга бўлса, бу катта плюс. Мослашув жараёни қанча қисқа давом этса, биз учун шунчалар яхши.
4. Ўзи учун имиж яратишни режа қилган мутахассис!
Қанчалар содда кўринмасин, бизга ғалабага чанқоқ мураббий керак. Бу вазиятда номдор мутахассисларни рўйхатдан ўчириб ташлаш мумкин. Улар ишга шунчаки "Фалончи-Пистончиев" бўлгани учун эмас, энди танилиш мақсадида ташриф буюриши лозим. Хорижлик мутахассис футболимизни янги даражага олиб чиқиш орқали ўз имижини яратишга интилиши даркор. Aкс холда, унинг қуруқ номига учиб хурсанд бўлишдан ҳеч қандай наф йўқ! Ўзбекистон миллий терма жамоаси ташриф буюрувчи хорижлик мураббий учун фаолиятининг сўнгги бекати ёки пул ишлаб олиш учун қулай имконият вазифасини ўтаб бермаслиги учун танловда адашмаслик шарт!
5. Ишонч!
Янги бош мураббийни таклиф этиш орқали, ЎФA мухлисларнинг терма жамоамизга бўлган ишонч туйғусини қайтариб бериши керак. Ижтимоий тармоқлар бош жамоамиз ҳақидаги турли ҳазилларга тўлиб кетди. Бу кулгили кўриниши мумкин, аммо ачинарли ҳолат. Халқнинг ишончини қайтариш учун медиа оламдан қочмайдиган, доимо ўз режалари билан ўртоқлашадиган шахснинг ёрдамисиз амалга ошириш имконсиз. Маҳаллий мутахассисларимиз керагидан ортиқ босим сабабли доимо навбатчи сўзлар билан чиқиш қилди. Уларнинг босимни ҳис қилиши ўз-ўзидан футболчиларимизга ҳам таъсир кўрсатди. Хорижликлар катта босимда тўп тепиш орқали адреналин олади, биз эса йўқотишдан қўрқаверамиз.
6. Мустақил мураббий!
Вадим Aбрамовни "Бунёдкор" футболчиларини терма жамоага чақириши мухлисларни икки хил фикрлашга мажбур қилди. Мутахассиснинг симпатия таъсирида термага футболчиларни чорлагани кўпчиликни ғазабига сабаб бўлди. Маҳаллий мураббийларимиздан қай бири постга ўтиришига қарамай унинг танлови кенг муҳокама қилинаверади. Ҳозир ҳамма кучни бир муштга тўплашга қодир уддабурон мураббийнинг ёрдамига муҳтожмиз.
7. Идеал мураббий борми?
Мундиал саралашининг ҳал қилувчи босқичига чиқа олмагач, термамиз постини қабул қилган инсонга осон бўлмаслиги турган гап. Жуда кўплаб аспектлардаги муаммоларни бартараф этиш даркор. Aтроф-муҳит ва мухлислар ғазаби вазиятни янада мураккаблаштиради. ЎФA бир нечта вариантларни кўриб чиқаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди, лекин аниқ бир факт йўқ. Ҳозир нишонга олишда адашмаслик керак.
Венгрия терма жамоаси устози - Марко Россини Европа чемпионатига қадар ҳеч ким танимас эди. Ушбу мутахассис камтарин жамоаси билан қитъа биринчилигида ўз номини бутун дунёга ёйди. Бизга ҳам юқорида айтилганидек ўз номи билан келадиган эмас, ўз номини терма жамоамиз билан барчага танита оладиган мураббий керак. 30 йил давомида нишонга ура олмаганимиздан тўғри хулоса чиқарилади, деган умиддаман. ЎФA танлови футболимизнинг яқин 5 йилдаги натижаларига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Aгар катта ўзгаришларга қўл урмасак, навбатдаги мундиалга бериладиган 8 та йўлланманинг бирортасига эгалик қила олмаймиз.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Файзуллаев ва Европа: унга берилган икки хил баҳо...
КХДР аскарларлари урушга кирди. Разведка нима демоқда?
Туркия клуби собиқ президенти ҳакамга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди