14:45 / 02.08.2021
2 462

Жалоловнинг промоутери Лоу ДиБелла ундан олтин медаль кутмоқда


Олимпиада ўйинлари бокс мусобақалари супероғир вазн тоифасида чорак финал жанглари бўлиб ўтди. Қувонарлиси, ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов бу босқичда Ҳиндистон вакили Сатиш Кумар устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бронза медалини нақд қилган ҳолда ярим финалга йўл олди. Унинг ушбу босқичдаги рақиби эса британиялик Фрезер Кларк бўлади. Бу икки боксчи 2014 йил Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган Странджа турнирида тўқнаш келган. Ўшанда 19 ёшли Жалолов Кларкка имкониятни бой берган эди.

Биламизки, Жалолов профессионал боксда ҳам 8 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган. У ҳозирда америкалик промоутер Лоу ДиБеллага қарашли бўлган "DiBella Entertainment" промоутерлик компанияси мижози ҳисобланади. Sports.uz сайти Жалоловнинг Олимпиададаги иштироки юзасидан ДиБелланинг фикрлари билан қизиқди.

"Жалолов чиройли жанглар ўтказиб келаяпти. У Олимпиада ўйинлари бокс мусобақалари супероғир вазн тоифасида юқори классдаги жангчи сифатида эътироф этилади. Жалолов ҳозирга қадар ўтказган жангларини ҳар бир раундида ғалаба қозонди.

Супероғир вазндаги ҳар бир боксчининг рингдаги тақдири хавф остида бўлади. Бу вазнда барчасини битта зарба ҳал қилиши мумкин. Лекин ҳозирда Жалолов бир неча йиллар олдин, Кларкдан мағлуб бўлган даражасидан анчагина юқори. Ундан бу босқичда ҳам ғалаба кутмоқдаман.

Агарда Баҳодир учун барчаси жойида бўлса, ўзини яхши ҳис қилса ва ўз даражасини кўрсата олса, Олимпиада олтин медалини қўлга киритишга шубҳам йўқ. Буни амалга ошириш учун унинг имкониятлари етарли эканлигига ишонаман. Умуман олганда Жалолов ушбу вазн тоифасида ёш ва энг кучли боксчи ҳисобланади. Олимпиададаги натижасидан қатъий назар мен уни келажакда профессионал боксда ҳам жаҳон чемпиони бўлишига ишонаман. Олтин медаль унинг учун нимани англатиши ва бу қанчалик муҳимлигини яхши биламан. Умид қиламанки у ўз мақсдига етишади", - дейди Лоу ДиБелла сайтимизга.

Иккинчи томондан эса финал учун бизга яхши таниш бўлган Қозоғистон вакили Камшибек Конкабаев ва америкалик чарм қўлқоп устаси Ричард Торрес ўзаро жанг олиб боради.

Баҳодир учун ҳар иккала боксчи ҳам нотаниш эмас. 2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати чорак финалида Жалолов Ричард Торресни чуқур нокаутга учратиб, жаҳон бокс оммаси орасида кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.

Камшибек Конкабаев ва Баҳодир Жалолов ўзаро 7 маротаба тўқнаш келган. Улар ўртасидаги энг охирги жанг жорий йилнинг май ойида Осиё чемпионати финал босқичида бўлиб ўтди ва унда ҳамюртимизнинг қўли баланд келди. Ҳозирда ҳисоб 4:3 Жалолов фойдасига. Агарда бу икки боксчи Олимпиада финалида ҳам тўғри келса, бизни кескин ва муросасиз баҳс кутиб турибди.

Жалол Ахмедов тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалоловнинг промоутери Лоу ДиБелла ундан олтин медаль кутмоқда